Қози Байзовийнинг тўлиқ исми Абдуллоҳ ибн Абул Қосим Умар ибн Муҳаммад ибн Абул Ҳасан Али ал-Байзовий. Абулхойр деган куняси ҳам бўлган. Носириддин деб лақаб олган эди ва Қози номи билан танилган эди.[1] Қози Байзовийнинг насаби Байзо шаҳрига боғлиқ. (Байзо араб тилидан таржима қилинганда “оқ ранг” маъносини билдиради). Бунинг сабаби Байзо шаҳрида узоқдан кўриниб турадиган оқ рангдаги қалъа бўлган. Шунинг учун ҳам бу шаҳар Байзо деб номланган.[2]
Қози Носириддин Байзовий Шероз минтақасига қарашли Байзо ўлкасида дунёга келди. Тарихчилар асарларида Байзовийнинг қайси санада туғилганини келтиришмаган. Лекин Байзовий ҳижрий 7 аср олимларидан ҳисобланади. Қози Байзовий илмли ва баракали уйда вояга етди. Бошланғич диний билимларни отасидан олди ва кейинчалик ўз асрининг машхур уламоларидан дарс олди. Илм ичида яшаб ундан озиқланди. Аста-секин юқори даражаларга эришиб, қуръони карим ва илмларини, фиқҳ ва усулул фиқҳни тўлиқ ўзлаштирди. Бундан ташқари калом илми, мантиқ, тарих, фалсафа фанларида ўта мохир эди. Шунинг учун ҳам уламолар у хақида шундай фикр билдиришган: “Байзовий – машҳур имом, ўткир фаҳмли, солиҳ, ибодатгўй, фақиҳ, машҳур мутакаллим, муфассир, муҳаддис, адолатли қози эди”[3].
Байзовий отаси билан ўша даврда форс ўлкасининг пойтахти ҳисобланган Шероз шаҳрига сафар қилди. Ўша даврда Шероз тинч ва хавфсиз шаҳар бўлгани учун уламоларнинг севимли маскани эди. Зеро бу даврда ислом олами мўғил-татарларнинг ҳужумидан хавотирда эди. Шунинг учун ҳам Шерозда нуфузли уламолар йиғилган, Байзовий эса илм излаб сафар қилиш ўрнига ҳаётининг асосий қисмини мана шу ерда ўтказган эди. Байзовий илм булоғидан ичди ва ўз маҳоратини ошириб борди, натижада кўплаб фанлардан дарс бера оладиган устоз бўлиб етишди. Бироз вақт ўтиб Байзовий Шероз қозиларинг қозиси (қозиул қузот) мансабига тайинланди. Бу мансабга эришишига “Анворут танзил ва асрорут таъвил” номли тафсир китоби сабабчи бўлди. Бу ҳақида Хавонисорий шундай дейдилар: “Байзовийнинг мана шу китоби дунёга машҳур бўлишига, ўз даврининг султонига яқин бўлишига, қозилик мансабига тайинланишига сабаб бўлди. Бир куни Байзовий тафсир китобини султоннинг ҳузурига олиб борди ва бу китоб султонга манзур бўлди. Натижада султон ҳазратларидан бу арзирли иш эвазига хохлаган лавозимни сўраши мумкинлигини айтди. Байзовий Байзо шаҳрига қози бўлишни ихтиёр қилди”[4].
Кўп ўтмасдан ўзининг ҳақгўйлиги туфайли қозилик мансабидан кетди. Натижада мансабига қайтиш ниятида Табриз шаҳрига сафар қилди. Субкий “Тобақот аш-шофиъийя ал-кубро” китобида шундай дейдилар: “Байзовий қозилик лавозимидан кетганидан сўнг Табризга сафар қилди. Унинг шаҳарга кириб келиши фозил кишиларнинг илм мажлисига тўғри келиб қолиб ҳеч ким таниб қолмаслиги учун охирги қаторларга ўтирди. Мударрис мажлисда ўтирганларга хеч ким жавобини билмаса керак деб нозик савол бериб унга жавоб беришларини сўради. Шу пайт Байзовий мударрисни ҳайратда қолдириб жавоб бера бошлади ва саволнинг тартибида камчилик борлигини тушунтириб берди. Мударрисни синаб кўриш учун савол бериб кўрди, мударрис эса саволга жавоб бера олмади. Бу мажлисда султоннинг вазири ҳам бор эди. Байзовийни мажлисдан турғазиб олдига чақириб кимлиги сўради. Байзовий ўзини таништирди ва Табриз шаҳридан келганини айтди. Вазир уни икром қилиб мукофот ажратиб берди”[5].
Байзовий шофеъий мазҳабида эди. Калом илмига доир “Китабут таволеъ” , “Изоҳ”, “Мисбаҳул арвоҳ” номли китобларни ёзган.[6] Ўша пайтда Форс ўлкаси, Хуросон ва Бағдод ҳудудларида шофеъийлик мазҳаби кенг тарқалган эди. Шунинг учун ҳам Байзовий мана шу мазҳабни ихтиёр қилган. Қуръон оятларини тафсир қилаётиб бошқа мазҳаб фақиҳларининг фикрларини ҳам келтириб ўтади.
