“Эй, Бағдод аҳли, мен тирик эканман Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга бирор киши ёлғон тўқишини ҳаёлингизга ҳам келтирманг”.
Мана шундай жасорат соҳиби, Абулҳасан Али ибн Умар ибн Аҳмад ибн Маҳдий ибн Масъуд ибн Нўъмон Бағдодий Дорақутний ҳижрий 306 йил, Зулқаъда ойининг бешинчисида Бағдод шаҳрининг машҳур «Дорул қутн» маҳалласида туғилганлар.
У зотнинг оилалари ҳақида бирор бир манбада тўлиқ маълумот берилмаган. Лекин отаси Умар ибн Аҳмад ибн Маҳдий Бағдодий ҳақида «Дорал-қутн» қишлоғининг илмли кишиларидан бири бўлганлиги, шу билан бирга Дорақутнийнинг қироъат шайхларидан бири эканлиги ривоятлар ва манбаларда кўрсатилган. Шунингдек, у ҳадис илмидан биринчи сабоқларини ҳам оталаридан олган. Зеро, Имом Дорақутний ўзинин “Сунан”ида бир неча ҳадисларни оталаридан ривоят қилган.
Имом Дорақутний эътиқод борасида салафи солиҳларга эргашган ва бидъатчиларнинг бидъатларидан ўзоқда бўлганлар. Бу нарса у зотнинг китоблари ва у кишидан ҳадис ҳамда унинг илми борасида ривоят қилинган сўзларида билиниб туради. Абулҳасан Дорақутний ақидани ўз масдари, яъни Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан олганлар.
Имом Дорақутний ақида борасида бир неча китоблар ёзганлар. Жумладан “Китоб аҳодису сифот”, Китоб нузул”, “Китоб руъя” каби китобларини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Мазкур китобларда муаллиф ақидавий масалаларни салафларнинг йўлларига мос тарзда баён қилганлар.
Имом Дорақутний ёшлигидан ўзининг зийраклиги ва зеҳнининг ўткирлилиги ва ўта кучли фаҳми билан ном қозонганлар. Ҳатто у зот ҳақида айтилган баъзи ривоятларда ақли ва заковати инсонларни ҳайрон қолдирадиган даражада ўткир эканлиги таъкидланган.
Шу ўринда Имом Дорақутний ўта камтар, тақводор, илмни фақат эзгулик йўлида эгаллаган ва тарқатган олимлардан бири бўлганлигини айтиб ўтишимиз лозим. Шогирдларини орасида улардан ўзини айри ҳолда тутмай, балки уларнинг биридай камтарин ҳолда юрар эдилар. У зотнинг тавозу ва камтарликларига яна бир ёрқин мисол қилиб Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Сурийни ривоятини келтирамиз.
“Менга Абдулғани ибн Саийд айтиб берди: “Мен муъталаф ва мухталаф номли китобимни ёзишни бошлаганимда олдимга Абулҳасан Дорақутний келди. У зотдан жуда кўп нарсаларни ўрганиб китобимга қайд қилдим. Китобни ёзиб битирганимдан сўнг мендан уни ўқиб беришни сўрадилар. Мен “Бу китобни аксар қисмини сиздан ўргандим-ку”, деб айтдим. Шунда у зот,, йўқ, ундай эмас, чунки мендан сўраганларинг тарқоқ ҳолатда эди, сен эса уни жамладинг ва яхлид бир китоб ҳолатига келтирдинг, бундан ташқари бу китобда сен ўз шайхларингдан олган кўп илмлар бор”, дедилар. Сўнг мен унга китобни ўқиб бердим”.
Абулҳасан Дорақутний юқорида таъкидлаб ўтганимиздек ҳижрий IV асрда яшаб ижод қилганлар. Бу вақтлар эса мусулмонлар ҳаётида жуда кўп машаққатлар пайдо бўлган давр ҳисобаланади.
Дорақутний яшаган аср бир қитъадан иккинчи қитъага, бир шаҳардан бошқа бир шаҳарга илм талаб қилиб уюштирилган сафарларнинг кўплиги билан ҳам ажралиб туради. Шунингдек, бу давр исломий диёрлардан етишиб чиққан олимларнинг кўплиги ва ҳадис ҳофизларининг сон-саноқсизлиги билан ҳам ўзига хос ўрин тутади.
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, Абулҳасан Дорақутний яшаган давр гарчи сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан нотинч ва беқарор бўлган бўлсада, бу нарса исломий ва шаръий илмларнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсата олмаган. Аксинча, айнан шу нарсанинг ўзи баъзида кишиларни илм олишга ундаган.
Тошкент ислом институти талабаси М.Жўрабоева