islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Имом Алоуддин Ҳаскафийнинг ҳаёти ва илмий фаолияти

Ҳанафий мазҳабининг машҳур фақиҳларидан бири Имом Ҳаскафий роҳимаҳуллоҳнинг тўлиқ исмлари Алоуддин Муҳаммад ибн Алий ибн Муҳаммад ибн Алий ибн Абдурроҳман ибн Муҳаммад ибн Жамолиддин ибн Ҳасан ибн Зайнил Обидийн ал-Ҳисний ад-Димашқий ал-Ҳанафийдир. У зот Ҳаскафий нисбаси билан танилганлар. Аллома 1025-ҳижрий (1616-милодий) йилда Дамашқда таваллуд топган ва айни шу ердаги илмий муҳитда тарбия топган. Баъзи манбаларда олимнинг таваллуд санаси 1021-ҳижрий йил деб ҳам келтирилган. Асл ота-боболари ҳозирги Туркиянинг Диёрбакр ҳудудидаги “Ҳисни Кайфа”, яъни Кайфа қалъасидан бўлгани учун ҳам алломага “ал-Ҳаскафий” нисбаси берилган. Шунингдек, баъзи манбаларда “ал-Ҳисний” тарзида қисқартириб нисба берилганини ҳам кўриш мумкин. Кайфа қалъаси Ибн Умар ороли (ҳозирги Жезире-Бутан шаҳри) ва Майяфариқийн (ҳозирги Силван) шаҳри оралиғида жойлашган бўлган. Бу шаҳар ҳозир ҳам мавжуд ва Ҳасанкейф деб номланади.

Шуни эслатиш жоизки, алломани бошқа бир олим Яҳё ибн Салома ал-Хатиб ал-Ҳаскафий (459-ҳиж./1067-мил.-551-ҳиж./1156-мил.) билан адаштирмаслик керак. Яҳё ал-Ҳаскафий адиблиги билан кўпроқ танилган бўлиб, шофеъий мазҳабининг олимларидан бири ҳисобланади.

Аллома Алоуддин Ҳаскафийнинг асл исмлари Муҳаммад бўлиб, замондошларининг эъзози белгиси сифатида “Алоуддин” (“Диннинг олийлиги”) унвони билан танилган. Қолаверса, аллома фақат фиқҳ илмидагина эмас, балки бошқа илмларда ҳам моҳир бўлган. Хусусан, у зот муҳаддис, усулул фиқҳ ва наҳв илмлари олими ҳам бўлган.

    Аллома ҳали жуда ёшлик чоғиданоқ отаси Шайх Алийдан таҳсил олади, кейинроқ эса Дамашқнинг ўша пайтдаги хатиби Имом ал-Маҳосиний роҳимаҳуллоҳ ҳузурида бир муддат таълим олади.  Имом Маҳосиний ўз шогирдини жуда яхши кўрар, ҳатто бироз муддат ўтиб уни”Саҳиҳул Бухорий”дан талабаларга ўтилган дарсларни такрорлаб берувчи ёрдамчи устоз қилиб олади. 1062-ҳижрий йилда эса Имом Маҳосиний Имом Алоуддин Ҳаскафийга умумий ижоза беради. Шундан сўнг аллома Рамла шаҳрига илмий сафар қилади. У ерда ўша пайтдаги шаҳардаги ҳанафийларнинг пешвоси ҳисобланган Шайх Хойруддин Рамлийдан фиқҳ илмини ўзлаштиради. Кейин Қуддус шаҳрига сафар қилиб, у ерда Имом Фахруддин ибн Закарийё ал-Мақдисий ал-Ҳанафийдан илм истифода этади.

Шундан сўнг, аллома ҳаж фарзини адо этиш мақсадида 1067-йилда Ҳижоз ўлкасига сафар қилади. Мадинаи мунавварада шайх Ас-Софий ал-Қушошийдан таълим олади ва илмий ижозага эга бўлади.

Имом Ҳаскафий шунингдек ҳанбалий уламоларидан бири, муҳаддис, фақиҳ, муфассир ва қироат олими шайх Абдулбоқий ибн Абдулбоқий ал-Баълий ал-Ҳанбалийдан ҳам таълим олган. Умуман олганда, аллома Ҳаскафийнинг жуда кўп устозлари бўлиб, юқорида зикр қилинганлар улардан баъзилари, холос.

Имом Ҳаскафий 1073-ҳижрий йилда Рум диёрига сафар қилади. Алломани ўша пайтдаги усмонийлар халифалиги вазири Фозил Жақмақийя мадрасаси раҳбари сифатида тайинлайди. Мазкур мадраса биноси бугунги кунга қадар сақланиб қолган бўлиб, машҳур фотиҳ султон Салоҳиддин Айюбий қабри жойлашган боғнинг шарқий томонида, машҳур Умавийлар масжидининг шимолий томонида барпо этилган. Бироз кейинроқ аллома Шом диёрининг фақиҳи ва муфтийси лавозимига тайинланади. Имом Ҳаскафий бу вазифада беш йил мобайнида фаолият кўрсатганлар. Аллома фатво беришда ўта эҳтиёткор ва диққатли, ниҳоятда масъулиятли бўлган. Мазҳабдаги тасъҳиҳ қилинган қавлларга мухолиф биронта фатво бермаган. Кейинроқ Дамашқнинг бош жоме масжидида ҳадис устози сифатида, шунингдек Салиймийя мадрасасига мударрис сифатида тайин этилади. Салиймийя мадрасасида тақрибан бир йил муддат фаолият кўрсатади. Ушбу мадраса бугунги кунда Шайх Муҳиддин ибн Арабий жоме масжиди сифатида ҳали ҳам мавжуд. Фатво бериш вазифасидан кетгач, аллома Қора ва Ажлун, кейинроқ Ҳама шаҳри қозилигига ўтказилган. Ҳама шаҳрига қози сифатида тайинланиши баробарида алломага Дамашқдаги жомеда қайтадан ҳадисдан дарс бериш вазифаси ҳам топширилади. Кейинроқ Тақвия мадрасасига мударрис вазифасига тайинланади.

Тақвия мадрасаси Дамашқдаги шофеийлар мазҳабининг мадрасаларидан бири бўлиб, бугунги кунда бу ер “аз-Зуқоқ ас-Сабъи ат-Товале” кўъчасига тўғри келади.  Вафоти яқинлашиб қолганда аллома Ҳаскафий барча қозилик ва дарс бериш вазифаларини тарк этади.

Алломанинг илмий салоҳиятини устозлари ва замондошлари эътироф этишган. Хусусан, шайх Хойруддин Ромлий ва Имом Маҳосиний ҳам ҳатто ёзма ижозаларида ҳам мақтовли сўзлар билан алломанинг салоҳиятига юксак баҳо берганлар.

Тошкент ислом институти

4-босқич талабаси

Неъматуллоҳ Исомов

369680cookie-checkИмом Алоуддин Ҳаскафийнинг ҳаёти ва илмий фаолияти

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: