Бугунги кунда айрим тоифалар муташобеҳ оят ва ҳадисларнинг нотўғри талқин қилмоқдалар. Аллоҳ таолонинг Каломи мажидидаги оятлар ва Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари орасидан муташобеҳларига нотўғри маънолар бериш орқали тоифалар ўзларининг ботил йўлларини чиройли қилиб кўрсатишга уринади. Бу фитнадан бошқа нарса эмас. Зеро Аллоҳ таоло муқаддас каломида шундай марҳамат қилган:
“У сенга китобни туширган Зотдир. Унда муҳкам-ойдин оятлар ҳам бор ва улар китобнинг аслидир ва муташобиҳ оятлар ҳам бор. Қалбларида ҳидоятдан оғиш борлар фитна мақсадида ва уни таъвийл қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига эргашадир. Унинг таъвийлини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда собит бўлганлар эса: Унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир, дерлар. Ва фақат ақл эгаларигина эсларлар” (Оли Имрон, 7).
Аллоҳ таоло Ўзи каломи шарифида қалбларида ҳидоятдан оғиш бор кимсалар фитна мақсадида Қуръоннинг оятлари ичидаги муташобеҳларига эргашиб муҳкам – очиқ ойдин оятларнинг ҳукмларию маъноларини бир четга суриб қўйишади. Аллоҳ яна бундай муташобеҳ оятлар ҳақида илму маърифатли инсон қандай эътиқодда бўлиши кераклигини ҳам баён қилди. Бу тавфиз яъни оятнинг маъносини шарҳлашга киришмасдан Аллоҳнинг муродига ҳавола қилиш йўлидир. Салафи солиҳларимизнинг муташобеҳ оят ва ҳадислар борасида тутган йўллари айнан шундай бўлган.
Исломдан аввал одамлар ўзаро адоват ва душманчиликка берилган, худди оловли жар ёқасига келиб қолган, аянчли оқибат кутиб турган пароканда ҳолда эди. Лекин Ислом келиб одамларни бирлаштирди. Аллоҳнинг фазли ила улар бир-бирлари билан дўсту биродар бўлди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларида жипслашди. Саҳобалар бир-бирларига меҳрибон, самимий инсонлар эди. Исломий тарбия уларни худди ака-укадек яқин қилди. Ўзлари учун раво кўрган ҳар турли яхшиликни бир-бирларига илинар эдилар. Уларнинг орасида бир-бирларини залолат ва кофирликда айблайдиганлари йўқ эди.
Лекин ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу дунёни тарк этганларидан кўп ўтмасдан мусулмонларни бир-бирларига қайрайдиган, орага низо ва нифоқ уруғини сочадиган бидъатчилар бош кўтарди ва мусулмонлар орасида фикран бир-бирига қарама-қарши ҳар хил оқимлар пайдо бўла бошлади. Равофизлар, хаворижлар, мўътазилийлар, муржиалар, нажжориялар, жаҳмийлар, карромиялар, мушаббиҳалар шулар жумласидандир.
Бугунги кундаги торифалар эски ботил тоифалар кўтариб чиққан ихтилофларни айлантириб юришибди холос. Уларнинг ботил даъволарига солиҳ салафларимиз ҳам, кейинги замон уламолари ҳам ва замондош олимларимиз ҳам етарлича жавоблар беришган.
Муташобеҳ оятларга эътиқод қилишда эҳтиётсизлик эътиқоднинг бутунлай бузилишига олиб келиши мумкин. Аллоҳ таолога иймон келтириш исломнинг негизидир. Аллоҳ таолога Уни барча нуқсону камчиликлар ва ташбеҳдан пок эканлигини эътироф этган ҳолда иймон келтирилади. Муташобеҳ оятларнинг зоҳирини шундоғича тушуниб оламан, деб ўйлаш айни хатодир. Чунки муташобеҳнинг ҳақиқий таъвилини фақатгина Аллоҳнинг Ўзи билади. Муташобеҳ оятлар барча тушуниб кетаверадиган нарса эмас. Афсуски, бугунги кунимизда оқимлар барча оятлар ичидан фақат муташобеҳларига ёпишиб олиб уммат орасида ихтилоф солиш мақсадида фитна қўзғотиб юрибди. Энг аянчлиси, фирқа аъзолари ўз этиқодларини ботил қилганлари етмаганидек бошқаларни ҳам адаштиришга қаттиқ ҳаракат қилишади. Аллоҳ бундай кимсаларни «қалбларида ҳидоятдан оғиш борлар» деб атаган. Ҳозирги ахборот асрида улар ёшларнинг онгини заҳарлаш учун вазиятдан фойдаланиб мақсадларига эришишларига тўсқинлик қилиб халқнинг соф эътиқодини ҳимоя қилишни ўзимизнинг устувор вазифаларимиздан деб билдик. Муташобеҳ оятларга оқимлар айтаётгандек эътиқод қилиш кишини мушаббиҳалик ва мужассималик кўчасига олиб кириб қўяди. Бу эса бутун ибодатларнинг ботил бўлишига олиб келиши мумкин. Чунки мушаббиҳамужассима инсон ўхшаши йўқ Аллоҳ таолога эмас, балки онгидаги жисмга ибодат қилган бўлади. Оқимларнинг саъй ҳаракатлари ортидан бундай тоифадаги инсонлар кўпайиб халқ орасида катта ихтилофлар чиқиши мумкин. Бундай ихтилофлар ортидан инсонлар бир-бирларини куфрда айблашлари ҳам тарих шоҳид бўлган ҳақиқатлардандир. Бу жамиятда кўплаб нохушликларни келтириб чиқаради. Шунинг учун ҳам сохта салафийлар муташобеҳ оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилиб одамларни адаштирмасликлари учун бу муташобеҳ оят ва ҳадислар борасида Аҳли сунна вал-жамоа имомларининг фикрларини келтириб халқга муташобеҳот ҳақида асл мўмин инсоннинг эътиқоди қандай бўлиши кераклигини кўрсатиб бериш жуда долзарбдир.
Муташобеҳ оят ва ҳадислар илми бутун дунёда жуда кенг тартибда ўрганилган. Ислом шариатининг асосий илм йўналишлари бўлган ақоид, тафсир ва ҳадис илмларининг бевосита мавзусига муташобеҳот илмлари ҳам киради. Бу мавзуда аҳли сунна вал-жамоанинг кўплаб имомлари китоблар ва рисолалар ёзишган. Сабаби муташобеҳот ақида масаласининг энг нозик нуқталаридан бири бўлиб, агар у ҳақида энг тўғри эътиқод қандай бўлиши одамларга танитилмаса, одамлар ақидада тойилиб кетишларининг хавфи каттадир. Сохта салафийлар эса бугунги кунимиздаги ана шундай одамларни адаштириш мақсадида юрган ботил тоифадир. Уларнинг кирдикорларини очиб бериш уммат ақидасини софлигича сақланиши учун фидойи олимларимиз томонидан амалга оширилган. Муташобеҳ оят ва ҳадислар ҳақида ёзилган энг аҳамиятли китоблардан бири бу Имом Мотуридий роҳимаҳуллоҳ қаламларига мансуб «Таъвилоти Аҳли сунна» асаридир. Ватандошимиз ўзларининг бу асарларида Қуръони карим оятларини тафсир қилиш йўли билан муташобеҳ оятлар борасида Аҳли сунна вал жамоага мансуб инсоннинг эътиқоди қандай бўлиши кераклигини ёритиб берганлар. Китоб яна шуниси билан ҳам аҳамиятлики, имом Мотуридий бу китобларида ҳозирга сохта салафийларнинг маънавий аждодлари бўлмиш мужассима, мушаббиҳа ва ҳашавий тофаларининг даъволари ҳеч қандай асосга эга эмаслигини ҳам исботлаб берганлар. Ҳозирги сохта салафийларнинг муташобеҳ оят ва ҳадислар борасидаги эътиқодини асосли раддиялар билан барбод қиладиган китоблардан яна бири бу Имом Субкий роҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб «Ас-сайфул сақийл фир-родди ъала ибн Зафил» китобидир. Яна Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад қаламига мансуб «Изалатуш-шубуҳат ъанил-аяти валаҳадийсил муташабиҳат» асари ҳам муташобеҳ оят ва ҳадислар борасида таҳсинга сазовор китоблардандир.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб «Улумул Қуръон» китоби ҳам муташобеҳ оятлар борасида қандай эътиқод қилиниши лозимлиги борасида билим беради. Шунингдек, Ботиржон Тожибоев ва Юнусхон Мамарасуловлар ёзган «Салафийларга илмий раддиялар» китоби ҳам ҳозирги кунда сохта салафийлар халқни залолатга бошлаш мақсадида кўтариб юрадиган масалаларга асосли жавоб берган. Таъкидлаш лозимки, сохта салафийларнинг ботил даъволарига асосли раддиялар бериб халқимизнинг соф эътиқодига посбонлик қилишда юртимизда фаолият кўрсатаётган имомларнинг хизматлари беқиёс.
Шермуҳаммад Болтаев, Тупроққалъа тумани
“Ўтовли Эшон” мaсжиди имом-хатиби