islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Рамазонни қандай кутиб оламиз?

Отам раҳматли айтишларича, Рамазони каримни кутиб олишнинг энг афзал йўли шуки, у келишидан олдин қилиб юрган ишларингизга бир назар солиш. Қайси бирини тарк қилиш ёки Рамазондан кейинга қолдириш мумкин бўлса, шундай қилинг. Шунда Рамазонни тўлиқ ибодатда ўтказишингизга имкон туғилади.

Шунинг учун ишдан таътилга чиқмоқчи бўлганлар Рамазонда изн ололса, шундай қилсин. Бундай қила олмаган киши вақтларини тартиблаб олиб, ибодатнинг биринчи қисми бўлган айни ўзи ибодат ҳисобланган тоатларга кўпроқ вақт ажратсин. Чунки, бу ибодатнинг шаъни ва даражаси улуғдир. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ибодат, даъват, ғазот, тарбия ва тазкия билан кечган бўлишига қарамай Аллоҳ таоло у зотга нафсини ибодатда чарчашини амр этди:

فَإِذَا فَرَغْتَ فَانصَبْ

“Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), қачон Сиз (кишиларни Ҳақ Йўлига даъват қилишдан ва бошқа дунёвий ҳожатлардан – ишлардан) фориғ бўлсангиз (ўрнингиздан) туринг!”[1].

Ҳа, шайтонга имкон қолдирмаслик керак. Чунки, унга алданмайдиган фақат Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бўладилар. Қолганлар эса, инсон илмий ишлар, халқ хизмати ёки ибодатнинг иккинчи туридан ҳисобланган бошқа диний амаллар билан банд бўлгани билан ўзини оқлаши орқали шайтоннинг алдовига тушиб қолмасин.

Рамазондан кўзланган мақсадни амалга ошириш учун қуйидаги амалларни бажармоқ лозим:

Кўп намоз ўқиш

Намоз мўминнинг меърожи. Аллоҳ буни уларга исро кечасида туҳфа этган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўз қувончлари намозда қилингани унинг шарафи эканига кифоя қилади. Шунингдек, унда намознинг асоси – сажда бор. Сажда банда учун Холиқ билан хос мақомда туришига фурсат беради. Демак, у Холиққа яқинлаштирувчи сабабларнинг энг яқини. Шунинг учун У яқинликни сажда кетидан берди:

وَاسْجُدْ وَاقْتَرِب

“..ва (Ёлғиз) Аллоҳга сажда-ибодат қилиб, (У Зотга) яқин бўлинг!”[2].

Банда ўн бир ой дунё ишларига киришиб кетиб, ўзи билан холиқи ўртасидаги узоқликни бартараф этиб, уни холиқига яқинлаштириш учун таровиҳ намози машруъ қилинди. Унда банда холиқи билан хос мақомда туриши учун қирқта бахтли фурсат топади. Во ажаб, Аллоҳ бизга қурбат учун қирқта фурсат берса-ю, биз эса саккиз ракат кифоя қилиши ва қолгани керакмаслигини айтиб, ундан фойдаланмасак-а?!

Қуръон тиловатини кўпайтириш

Рўза ва намоз ёнида Қуръон тиловат қилишга ҳам алоҳида эътибор кўрсатишимиз лозим. Қандай қилиб бундай қилмайлик?! Ахир Қуръон бу ойда нозил қилинган! Унинг шу ойга боғлиқлиги бор! Зеро, Жибрил алайҳиссалом Рамазоннинг ҳар кечасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашиб, Қуръон дарси қилишарди. Бунга эргашиб, салаф солиҳлар Рамазонда Қуръонга бошқа ойдагидан кўра кўпроқ эътибор қаратишарди. Ривоят қилинишича, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Рамазоннинг ҳар кунида Қуръонни икки марта хатм қилганлар: кундузи бир марта ва кечаси бир марта. Таровиҳ намозидан ҳам бир марта хатм қилганлари билан ҳисобласак, у зот Рамазон ойида олтмиш бир марта Қуръонни хатм қилар экан.

Кўп нафл намоз ўқиш

Рамазонда одатда ўқимайдиган кўпгина нафл намозларни ўқиш осон кечади. Масалан, саҳарликка сал эртароқ турилиб, бемалол таҳажжуд намозини ўқиса бўлади. Шунингдек, бу ойда зуҳо ва аввобийн каби яна бошқа нафлларни ўқиб ҳам барокатланиш имкони туғилади.

Кўп нафл садақалар қилиш

Рамазон ойида закот бериш ёнида кўп-кўп нафл садақалар ҳам беришга эътибор қаратишимиз керак. Чунки, бу ой саховат ва ўзаро ёрдам ойидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида бошқа ойлардагидан кўра ҳам саховатлари ошиб кетарди. Ҳатто эсиб турган шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетардилар[3]. Сўраб келганни ноумид қайтармасдан берардилар, фақирга улашиб, манфаатдан бебаҳра қилмасдилар.

Кўп зикр қилиш

Муборак ойнинг лаҳзаларида кўп зикр қилиб қолиш лозим. Ўтирганда, турганда, ётганда, юрганда, иш асносида, хуллас, ҳар вақт тилимиз тасбеҳ, ҳамд, истиғфор ва саловат каби зикрлар билан ҳўлланиши керак.

Кўп дуо қилиш

Рамазон хайр ва барака ойи. Унда қабул ва ижобат шамоли эсиб юради, раҳмат ва мағфират ёмғирлари ёғиб туради. Беҳожат Подшоҳ истиғфор айтувчи борми, мағфират қиламан, сўровчи борми, бераман, дея нидо қилади. Лекин, бечора банда ғафлатда мудраган ва ухлаган бўлади. Мавлоингиздан кечаю-кундуз, эртаю-кеч сўраб олинглар, сизларга саховати ва карамидан оқизиб қўяди, гуноҳларингизни кечиради, қанча кўп бўлса ҳам ҳожатларингизни раво қилади. Сўраганларингизни беришида шубҳа йўқ. Буни Аллоҳнинг Ўзи айтаётган бўлса. Бунга жавоб ўлароқ сиз лаббай, десангиз-у, сўрасангиз, энди У бермаслиги мумкинми?!

Шайхим ва муршидим шайх Орифий мана шуларни қаттиқ таъкидлардилар. Асрдан кейин масжидда қолиб, бироз тиловат қилиб, тасбеҳ айтардилар. Кейин эса қуёш ботиб, ифторлик вақти бўлгунча дуо қилиб Аллоҳдан сўрардилар. Келинг, биз ҳам дуо ва сўрашга юзланайлик. Ўзимиз, яқинларимиз, умматимиз ва юртимиз учун Аллоҳга ёлворайлик.

Шайх Муҳаммад Тақий Усмонийнинг

асар ва мақолалари асосида

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари”

кафедраси катта ўқитувчиси А.Ғиёсов

[1] Шарҳ сураси 7-оят.

[2] Алақ сураси 19-оят.

[3] “Саҳиҳ Бухорий”нинг “Бадъул ваҳй боби”да 6-ҳадисда Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг сахийи эдилар. Рамазонда Жибрил алайҳиссалом келганида бўладиганидан ҳам сахийроқ бўлиб кетардилар. У Рамазоннинг ҳар кечасида келиб, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Қуръонни дарс қилишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эсувчи шамолдан ҳам яхшилик ила саховат кўрсатувчидирлар”.

358890cookie-checkРамазонни қандай кутиб оламиз?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: