islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Мужтаҳид имом, муфассир ва муаррихлар шайхи

Имом Жарир ат-Табарий

Улуғ имом ва мужтаҳид олим, кўпгина машҳур таснифотлар соҳиби Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Язид ибн Касир ибн Ғолиб ат-Табарий раҳимаҳуллоҳ мелодий 839, ҳижрий 224 йилда Табаристонда туғилган. Ёшликларидан бу илоҳий илмга муҳаббат қўйган олим ўн икки ёшларида ўз юртини тарк этиб кўпгина шаҳарларни кезиб илм излади. Миср, Шом, Ироқ шаҳарларида бўлди. Сўнгра, Бағдодда қолиб таълим оладилар, бир қанча шогирдларни етиштириб, уларга устозлик қиладилар. Умрларининг охиригача шу ерда истиқомат қиладилар.

Имом Табарий раҳматуллоҳи алайҳ эрталаб илмий фаолиятини бошлаб, асргача таълиф ва тасниф ишлари билан машғул бўларди. Аср намозини ўқиш учун масжидга борарди. Асрдан шомгача талабаларга дарс берар, китобларини ё ўзи ёки талабаларидан бирига ўқитар эди. Шомдан кейин фиқҳий масалалар муҳокама қилинадиган дарс халқасини йиғарди. Хуфтондан кейин уйига қайтиб, таълиф ишларини кечаси билан давом эттирарди.

Имом Табарий: Мужтаҳид имом, тафсирда ҳам имом, муаррихлар шайхи, муҳаддис ва бошқа барча илмларда мўътабар олим бўлган. У кишининг ёзган китоблари :

  • Жомеъул баён фи тафсирил Қуръон.
  • Китобут тарих.
  • Китобул қироот.
  • Вал-адад ват-танзил.
  • Китоб ихтилофил уламо.
  • Тарихур рижол минассаҳобати ваттобеин.
  • Китоб аҳкоми шароиилислом.

        Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ ўз асрининг бирор киши тенг кела олмайдиган илм соҳиби эдилар. У киши тафсир, ҳадис, фиқҳ, тарих ва бир қанча илмларнинг билимдони эдилар. Ва ҳам ҳофизу Каломуллоҳ эдилар. Қуръон оятларининг маъноларини дақиқ жойларигача тушунган, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини билувчи, унинг соғлом ва заифи, носих ва мансухини  ажратувчи олим эдилар. Бундан ташқари саҳобалар ва тобеъинлардан ва улардан кейинги уламолардан эшитилган ривоятларни ва улар ўртасидаги ҳукмлардаги мухолифларни ҳам билувчи киши эдилар. Абул Аббос ибн Сариж раҳимаҳуллоҳ айтадилар :

محمدُ بنُ جريرٍ فقِيهُ عالِمُ

Маъноси: «Муҳаммад ибни Жарир фақиҳ олимдир». Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ тафсир илмида   «Тафсир илмининг отаси» деган номга сазовор бўлганлар. Ҳудди шунингдек, тарих илмида ҳам ушбу буюк номнинг эгасидир.

Имом Табарий раҳимаҳуллоҳнинг шариатда ўзлари асос солган маъруф мазҳаблари мавжуд бўлган . Ибни Халкон раҳимаҳуллоҳ айтадилар :

إنَّه كان مِن الأئِمَّةِ المُجتَهِدين لمْ يُقَلِّدْ أحداً.

Маъноси: «Муҳаммад ибн Жарир бирор кишига тақлид қилмаган мужтаҳид олимлрдан эди». Ва у кишининг шогирдлари бу мазҳабни Жаририя мазҳаби деб атаганлар. Лекин бу мазҳаб бошқа мазҳаблардек бизгача етиб келмаган. Имом Табарий мужтаҳид олим даражасига етгунларига қадар Шофеъий мазҳабида бўлганлар. Ибн Субкий раҳимаҳуллоҳ  «Ат-табақотул кубро» китобида айтадилар:

قال ابنُ جريرٍ  أظْهَرتُ فِقهَ الشّافِعىِّ، و أفْتَيْتُ به بِبَغدادَ عَشَرَ سِنِينَ

Маъноси: «Ибни Жарирнинг ўзлари мен Шофеъийнинг фиқҳини танладим ва у билан Бағдодда ўн йил фатво бердим, дейди». Суютий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

و كان أوَّلاً  شافِعيِّاً، ثُمَّ انْفَرَد بمَذهَبٍ مُستَقِلٍّ، و أقاوِيلَ واخْتِياراتٍ، وله أتْباعُ ومُقلِّدون   

Маънос: “Ибни Жарир аввал Шофеъий мазҳабида эди, кейин ўзи мустақил мазҳаб ва ихтиёрий қавллар билан ажралиб чиқди, унинг мазҳабининг ўз атбоълари  ва тақлид қилувчиари бордир”.

Исломнинг машҳур муаррих, муҳаддис, муфассир ва мужтаҳиди Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Табарий розияллоҳу анҳу мелодий 923, ҳижрий 310 йилда Боғдодда вафот етадилар ва шу ерга дафн қилинадилар.

Имом Табарийнинг қабрлари Боғдоднинг Аъзамия ҳудудидаги Раҳбий истироҳат боғининг ичида жойлашган.

Тошкент ислом институти талабаси

Охунов Зуҳриддин

364980cookie-checkМужтаҳид имом, муфассир ва муаррихлар шайхи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: