Ҳилол ибн Яҳё Басрий. Абу Бакр Ҳилол ибн Яҳё ибн Муслим Басрий Ҳанафий илмли ва қиёсдан кўпроқ далил олгани учун “Ар-Рай” деб лақабланган. Баъзи тарожим китобларида “Ҳилол Розий” деб нотўғри ёзилган. Ҳилол ибн Яҳё рай илми кенг ва шартларини яхши биладиган уламо бўлган. Ҳилол Рай имом Абу Юсуф ва имом Зуфарлардан таълим олади. Абу Авона, Ибн Маҳдийлардан ҳадис эшитган. Ундан Бакор ибн Қутайба, Абдуллоҳ ибн Қаҳтоба, Ҳасан ибн Аҳмадлар таълим олган. Аллома кўплаб асарлар ёзган. Жумладан, “Аҳкаму-л-вақф”, “Тафсиру-л-Қуръон”, “Аш-Шурут”, “Ал-Ҳудуд”, “Ал-Васоя”, “Ал-Муҳаваро” сингари асарлардан иборат. Ҳилол Рай 245/859 йил вафот қилади.
Иброҳим ибн Жарроҳ Куфий. Қози Иброҳим ибн Жарроҳ Куфий имом Абу Юусуфдан ҳадис тинглайди ҳамда фиқҳ илмини таълим олади. Шунингдек, “Ал-Амолий” китобини ёзиб олади. Алломадан Али ибн Жаъд ва бошқалар ҳадис ривоят қилган. У имом Абу Юсуфдан охирги ривоят қилган киши ҳисобланади. Бу ҳақида қуйидагиларни айтган: “Имом Абу Юсуф касал бўлганда уни кўргани келдим. У бехуш ётган экан, ўзига келганда менга: “Эй Иброҳим! Ҳаж ибодатини адо қилаётган кишининг тошни уловга миниб отгани афзалми ёки пиёда юриб отгани афзалми?”, деб сўради”. Мен унга: “Пиёда юриб отгани ”, дедим. У: “Хато айтдинг”, деди. “Уловга миниб”, десам ҳам “хато айтдинг ”, деди. Шундан сўнг: “Агар дуо қилиш учун тўхтайдиган бўлса пиёда юриб отгани афзал. Аксинча дуо қилиш учун тўхтамайдиган бўлса уловга миниб отгани афзал”, деди. Сўнгра унинг олдидан чиқиб эшикка борар бормасимдан уй ичидан йиғи товушини эшитдим. Шундан билдимки, Имом вафот этган экан”. Аллома 217 йил муҳаррам (832 йил фебрал) ойи Мисрда вафот қилади.
Муҳаммад ибн Шижаъ Салжий. Муҳаммад ибн Шижаъ Салжий Бағдодий Ҳанафий 181/797 йил Рамазон ойида туғилган. У ибн Салжий куняси билан танилган. Бу куня Салж ибн Амр ибн Молик ибн Абдуманофга нисбатдир. Баъзилар ўйлаганидек қор сотишга нисбат эмас. Ўз замонасида Ироқ фақиҳларидан бўлган. Шунингдек, фиқҳ, ҳадис ва қироатда пешқадам уламолардан бўлган. Аллома Ҳасан ибн Зиёд Луълуий, Абу Моликлардан таълим олган ва Яҳё ибн Одам ва Исмоил ибн Алия, Муҳаммад ибн Умар Воқидий, Абу Усомалардан ҳадис ривоят қилган.
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ҳеравий: “Абу Абдуллоҳ ибн Шижаъ Салжийнинг “181 йил 23 Рамазон ойида туғилдим” деганини эшитдим”, деган. Ундан Яъқуб ибн Шайба, Муҳаммад ибн Аҳмадлар ҳадис ривоят қилган. Аллома 266/880 йил 4 Зул ҳижжа ойида тўсаттан аср намозида, сажда қилган ҳолатда жон таслим қилади.
Асарлари, “Ал-Маносик”. “Сияр ал- Аълам” китобида олтмиш неча жузлигини айтган. “Ар- Родду ъалал-мушаббиҳа”. Айний “Ан-Ниҳоя” китобида зикр қилган, “Тасҳиҳул- осор”, “Ан- Наводир”, “Ал- Музораба” кабилардан иборат.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари
кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев