Еътиборлиси, Шарқда кузатилган ҳар икки Ренессанс даврида ҳам аждодларимиз ҳам дунёвий, ҳам диний илмлар бўйича жаҳоннинг энг илғор олимлари қаторида бўлган. Улар орасида буюк ватандошимиз, калом илми асосчиси Имом Абу Мансур Мотуридий ёрқин фаолияти ҳамда ислом оламидаги юксак мавқеи билан алоҳида ажралиб туради.
Шарафли мақом
Аллома замондошлари ҳамда кейинги давр муаллифлари томонидан ҳақли равишда “Аламул-ҳуда” – “Ҳидоят байроғи”, “Имомул-ҳуда” – “Ҳидоят имоми”, “Мусаҳҳиҳ ақидати аҳлис сунна” – “Аҳли сунна ақидасини тўғриловчи”, “Имомул-мутакаллимин” – “Мутакаллимлар имоми” каби шарафли номлар билан улуғланган. Имом Мотуридийнинг инсоният олдидаги энг катта хизматларидан бири мусулмонлар ўртасида ақидавий масалаларда ихтилофлар авж олиб, турли бузғунчи оқимлар ўз ғояларини тарғиб қилиш орқали парокандаликка сабаб бўлаётган бир вақтда мўтадил таълимот асосида жамиятни жипслаштиришга муваффақ бўлганида яққол намоён бўлади.
Алломанинг устозлар силсиласи ҳанафийлик мазҳаби асосчиси Имом Абу Ҳанифага бориб тақалиши, шунингдек, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад орқали Абу Ҳанифанинг тўртинчи авлод шогирди бўлгани у асос солган ақидавий мазҳабнинг нубувват булоғидан сув ичган нақадар ҳаққоний ва халқчил таълимот эканини тасдиқлайди.
Ҳозирга вақтда жамиятда кузатилаётган мафкуравий зиддиятларнинг юзага келиш сабабларини таҳлил қилган киши ушбу ихтилофларнинг катта қисми ислом ниқоби остидаги бузғунчи оқимлар фаолияти маҳсули эканига гувоҳ бўлади. Замон ривожланиб, аҳоли ўртасида замонавий технологиялардан фойдаланиш имкониятлари ортиб боришига муқобил равишда ижтимоий тармоқларда дин номидан гапирувчи, бироқ, аслида, динга умуман алоқаси бўлмаган мутаассиб шахслар фаолияти ҳам тобора кучайиб бормоқда. Натижада бундай буҳронли мафкуравий курашлар жараёнида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини жамоатчиликка кенг тарғиб қилиш, аҳоли ўртасида мўтадил таълимотни тарқатиш, шу асосда Ватанимизнинг келажаги бўлган ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асраб-авайлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб вазифага айланиб бормоқда.
“Қуролингни илмдан яса”
Имом Мотуридийнинг мутаассиб оқимларга қарши кураш методологияси унинг ўз даврида мавжуд бўлган бундай оқимлар фаолиятига батамом барҳам бериб, мусулмонларнинг эътиқодий бирлиги ва ҳамжиҳатлигини таъминлай олганида ўз исботини топган. Ушбу методологиянинг асосини алломанинг “Қуролингни илмдан яса”, деган ҳикмати ташкил қилган.
Ҳозирги вақтда фаолият юритаётган мутаассиб оқимларнинг тарихий-ғоявий илдизлари узоқ ўтмишдаги “салаф”ларига бориб тақалишини ҳисобга оладиган бўлсак, мотуридийлик таълимоти бугунги кунда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда, аҳолида ёт ғояларга қарши мустаҳкам мафкуравий иммунитет шакллантиришда улкан амалий аҳамиятга эга экани равшанлашади. Бу жиҳат Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш муҳим вазифа этиб белгилаб олинганида ҳам яққол кўринади.
Мустақилликдан сўнг юртимизда Имом Мотуридий ҳаёти, илмий мероси, мотуридийлик таълимоти тадқиқи юзасидан муайян илмий изланишлар олиб борилган бўлса-да, бу борада том маънодаги ишлар бундан бир неча йиллар муқаддам бошланган, десак асло муболаға қилмаган бўламиз.
Устувор йўналишлардан бири
Давлатимиз раҳбари Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 2016-йил Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган 43-сессиясида сўзлаган нутқида “Мотуридия таълимоти илм эгаллаш жараёнида бағрикенглик ғояси асосида инсон ақл-заковатининг ўрни ва аҳамиятига юксак эътибор қаратади. Бу, ўз навбатида, ушбу таълимотнинг кенг оммалашувида муҳим ўрин тутган. Инсоният бугунги кунда ҳам бундай ғояларга катта эҳтиёж сезмоқда. тарихий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва авлодларга етказиш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир”, деб таъкидлаган эди.
2020-йил 3-5-март кунлари “Имом Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусида Самарқанд шаҳрида ўтказилган халқаро илмий-амалий анжуманда жаҳоннинг етук мотуридийшунос олим ва мутахассислари томонидан Имом Мотуридий илмий меросининг бугунги кундаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти (ICESCO) Бош котиби доктор Салим ал-Малик алломанинг илмий мероси ва мотуридийлик таълимотини ўрганиш заруратига тўхталиб, “Имом Абу Мансур Мотуридий ислом тафаккури тарихида муҳим ўрин тутади. У ҳижрий II асрда Мовароуннаҳрда пайдо бўлган ва ислом оламида тарқалган суннийлик мактаби асосчиси ҳисобланади”, дея фикр билдирди.
Ислом оламида Имом Мотуридий шахси юксак қадрланишидан ташқари, унинг яна бир муҳим жиҳати борки, бу у асос солган таълимотнинг бугунги ғоявий курашлар авж олган глобаллашув даврида жамиятда учраётган айрим баҳсли ақидавий масалаларга ечим топиш, жумладан, бузғунчи оқимларнинг ғояларига қарши далиллар асосида раддиялар беришда муҳим амалий аҳамиятга эга экани билан ифодаланади. Шу нуқтаи назардан, Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганишни тизимли ташкил қилиш, шу асосда мутаассибликка қарши курашнинг илмий- назарий асосларини ишлаб чиқиш зарурати пишиб етилган эди.
Жаҳолатга қарши маърифат билан
Президентимизнинг 2020-йил 11-августдаги қарори асосида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Марказ олдига жамиятда учрайдиган диний-ақидавий муаммоларга ҳанафий-мотуридийлик мазҳаби асосида ечим топиш, Имом Мотуридий ва унинг издошлари меросини ўрганиш, уларнинг ақида ва калом илми ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини тарғиб қилиш, шу асосда ёш авлодни умуминсоний эзгу қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларда ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш, “жаҳолатга қарши маърифат” ғояси остида исломнинг илм-маърифат, маънавий баркамоллик, тинчлик, тараққиёт ҳамда бунёдкорликка чорловчи ғояларини жамоатчиликка етказиш каби муҳим вазифалар қўйилди.
Имом Мотуридий номи билан аталган халқаро илмий марказ фаолияти йўлга қўйилиши жаҳон ҳамжамияти, хусусан, шу соҳада фаолият юритаётган олим ва мутахассислар томонидан узоқ кутилган янгилик сифатида қабул қилинди. Жумладан, Босния собиқ муфтийси Мустафо Черич ушбу ташаббусни юқори баҳолаб, “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ташаббусини биз яшаб турган асрдаги энг улуғвор иш деб ҳисоблайман”, дея таъкидлади. Хорижлик етук мотуридийшунос олим, профессор, доктор Саид Фуда ҳам марказ ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратиб, Абу Мансур Мотуридийнинг бебаҳо илмий-маънавий меросини тиклашга давлат томонидан катта эътибор қаратилаётгани таҳсинга сазовор эканига урғу берди. Туркиянинг Анқара университети профессори, доктор Сўнмез Қутлу эса марказни дунё бўйича ўз йўналишида очилган илк илмий муассаса сифатида эътироф этди.
Таълимот ва тадқиқотлар
Марказда ташкил қилинган мотуридийлик таълимоти тадқиқотлари, замонавий ислом тадқиқотлари, таржималар ҳамда нашрлар деб номланган бўлимларда юртимиз алломалари, хусусан, Имом Мотуридий ва издошлари меросини ўрганиш ҳамда кенг тарғиб қилиш, асарларининг илмий-изоҳли таржималарини яратиш, аҳолига мўтадил таълимотни етказишга қаратилган халқчил рисолаларни нашр қилиш, мутаассибликка қарши курашнинг илғор жаҳон тажрибасини ўрганиш, нуфузли халқаро ташкилотлар ва атоқли олимларнинг терроризм қоралаб чиқарилган фатволарини таҳлил ва таржима қилиш, ихтилофли ақидавий масалалар ечими юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш, ёш авлодни ёт ғоялардан асраб-авайлаш чораларини кўриш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, ушбу ишлар маҳаллий ҳамда халқаро кўламда кенг эътироф этилаётгани эътиборга молик. Жумладан, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раҳбари, доктор Али эрбашнинг “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг маърифат ва маданиятимиз негизлари бўлган фикрлар ва асарларни қайтадан бутун дунёга танитиш борасидаги ишларини юксак баҳолайман”, деган эътирофини келтириб ўтиш кифоя.
“Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси остида марказ томонидан жойларда ижтимоий муҳитни соғломлаштириш юзасидан маънавий-маърифий тадбирлар ҳам мунтазам ташкил этилмоқда. Ҳозирги вақтга қадар маҳалла, мактаб, ўрта махсус ҳамда олий таълим муассасаларида, шунингдек, турли давлат идора ва ташкилотларида 300 дан зиёд тадбир ўтказилиб, жами 50 минг нафарга яқин юртдошимизга ислом динининг асл моҳияти ҳамда исломга ёт оқимларнинг бузғунчи фаолияти ҳақида маълумот берилди. Шу билан бирга, марказда мутаассиб оқимлар таъсирига тушиб қолган фуқаролар билан ишлаш, мотуридийлик ақидавий мазҳабида кенг ўрин берилган мўтадил таълимот асосида уларни тўғри йўлга бошлаш бўйича ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган. Бунда экстремизм ва радикализмга қарши курашиш ҳамда мутаассиб шахсларни ижтимоий реабилитасия қилиш бўйича жаҳоннинг илғор мамлакатларида қўлланилаётган замонавий услублардан кенг фойдаланиш орқали самарали натижаларга эришиб келинмоқда.
Тарғибот, ташвиқот, илғор тажриба ва инноватсион ёндашувлар
Республика бўйлаб мактаб ва маҳаллаларда мунтазам ўтказиб келинаётган маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари натижасида ёшлар онгида исломнинг тинчликпарвар ва маърифатпарвар дин экани ҳақидаги тўғри тушунчаларни шакллантиришга эришилди. эътиборлиси, мотуридийлик таълимоти манбалари асосида тайёрланган халқчил рисолалар, интернет ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарғиб қилинаётган аудио, видео ва инфографика шаклидаги материаллар, марказий телеканаллар орқали эфирга узатилаётган кўрсатувлар, газета ва журналларда чоп этилаётган мақолалар, турли танловлар, нашрларнинг аудио талқинлари аҳолини тўғри йўлга бошлаш, хусусан, ёшларни мутаассиб оқимларнинг бузғунчи ғояларидан асраб-авайлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Жойларда ўтказилган тадбирлар халқимиз орасида ислом таълимотини кенг тарғиб қилишга, шу асосда жамиятда бағрикенглик тамойиллари янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.
Ҳозирги вақтда марказ ICESCO, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш ташкилоти (IRCICA), Мисрнинг ал-Азҳар университети, Ислом тадқиқотлари академияси, Туркиянинг Анқара, Йилдирим Боязид университетлари, Қўлёзмалар маркази, Малайзиянинг Ислом тадқиқотлари маркази, Ислом илмлари университети, Ислом тафаккури институти, Буюк Британиянинг Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази каби нуфузли университет ва илмий-тадқиқот муассасалари билан англашув меморандумларини имзолаб, ҳамкорликда қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистонда диний-маърифий соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда ижобий ўзгаришларни дунё афкор оммасига етказишга хизмат қилмоқда.
