“Сифатли таълим”. Шу икки сўздан иборат чиройли жумла анча йиллар давомида илдиз отиб кетишига йўл қўйилган катта бир камчиликлар, хатолар, беэътиборликлар, сансаларликлар ва шу каби иллатларни ўз ичига олган улкан бир муаммога айланишигача бориб етиб улгурди, афсус. Ана энди, ҳамма ечимни топиш пайида ва ҳаракатида. Муаммо аслида нимада? Ечим нимада? Ожизона фикр-мулоҳазаларимизни билдирсак.
Мувозанатни ушлаш учун тарознинг икки палласи бўлгани каби бу ерда ҳам шунинг мисолини кўраяпмиз. Тарознинг биринчи палласи – оила.
Мавжуд муаммоларни имкон қадар рақамлаб ҳамда уларга таклиф тариқасида баъзи ечимларни кўриб чиқсак:
1. Фарзанд дунёга келадиган оиланинг руҳий-маънавий ҳолати.
Кўчат ёки бирор экин экилишидан аввал ерга яхшилаб ишлов берилади, мўлу кўл ҳосил олиш учун барча зарур чора-тадбирлар кўрилади. Худди шу каби барча иш ўзига яраша тадорикни талаб этганидек бутун бир инсоннинг “тўғри” яшаб ўтиши учун барча чоралар кўрилиши керак. Бунинг дебочаси, албатта, ўзининг раҳмида фарзандини тўққиз ой кўтариб юрадиган онанинг руҳий, маънавий, жисмоний, қўйингки, “ипидан-игнасигача” дегандек ҳолатига боғлиқ. Бунинг чўққисида онанинг дину диёнати туради. Шунингдек, ақли, фаҳму фаросати, соғлом турмуш тарзи кабилар эгаллайди. Чунки фарзанд асосий пойдеворнинг биринчи қатор ғиштини ўзи билан онадан олиб тушади.
Фарзанд дунёга келганидан сўнг эса у пайдо бўлган муҳит ҳар томонлама тўғри руҳий, маънавий, жисмоний ва соғлом турмуш тарзи билан тўйинган бўлиши лозим. Гўдак балоғатга етгунга қадар унга ота-онасининг нима беришга улгуриши жуда муҳим. Чунки ана шу пойдеворнинг иккинчи қават ғишти бўлади. Ҳар бир ота-она фарзанди энг, энглардан бўлишини истайди ва унга ўзининг дунёқарашидан келиб чиқиб ўзидаги борини “Фарзандим шу нарсаларни билиши керак” деган нарсасинигина беради одатда ва оқибатида натижа доим ҳам кутилганидек бўлавермайди.
Фарзандга бериладиган назарий билимни ва қуруқ гапни ота-она фарзандидан кутаётган натижани ўзининг мисолида ҳар томонлама яшаб кўрсата билиши билан қиёслаб бўлмайди. Энг мукаммал тарбия тимсоли ота-онанинг ўзи ҳисобланади.
2. Фарзанднинг мулк эмас, шахс эканлигини англаниши.
Аллоҳ таоло фарзандни инсонларга мулк қилиб эмас, балки неъмат қилиб беради. Гўдак ҳам Аллоҳнинг кичик бир бандаси ҳисобланади, у ҳам шахс.
Одатда оилаларда фарзандга мулк сифатида муносабатда бўлинади, яъни ҳамма нарса у учун катталар томонидан ҳал қилинади. Ана шу келажакда катта талофатга олиб келади, чунки ўзини шахс сифатида танимаган инсондан келажакда нимани кутиш мумкин? Бундай ўзига нисбатан масъулияти бўлмаган инсонда оиласига нисбатан масъулият қай даражада бўлади деб ўйлайсиз?
Тўғри, ота-она тарбия қилади фарзандни, лекин ҳар ишнинг ўз меъёри бор, ота-она тўғри йўналтирувчи вазифасини бажаради. Агар бошидан тарбия тўғри бошланган бўлса, албатта фарзанд ота-онаси кутгандек тўғри танловни қилади. Чунки у сизнинг фарзандингиз, қилган танловидан сиз ўзингиз йўл қўйган хатони англашингиз мумкин. Ўрни келганида фарзандга, албатта танлаш ҳуқуқини бериш керак, гўдаклигида дўконда қайси ўйинчоқни танлашидан тортиб, катта бўлганида қайси касбни эгаллашни исташи борасида ва ҳоказо.
Яшира олмаймиз, хонадонларимизда шу камчилик ҳануз кузатилади, оқибатида қирқ-элликка чиққан катта ёшликлар ҳам кекса ота ёки онасига суянади, орқа қилади, энг ачинарлиси кексалик гаштини суриши керак бўлган бир даврда моддий таъминот ҳам уларнинг зиммасида қолиб кетаяпти. Кекса ота ёки онанинг нафақа пулини ҳамма кутади.
“Ола-хуржун бўйнига тушди” деган иборани фақат турмуш қурганида эмас, балки ундан анча аввал англашига эришилиши керак. Бу ибора фақат моддий таъминлаш эмас, балки масъулиятни ҳар бир шахс ўзининг ёшига яраша ҳис қилиши кераклигини англатади, назаримизда.
3. “Мустақил таълим олиш” пойдеворини қўйиш.
Ҳозирги кунда бонг урилаётган масалалардан бири – мустақил таълим олишни ривожлантириш. Бу муаммо ҳам илк даврда қўйилиши керак бўлган пойдеворга бориб тақалади. Бу иккинчи рақамдаги муаммога чамбарчас боғлиқ.
Мустақил таълим йўргакдан бошланади аслида, яъни биргина мисол келтирадиган бўлсак, чақалоқнинг илк кўникмаларидан бўлган – ётган жойида тўнтарилишига у ўзи ҳаракат қилишига эришиш керак. Она гўдакка ёрдам бераётганини билдирмаган ҳолда суғурталаб туради, холос. Сўрғичини олиб ўзи оғзига солиши, ўйинчоқларга қўл узатиб ўзи олишга ҳаракат қилиши, қошиқни ушлашга ҳаракат қилиши ва ҳоказолар. Мустақил таълим ана шундан бошланади.
Авваламбор, бола ўзини шахс сифатида англаши ва ёшига яраша кўникмаларга мустақил равишда эришишишга ўргатилиши муҳим. Албатта, бунда ота-онанинг ўрни беқиёс. Энг муҳим омил – бунинг учун ота-она туб маънода фарзандининг ҳаётида, ҳар кунининг йигирма тўрт соатида унинг ҳаётида гўзал намуна ва йўналтирувчи вазифасида бирга яшаши керак. Кутилган натижага эришиш учун ҳеч бир сониясини йўқотмаслик лозим.
Тўғри қўйилган пойдевор натижаси ўлароқ, тўғри мақсадга йўналтирилган мустақиллик кўникмаси фарзандда эришмоқчи бўлган ҳар бир мақсади йўлида масъулиятни ҳис қилишни, ота-онаси ва атрофидагиларни рози қилиш учун эмас, балки ўзининг мақсади учун ҳаракат қилишни тарбиялайди.
4. Фарзанднинг руҳий-маънавий тарбияси.
Аслида, руҳий-маънавий тарбия биринчи рақамли вазифа саналади. Юқорида санаб ўтилганлари ана шу тарбия учун пойдевор бўлади, яъни ҳар бир инсон ўзини Аллоҳ таолонинг мукаррам бандаларидан бири, алоҳида бир тўлақонли шахс эканлигини ҳис қилса, берилаётган тарбияни онгги англаган ҳолда олади, деб фикр қилдик.
Ҳар бир инсон соф фитратда, Ислом динида мусулмон ҳолида дунёга келади. Ота-онанинг вазифаси ана шу софликни сақлаб қолиш ҳисобланади. Бу масалада Қуръони карим оятларидан ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан кўплаб таълим олишимиз мумкин. Бундай руҳда тарбия қилинган инсон ҳар бир қадамини ўйлаб, ўлчовлардан чиқмаган ҳолда қўяди ва натижа кутилганидан ҳам аъло бўлади.
5. Фарзанднинг камоли йўлида моддий таъминот зарурати.
Юқорида санаб ўтилган масалалар баробарида фарзанднинг моддий таъминоти ҳам туради. “Биз ҳам яшаганмиз шу нарсаларсиз, кам бўлмадик.” Катталарнинг мана шу каби гаплари катта хато. Фарзандингиз сизнинг эмас, ўзининг замонида дунёга келди. Ривожланиш шиддатли тарзда ўсаяпти ҳозир. Технология ва моддий таъминот изчил ўзгариб бораяпти. Уни сизнинг даврингиз ўлчовлари билан яшашга маҳкум қилманг.
Фарзанд ўзини мукаммал тўлақонли инсон деб ўзини ҳис қилиши учун гўдаклигидан тортиб ҳаётининг ҳар бир даврини тўла-тўкис яшаб ўтиши керак. Ўйинчоқ ўйнайдиган даврда турли рангли ўйинчоқлари, боғча ва мактабга боришни бошлаганида рангли қаламлари ва китоблари, юқори синфларда ўқиганида керак бўлган бошқа ўқув қуролларига эга бўлиши муҳим. Чунки булар унинг даврининг ҳос қуроллари, яъни “аксессуарлари” ҳисобланади. Бу фарзанд ўша даврни тўла тўкис ҳис қилиб яшаб ўтиши учун муҳим.
“Фалон пул туриши-чи бу нарсаларнинг”, “Рўзғорни қилайми ёки бу нарсаларни олиб берайми? Қай бирига етказай?” дейишингиз тайин. Ечимига ота-она ўзининг моддий ҳолатидан келиб чиқиб ёндашиши керак бўлади. Ана шу ҳолат кимдир учун юз сўм бўлса, кимдир учун бир миллион ва ҳоказо. Бу ерда тўғри ёндашув керак. Фарзанд гўдаклигида моддият нималигини билмайди. Оддий нарсалар билан ҳам уни бахтиёр ҳис қилдириш мумкин. Ваҳоланки, тўғри тарбия қилинган фарзандларда баъзи хонадонларда кузатиладиган “Буниси бўлмайди, анавинисини олиб беринг” каби хархашалар кузатилмайди. Шундай бўлган тақдирда эса, бу ўзингиз қилган хатонинг натижаси, деб қабул қилинг.
6. Ташқи таълимни тўғри танлай билиш.
Қуш уясидан полапонларини учирма қилгани каби ота-она ҳам фарзанди тўлақонли таълим олиши учун уни болалар боғчасидан тортиб бошқа таълим муассасаларига юборади. Чунки инсон жамиятда таълим олиши муҳим. Тўғри тарбия пойдеворини қўя олган ота-она ҳеч ҳайиқмасдан фарзандини учирма қилади, уни ишониб жамиятга қўшади. Албатта, ота-она фарзандининг таълим олишини юқоридаги меъёрларга риоя қилган ҳолда ҳамда устозлари билан ҳамжиҳат бўлиб ўз назоратида ушлайди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, фарзанднинг ўқув муассасаларида таълим олиши тарознинг иккинчи палласи бўлиб, бу яна бир мақола қилишга ундайдиган масала деб ўйлаймиз.
ТИИ “Тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси
С. Валиева