islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ИЛМ-ИККИ ДУНЁ САOДАТИДИР

Ислом дини илм-у маърифатга тарғиб қилувчи диндир. Маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган дастлабки оят ҳам “Ўқи” деган калима билан бошланган. Ислом илм-маърифат дини эканлиги ўз-ўзидан аёндир.  Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни илм туфайли барча фаришталардан афзал қилиб, илмли кишиларнинг мартабаси ҳам юксак даражага кўтаришни Қуръони каримда баён қилган. Илм ва ҳунарнинг барчаси ҳам Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган ҳикмат, бу ҳақида Қуръони Каримда. У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (фойдали илм) беради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларнинг бирида: Олимлар Пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ёки дирҳам мерос қолдирмаганлар, балки илмни мерос қилиб қолдирганлар, деб марҳамат қилганлар. (Имом Абу Довуд ва Термизий ривояти). Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай деганлар:

“Сулаймон ибн Довуд алайҳиссаломга илм, мол-дунё ва подшоликдан бирортасини танлашлик имконияти берилганда, У зот илм танладилар.  Натижада, Аллоҳ таоло у зотга илм билан бирга мол-дунё ва подшоликни ҳам қўшиб берди”. Илмли кишининг йўли доимо чароғон бўлиб, у ҳамма ерда ҳам қадирланади. Зеро илм ақл чироғи дейдилар. Бу диннинг қоим туриши ҳам олимларнинг илмига боғлиқ эканлиги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида баён этилган. Яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошқа бир қанча ҳадисларида ҳам илм ўрганиш ҳар биримизга, ҳоҳ диний бўлсин, ҳоҳ дунёвий илм фарз эканлиги ҳақида марҳамат қилганлар.

Айни кунларда фарзандларимиз юртимиздаги юзлаб мактаб ва бошқа ўқув юртларини белгиланган ўқиш даврини тугатиб, мустақил ҳаёт чегарасида турибдилар. Уларга касб танлашда, илм олиш бўйича тўғри тавсия ва кўрсатмалар бериш, ҳар бир ота-она ва яқинларнинг бурчидир. Зеро, фарзандларнинг дунё ва охират учун зарур бўлган ўз халқига ва юртига манфаати тегадиган касб танлаш ҳам жуда муҳимдир. Аллоҳ таоло инсонларга беҳисоб неъматларни берган, уларнинг ҳаммаси хам бир-биридан қадрли ва фазилатлидир. Мана шу неъматларнинг ичида доимо ўзимиз билан бирга бўладиганларининг баъзисини эслатиб ўтмоқчимиз. Аввало ҳар бир мўъмин-мусулмон учун энг қадрли бўлган неъмат иймон ва илм неъматидир. Бу иккала неъмат мужассам бўлган тақдирда рўёбга чикадиган энг улуғ неъмат Аллоҳга қуллигини изҳор қилишга сабаб бўлган ибодатдир. Сўнгра кўриш, эшитиш, гапириш, сезиш, тафаккур, ақл, фаросат, қўл, оёқ ва бошқалар. Бу неъматларнинг саноғига етиб бўлмайди. Бу тўғрисида Аллоҳ таоло каломи шарифида қуйидагича марҳамат қилган:

«Агар сизлар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, хисобига  етолмайсизлар» (Иброҳим сураси, 34-оят).