Марказ ҳузурида хорижлик ҳамда маҳаллий олим ва мутахассислардан иборат халқаро илмий ҳайъат ташкил этилганини нафақат юртимиз, балки жаҳон мотуридийшунослигидаги энг муҳим воқеликлардан бири сифатида баҳолаш мумкин. Бугунги кунда ҳайъат мажлислари мунтазам ўтказилиб, дунёнинг энг илғор тажриба ва инноватсион ёндашувларини марказ фаолиятида қўллаш, соҳага оид долзарб масалаларнинг илмий ечимини топиш, улар юзасидан амалий таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш, ҳайъат аъзоларининг мутаассибликка қарши қаратилган мурожаатнома ва баёнотлари эълон қилинмоқда. Ҳайъат таркибида Миср, Туркия, Иордания, Босния ва Герсеговина, Германия, Россия, Малайзия, Афғонистон ва Қирғизистон каби мамлакатларнинг етук олимлари ҳамда юртимизнинг кўзга кўринган мотуридийшунос мутахассислари жамланган.
Марказнинг асосий ютуқларидан бири, шубҳасиз, Имом Мотуридий қаламига мансуб “Таъвилот ал-Қуръон” (Қуръон таъвиллари) ҳамда “Китоб аттавҳид” (Тавҳид ҳақида китоб) асарларининг ўзбек тилидаги илмий-изоҳли таржимаси бўлди. Ушбу таржималар халқимиз орасида ислом таълимоти ҳақидаги холис тушунчалар шаклланишида, ёт ғояларнинг асоссизлигини англаб етишда, исломнинг моʻтадил ва маърифатпарвар дин эканини етказишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳозирга қадар “Китоб ат-тавҳид” асари тўлиқ, “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг 29-жузи, 27-28-жузи ва 25-26-жузи таржимаси нашр қилиниб, халқимизга етказилди. Шу билан бирга, ушбу китобларни халқимизга содда ва тушунарли услубда етказиш мақсадида “Таъвилотдан дурдоналар” рукни остида халқчил рисолалар ҳам чоп этилмоқда.
Мотуридий издошлари
Имом Мотуридийнинг издошлари бўлган Абу Муин Насафий, Абул Баракот Насафий, Абу Ҳафс Насафий, Сирожиддин Ўший, Абу Шакур Солимий, Алоуддин Самарқандий, Абу Лайс Самарқандий, Саъдуддин Тафтазоний каби алломаларнинг асарлари ҳам улкан тарбиявий-ахлоқий аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, ёшларни бузғунчи ғоялардан асраб-авайлаш, уларни миллий ва диний қадриятларимиз руҳида тарбиялаш мақсадида “Умдат ал-ақоид” (Ақоид устуни), “Китоб ас-савод ал-аъзам” (Катта жамоа китоби), “Бадъ ал-амолий” (Имлоларнинг бошланиши), “Ақида ат-Таҳовия” (Таҳовий ақидаси), “Усул ад-дин” (Дин асослари), “Жавоҳир ал-каломия” (Калом жавоҳирлари) каби ақидавий рисолалар ҳам ўзбек тилида нашр этилди. Ушбу манбалар мотуридийлик таълимотини халқимизга етказишда муҳим қўлланма ҳисобланади. Ушбу таржималарда юртимиз ҳамда жаҳон кутубхоналарида сақланаётган қўлёзма манбалардан фойдаланилгани, замонавий босма нашрлар билан қиёсий ўрганилгани уларнинг юксак илмий савияда тайёрланишини таъминлаган.
Юртимизда аждодларимизнинг илмий меросини ўрганиш, шу асосда ёш авлодни миллий ва диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётганидан келиб чиқиб, “Буюк аждодларимиз”, “Мовароуннаҳрлик ўн муфассир”, “Мовароуннаҳрлик ўн муҳаддис”, “Мовароуннаҳрлик ўн мутакаллим”, “Мовароуннаҳрлик ўн фақиҳ”, “Мовароуннаҳрлик ўн мутасаввиф” каби халқчил рисолалар нашр қилинди. Уларнинг чоп этилиши кенг жамоатчилик, хусусан, ёшларни буюк алломаларимизнинг бой илмий-маънавий мероси билан яқиндан таништириш имконини беради. Бу эса, ўз навбатида, уларда инсоният цивилизацияси ривожида муносиб ўрнига эга бўлган улкан моддий-маънавий меросга дахлдорлик ҳиссини уйғотишга, шу асосда ватанпарварлик туйғуларининг янада мустаҳкамланишига замин яратади.