Байзовий Форс ўлкасида жойлашган Табриз шаҳрида ҳижрий 685 йилда вафот этган.[7] Лекин тарихчилар Қози Байзовийнинг қачон вафот этгани тўғрисида ихтилоф қилганлар. Субкий[8] ва Аснавий[9] 691 йилда вафот этган дейдилар. Ибн Касир[10]ўзининг тарих китобида, Хованисорий[11] ва жумҳур тарихчилар Қози Байзовий 685 йилда вафот этган дейдилар. Шиҳоб ал-Хифоий Анворут танзил китобига ёзган ҳошиясида шундай дейдилар: “Тарихчилар наздида Қози Байзовий жумодул-уло ойида таҳминан 719 йилда вафот этган. Бу ишончли хабардир”.[12]
[1]Қаранг: Тожуддин Абу Наср Абдулваҳҳоб ибн Тақиюддин Субкий. Тобақотуш шафиъиятил кубро. Ж-5. – Қоҳира. «Ҳусайния» нашриёти, 1974 й. – Б. 59
Абул Фалоҳ Абдулҳай ибнул Имад ал-ҳанбалий. Шазарот аз-заҳаб фи ахбари миназ заҳаб. Ж-5. – Байрут. “Мактаба” тижорий нашриёти, 1999 й – Б. 392
Ҳофиз Жалолиддин Абдурроҳман ас-Суютий. Бағият ал-виъа. Ж- 2. – Қоҳира. “Исо ал-бобий ал-ҳалабий” нашриёти, 1965 й – Б. 50
Жамолиддин Абдурраҳим ал-Аснавий. Тобақот аш-шофиъия лил Аснавий. Ж-1. – Бағдод. “Иршод” нашриёти. ҳ. 1390 й – Б. 283
Исмоил ибн Умар ибн Касир ал-Қураший ад-димашқий. Ал-бидая ван ниҳая. Ж-13. – Байрут. «Мактабатул маориф» нашриёти, 1977 й –Б. 309
Абдуллоҳ ибн Асъад ал-Ёфиий. Миръотул жинон ва ғойротул яқзон фи маърифати ма юътабару мин ҳавадисиз замон. Ж-4. – Қоҳира. “Ҳусайния” нашриёти. 2001 й –Б. 220
Ҳожи Халифа. Кашфуз зунун ан асамал кутуб вал фунун. Ж-2 – Ливан. «Ваколатул маъориф» нашриёти, 1941 й. –Б. 79
Мирзо Муҳаммад Бақир Мақсувий Ҳаванисорий Асбаҳоний. Ровзотул жаннат фи аҳвалил уламо ва садат. Ж-5. – Қум. «Муҳр истивор» нашриёти, ҳ. 1391 й . –Б. 136
[2]Ёқут ибн Абдуллоҳ Ҳамавий. Муъжамул булдан. Ж-2. – Қоҳира. “Саодат” нашриёти, 1906 й –Б. 335
[3]Абдуллоҳ Мустафо Мароғий. Ал-фатҳул мубийн фи тобақотул усулиййин. Ж-1. – Қоҳира. “Муҳаммад Амин” нашриёти, 1948 й –Б. 77
[4]Мирзо Муҳаммад Бақир Мақсувий Ҳаванисорий Асбаҳоний. Ровзотул жаннат фи аҳвалил уламо ва садат. Ж-5. – Қум. «Муҳр истивор» нашриёти, ҳ. 1391 й – Б. 134
[5]Тожуддин Абу Наср Абдулваҳҳоб ибн Тақиюддин Субкий. Тобақотуш шафиъиятил кубро. Ж-5 – Қоҳира. «Ҳусайния» нашриёти, 1974 й –Б. 59
[6]Жамолиддин Абдурраҳим ал-Аснавий. Ниҳаятус суал фи шарҳи минҳажил вусул. Ж-1 – Қоҳира. «Салафия» нашриёти, ҳ 1343 й –Б. 6
[7] Мирзо Муҳаммад Бақир Мақсувий Ҳаванисорий Асбаҳоний. Ровзотул жаннат фи аҳвалил уламо ва садат. Ж-5. – Қум. «Муҳр истивор» нашриёти, ҳ. 1391 й . –Б. 134
[8]Тожуддин Абу Наср Абдулваҳҳоб ибн Тақиюддин Субкий. Тобақотуш шафиъиятил кубро. Ж-5. – Қоҳира. «Ҳусайния» нашриёти, 1974 й . –Б. 59
[9]Жамолиддин Абдурраҳим ал-Аснавий. Тобақот аш-шофиъия лил Аснавий. Ж-1. – Бағдод. “Иршод” нашриёти. ҳ. 1390 й –Б. 273
[10]Исмоил ибн Умар ибн Касир ал-Қураший ад-Димашқий. Ал-бидоя ван ниҳоя. Ж-13. – Байрут. “Мактабатул маъориф” нашриёти, 1977 й –Б. 309
[11]Мирзо Муҳаммад Бақир Мақсувий Ҳаванисорий Асбаҳоний. Ровзотул жаннат фи аҳвалил уламо ва садат. Ж-5. – Қум. «Муҳр истивор» нашриёти, ҳ. 1391 й –Б. 134
[12]Шайх Шиҳобиддин ал-Хивожий ал-Мисрий ал-Ҳанафий. Иноятул қози ва кифаятур розий. Ж-1 – Байрут. “Дору содир” нашриёти, -Б. 403
Араб тилидаги манбалар асосида
Тошент ислом институти битирувчиси
Музаффар Муҳиддинов
тайёрлади