Муқаддас Ислом динимиз инсонни улуғлаган. Шу сабабдан ҳам яратилган бошқа махлуқотлардан афзал ўринга қўйган. Аллоҳ таоло инсонни азиз ва мукаррам мавжудот эканини Каломи орқали баралла эълон қилиб шундай марҳамат қилган:
“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро, 70).
Албатта, инсоннинг азизлиги бежиз эмас. Чунки инсондан бошқа махлуқотлар Аллоҳнинг “Бўл!” деган амри билан пайдо бўлган бўлса, инсонни Ўз қудрати қўли билан энг гўзал суратда яратган. “Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим (шаклда) яратдик” (Тийн, 4).
Гўзал шаклда яратилган азиз инсонга Аллоҳ Ўзига асло исён қилмайдиган, ўзларига буюрилган вазифаларни сўзсиз адо этадиган фаришталарни сажда қилдириб қўйди. Инсонга билмаган нарсаларини билдириб, фаришталардан устунлик жиҳатини кўрсатиб қўйди. Аллоҳ мукаррам инсон хизмати учун кеча ва кундузни, қуёш ва ойни, тоғу-тошларни, наботот ва ҳайвонотни қўйинки, еру-осмондаги барча нарсаларни бўйсундириб қўйган.
Инсоннинг азизлигини унинг барча моддий ва маънавий ҳолатлари ҳимояланганида ҳам кўришимиз мумкин. Яъни, бирор бир инсоннинг жони, дини, мол-мулки ва шаънига тажовуз қилиш катта жиноят деб қаралади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисда: “Ҳар бир мусулмоннинг бошқа бир мусулмонга қони, обрўси ва моли ҳаромдир”, дейилган. (Имом Бухорий ривояти). Аллоҳ таоло Қуръонда инсонларни ўзаро бир-бирларини қонини ноҳақ тўкишдан қайтариб, бир жонни ўлдирган инсонни гўёки бутун башариятни ҳаётига тажовуз қилган шахсдек қарайди. Бу “Моида” сурасининг 32-оятида “…Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир...” кўринишида баён қилинган.
Инсон шаънини юқорида даражага кўтарган динимиз унинг нафақат қонини тўкиш, балки обрўсини поймол этиш ва ўзгалар олдида изза қилишни ҳаром қилган. Бирор инсоннинг мол-мулкини ўғирлаш, талон тарож қилиш моддий жиноят ҳисобланса, унга нисбатан қилинган ғийбат, тухмат, ёлғон ва хиёнат каби ишлар маънавий жиноятлар деб қаралади. Ҳатто, ушбу ҳолатда Аллоҳнинг кечириши зулм кўрган инсоннинг кечиришига боғлаб қўйилган.
Динимизда мусулмонлар нафақат ўзаро бир-бирларини балки, бошқа дин вакилларини ҳам азиз инсон ўрнида кўриб, уларга ҳурмат кўрсатишга буюрилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг атрофидаги саҳобий розияллоҳу анҳумларнинг ҳаётларини ўрганар эканмиз буни кўплаб амалий ва намунавий мисолларини кўришимиз мумкин.
Қуръон оятлари ва Ҳадис матнларини ўрганар эканмиз, Аллоҳ инсонни Ўзининг ердаги ўринбосари сифатида Ўзига ибодат қилиши, ер-юзини обод қилиши, чиройли солиҳ амаллар қилиши ҳамда ўзаро танишиб аҳил ҳаёт кечириши учун яратганини кўрамиз. Зеро, инсоннинг азизлиги ҳам мана шу нарсаларда намоён бўлади.
Инсоният ҳам ўз ўрнида ўринбосарлик масъулиятни ҳис қилиб, Аллоҳнинг талабини адо этган ҳолда яшашга интилиши лозим. Аллоҳ биз инсонларни азиз ва мукаррам ҳолда яратган экан, мана шу азизликни сақлашга ва У зотга азиз ҳолда йўлиқишга ҳаракат қилайлик.
ТИИ “Ақоид ва фиқҳий фанлар”
кафедраси мудири Ф.Жўраев