Сон-саноқсиз неъматлар ичида инсониятнинг бошқа махлуқотлардан ажралиб, юқори мартабаларда туришига сабаб бўладиган хусусиятларидан бири, шубҳасиз, унинг илм соҳиби бўлишидир. Чунки илм рағбат қилинган нарсаларнинг энг шарафлиси, орзу этилишдан ташқари, қўлга киритиши учун жидду жаҳд қилишга ундалган нарсаларнинг энг устуни ва эришилган нарсаларнинг энг фойдаси кўпроғидир. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ ҳар бир илмнинг ўзига яраша фазилати борлигини баён этиб шундай дейдилар: «Қуръонни ўрганган кимсанинг қиймати юксалур, фиқҳни ўрганган кимсанинг кадри олий, ҳадис жамлаганнинг хужжати қувватли, ҳисоб ўрганган кишининг фикри гўзал, луғат ўрганган кишининг табиати дақиқ бўлур. Нафсининг ёмонликларидан ҳечам тийилмаган кимсанинг илми унга фойда бермас». Илм ёшликда соҳибига истиқомат йўлини кўрсатади. Улғайганда эса уни халқнинг пешвосига айлантиради. Яна илм ботил ва фосид амалларни тузатиб, ислоҳ қилади, душман ва ҳасадчиларни мағлуб этади, эгри ва янглиш ишларни тўғирлайди, орзу-мақсадларни рўёбга чиқаради. Шунинг учун ҳам илм фазилат ҳисобланади, уни кадрламаган шахс мутлақо жоҳилдир. Жоҳиллар илмнинг фазилатини ўлчайдиган манбага эга бўлмаганидан илмнинг фазилатини англамайдилар ва илм ахлини ҳақир санайдилар, нафслари майл этган тотсиз моллар ва жозибали овозлар билан машғул бўлиб, жаҳолат ботқоғига янада чуқурроқ чўкиб, ботиб бораверадилар. Аллоҳ таоло Бақара сурасида инсонни ер юзида халифа ўринбосар қилиб танлагани ва уни илм неъмати билан сийлаб, фаришталардан ҳам фазилатли этгани ҳақида хабар берди:

«Ва У Зот Одамга барча нарсаларнинг исмларини ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга рўпара қилиб деди: «Агар (халифаликка биз ҳақдормиз, деган) сўзларинг рост бўлса, мана бу нарсаларнинг исмларини Менга билдиринглар!» Улар айтдилар: «Эй пок Парвардигор, биз фақат Сен билдирган нарсаларнигина биламиз. Албатта Сен ўзинг илму ҳикмат соҳибисан» (Бақара сураси, 31–32-оятлар).

Илмнинг фазилати ва шарафини баён этувчи оятлар, ҳадиси шарифлар ва ҳикматли сўзлару ҳикоялар ниҳоятда кўп.

«Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди.  Фаришталар ва илм эгалари ҳам.» (Оли Имрон сураси, 18-оят).

Демак, Аллоҳ таоло ўзидан бошқа ибодатга сазовор илоҳ йўқлигига аввало Ўзи, сўнгра муқарраб бандалари бўлган фаришталар, сўнгра бевосита илм эгалари бўлган олимлар гувоҳлик бериптилар.

Илмнинг фазилатининг нечоғлик юксаклигини ояти карималар орқали билиб олдик. Шундай бўлсада, Расуллуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу ҳақдаги ҳадиси шарифлари билан ҳам танишиб чиқиш биз учун улкан шарафдир.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ ва бизнинг ўртамиздаги улуғ бир воситачи, олий мақом шориҳ, устоздирлар. У кишининг расуллиги ва пайғамбарлиги ҳам шунда. Илмсизликнинг оқибатлари тубсиз жарлик билан белгиланади, чунки илм олишнинг камайиб кетиши, жаҳолатнинг кучайшлиги, хамр ичишинг авж олиши, зинонинг кўпайиши қиёмат аломатларидан. Оламнинг интизоми ҳам илмсизлик, ақлсизлик  туфайли хароб бўлади (Саҳиҳул Бухорий).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: «Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир» (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа).

Маълумки, пайғамбарликдан улуғроқ мартаба йўқ, шунинг учун уламоларга, пайғамбарларга меросхўр бўлиш шарафдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Олим учун еру осмондаги барча жонзотлар, ҳатто денгиздаги балиқлар ҳам истиғфор айтади» (Абу Довуд).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар: «Пайғамбарлик даражасига энг яқин инсонлар аҳли илмлардир. Чунки улар инсонларни Аллоҳнинг расули келтирган нарсаларга бошлайди» (Абу Наъим).

Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Бир олимнинг ўлимидан кўра, бир қабиланинг ўлими енгилроқдир» (Табароний).

Абу Умома ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Олимнинг обиддан устунлиги менинг сизларнинг энг паст даражангиздан устинлигим кабидир» (Имом Термизий).

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бадр кечасидаги тўлин ой юлдузлардан қандай фазилатли бўлса, олим ҳам обиддан шундай фазилатлидир» (Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Ҳиббон).

Тошкент Ислом институти

4-босқич талабаси Сагидуллаев Зарафатдин

366650cookie-checkИЛМ-ИККИ ДУНЁ САOДАТИДИР

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: