“Ўнг тараф эгалари” жаннат аҳлининг сон жиҳатидан энг ози, мартабаси эса энг баланд бўлган тоифасидир. Aллоҳ таоло жаннатда улар учун махсус жойларни тайёрлаб қўйган. Улар Аллоҳга бўлган итоатларининг мукофоти ўлароқ охиратда ҳеч ким тасаввур қила олмайдиган абадий саодат, кўнгилларни мафтун этувчи, дилларга завқ бағишловчи боғлар, бирор воситасиз кўтариб қўйилган тўшаклар, марварид, тилла ва кумушдан бўлган идишлар ва чиройда тенгсиз бўлган ҳури-айнларга сазовор бўладилар.
Муфассирлар уларни нега “ўнг тараф эгалари” деб номлангани борасида кўплаб фикрларни айтганлар. Қуйида бу ҳақидаги қарашларга тўхталиб ўтамиз:
- Уларни “ўнг тараф эгалари” деб номланишининг сабаби шуки, улар Одам алайҳиссаломнинг зурриётлари чиқарилиш чоғида унинг ўнг тарафидан олинганлар. Шунинг учун улар “ўнг тараф эгалари”, деб аталганлар. Бу фикрни Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтган.
- Қиёматда ҳисоб-китоб амаллари ўнг томонидан бериладиганлиги учун шундай номланганлар. Бу Заҳҳок ва имом Қуртубийларнинг гапларидир.
- Улар ўзлари баракали ва муборак бўлганлари боис шундай номга эга бўлганлар. Ҳасан ва Робиъ роҳимаҳуллоҳлар “ўнг тараф эгалари” иборасини шундай тафсир қилганлар.
- Зайд ибн Аслам уларни “Одам алайҳиссаломнинг ўнг томонидан чиқарилган инсонлар”, деб тафсир қилган.
- Қиёматдаги манзиллари ўнг томонда бўлганлиги учун уларни Қуръони каримда “ўнг тараф эгалари”, деб атаган. Бу фикр Маъмун ибн Миҳронга тегишлидир.
- Суддий роҳимаҳуллоҳ уларни “Жаннат аҳли бўлгани учун шундай номланган”, деганлар.
- “Ўнг тараф эгалари” жаннатдаги юқори манзил эгаларидир. Шу туфайли Аллоҳ таоло уларга шундай ном берган. Бу фикрни Зажжож билдирган.
- Жаннатга ўнг томонлари билан тортиб кириладиган кишилар бўлгани учун улар “ўнг тараф эгалари”дир. Али ибн Аҳмад Найсобурий Қуръони каримда келган “ўнг тараф эгалари” иборасини мана шундай тафсир қилишган.
Бу қарашларнинг айримлари бир-ҳил маънода бўлиб, ўзаро бир-бирини тўлдирувчи ҳисобланади.
“Ўнг тараф эгалари” юқорида айтиб ўтилганидек қиёматда буюк инъомларга эга бўладилар. Aллоҳ таоло Қуръони Каримда ўнг тараф эгаларига бериладиган неъматларни зикр қилиб шундай марҳамат қилган:
وَأَصْحَابُ الْيَمِينِ مَا أَصْحَابُ الْيَمِينِ. فِي سِدْرٍ مَّخْضُودٍ. وَطَلْحٍ مَّنضُودٍ. وَظِلٍّ مَّمْدُودٍ. وَمَاء مَّسْكُوبٍ. وَفَاكِهَةٍ كَثِيرَةٍ. لَّا مَقْطُوعَةٍ وَلَا مَمْنُوعَةٍ. وَفُرُشٍ مَّرْفُوعَةٍ.
“Ўнг тараф соҳиблари… Ўнг тараф соҳиблари недир?! Улар тикансиз сидрзорлардадирлар”.
“Сермева бананзорлардадирлар. Ва ёйилган соялардадирлар. Ва оқар сувлардадирлар. Ва сероб мевалардадирлар… тугамайдиган ва ман қилинмайдиган. Кўтарилган кўрпачалардадирлар”. (Воқеа сураси, 27-34 оятлар )
Шунингдек Аллоҳ таоло Қуръони каримда “ўнг томон эгалари”нинг амаллари қандай бўлишини зикр қилиб ўтган.
وَمَا أَدْرَاكَ مَا الْعَقَبَةُ. فَكُّ رَقَبَةٍ. أَوْ إِطْعَامٌ فِي يَوْمٍ ذِي مَسْغَبَةٍ. يَتِيمًا ذَا مَقْرَبَةٍ. أَوْ مِسْكِينًا ذَا مَتْرَبَةٍ. ثُمَّ كَانَ مِنَ الَّذِينَ آمَنُوا وَتَوَاصَوْا بِالصَّبْرِ وَتَوَاصَوْا بِالْمَرْحَمَةِ. أُوْلَئِكَ أَصْحَابُ الْمَيْمَنَةِ
Довон нима эканини сенга нима билдирди? У қул озод қилишдир. Ёки очарчилик кунида таом беришдир. Қариндош етимга. Ёки тупроққа қорилган мискинга. Сўнгра, иймон келтирганлар ва бир-бирини сабрга, меҳр-шафқатга чақирганлар бўлса…. Ана ўшалар ўнг томон соҳибларидир. (Балад сураси, 12-18 оятлар)
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти
“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси
ўқитувчиси Жўраев Сойибжон