Марказда исломшуносликка оид замонавий масалалар устида тизимли изланишлар олиб бориш ҳам яхши йўлга қўйилган бўлиб, ҳозирга қадар жамиятда диний бағрикенглик муҳитини таъминлаш ҳамда мўтадил таълимотни кенг тарғиб қилишга қаратилган “Долзарб раддиялар”, “Мутаассибликка қарши мўтадиллик: метод ва таҳлиллар”, “Ислом ниқобидаги мутаассиб гуруҳлар” каби адабиёт ва қўлланмалар нашрга тайёрланиб, кенг жамоатчиликка тақдим этилди. Мунтазам чоп этиб келинаётган “Мотуридийлик” журнали саҳифаларида эълон қилинаётган маҳаллий ҳамда хорижлик мутахассисларнинг илмий мақолалари ҳам исломшуносликда бугунги кун учун долзарб саналган муаммоларнинг илмий-назарий ечимларини ҳал қилишда асқатмоқда. Қўлга киритилган илмий натижалар эса халқаро кўламдаги илмий-амалий анжуманлар, давра суҳбатлари, маҳаллий ҳамда хорижий нуфузли нашрлардаги илмий мақолалар, марказ расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига видеодарслар, инфографик материаллар шаклида жойлаштирилаётир. Маҳаллий ҳамда хорижий мамлакатлар телеканалларида Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти, марказ фаолиятига бағишланган кўрсатувлар, ҳужжатли филмлар, интервюлар, газета ва интернет сайтларида эълон қилиб борилаётган мақолалар Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларни, аждодларимизнинг маърифатга йўғрилган илмий меросини кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда.
Мустаҳкам илмий асос
Бугунги кунда Янги Ўзбекистондаги диний-маърифий йўналишдаги кенг кўламли ислоҳотлар, инсон ҳуқуқ ва эркинларини таъминлаш, хусусан, унинг қадрини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилишини ҳам бевосита мазкур ислоҳотлар самараси сифатида баҳолаш мумкин. Марказ яратилган имконият ва қулай шарт-шароитлардан фойдаланган ҳолда, Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш йўлида дадил одимламоқда. Бу жамиятимиз равнақи, ҳамюртларимизнинг онг ва дунёқарашини юксалтириш, ёшларда турли оқимларнинг ғоя ва мафкураларига қарши кучли иммунитет ҳосил қилиш ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашда алоҳида аҳамиятга эга. Негаки, исломни ниқоб қилган, айниқса, ёшларни ўз домига тортаётган бундай ёт кучларга қарши туришда, илмий асосда раддиялар беришда айнан Имом Мотуридийнинг мероси барча мусулмонлар учун мустаҳкам илмий асос, ишончли дастуруламал бўлиб хизмат қилади.
Таъкидлаш керакки, меҳнаткаш ва фидойи халқимиз учун азалдан эзгулик, хайру саховат, мурувват, маънавий-руҳий покланиш ойи бўлиб келган Рамазон ойида муқаддас динимиз, хусусан, мотуридийлик таълимотида кенг ёритилган, инсонпарварлик ва тинчликпарварлик каби қадриятларни асраб-авайлаш, доимо тўғри йўлда, ўзаро меҳр-муҳаббат билан муносабатда бўлиш ҳақидаги кўрсатмаларга амал қилиш ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. Бу эса мотуридийлик таълимотини ўрганиш ва уни кенг тарғиб қилиш орқали юзага чиқади. Шу сабабли ушбу мўтадил таълимот бугунги кун нуқтаи назаридан ёшларни миллий ва диний қадриятларимизга ҳурмат ҳамда ёт ғояларга муросасизлик руҳида тарбиялашда кучли тарбиявий-ахлоқий манба бўлиб қолади.
Жамолиддин КАРИМОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори
“Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази муҳим тадқиқотларни амалга ошириб келмоқда. Айниқса, марказда исломшуносликка оид классик манбаларни таржима қилиш йўлга қўйилгани таҳсинга сазовор. Туркияда бу каби марказлар мавжуд эмаслиги, шунингдек, классик манбаларнинг чиройли ва халқчил шаклда ўқувчиларга тақдим қилинмаслиги катта камчилик ҳисобланади”.
Ҳилми ДЕМИР,
доктор, профессор
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2023-йил 4-апрель, 64-сон