“Музей” – юнонча атама бўлиб, “муза”, “Музеун” сўзидан келиб чиққан. “Музеун” – бу “гўзал буюмлар сақланадиган жой” деган маънони англатади. Дастлабки музейлар ҳам айнан функционал жиҳатдан ҳозирги музейлардан унчалик фарқ қилмаган. Улар ҳам ноёб буюмларни сақлаш ва намойиш қилиш вазифасини бажарган. Аммо қадимда музейлар алоҳида муассаса сифатида фаолият кўрсатмасдан, маълум вақтларда ёки бирорта тадбир таркибида ўтказилган, шунингдек, буюмларга экспонат сифатида қаралмаган, балки коллекция намунаси сифатида эътибор берилган. Чунки турли мавзулардаги ноёб буюмлар аҳолининг ўзига тўқ табақаси, амалдорлардан иборат коллекционерлар томонидан йиғилган ва халқга намойиш этилган.
Маълумотларга кўра, музейлар дастлаб антик даврда Юнонистон ва Римда вужудга келган. Айни шу даврда коллекциялар тўплаш анъанаси шаклланган. Юнонистондаги Геликон тоғи ёнида турли тасвирдаги ёдгорликлар сақланадиган жой музейларнинг илк кўринишларидан бири ҳисобланган. Санъат, маданият ва фанда эришилган ютуқларнинг намуналаридан иборат коллекциялар тўплаш Европада Уйғониш даврида дастлаб, Италияда, сўнг эса Англия, Франция, Германия ва бошқа мамлакатларда анъанага айланди. Италияда XV асрда моддий-маданий буюмларни йиғиш ва намойиш этиш ишлари аниқ тизим асосида ташкил этилган бўлса, XVI-XVII асрларга келиб, Франция, Англия, Германияда ҳам музейлар ташкил этиш одат тусига кирган. 1753 йил очилган Лондондаги “Британия музейи”, 1793 йил ташкил этилган Париждаги “Лувр” музейи Ғарбий Европадаги илк оммавий музейлар саналади.
XIX асрга келиб дунё миқёсида кўплаб йирик музейлар вужудга келди. 1819 йилда Мадриддаги “Прадо музейи”, 1873 йилда Москвадаги Тарих музейи, 1852 йилда Санкт-Петербургдаги Эрмитаж, 1870 йилда Нью-Йоркдаги Метрополитен музейларни мисол қилиб келтириш мумкин. Ўша даврларда кўплаб давлатларда бўлганидек, Ўрта Осиёда ҳам катта музейлар барпо этилган. Тошкентда илк музей 1876 йил очилган, у ҳозирги Ўзбекистон тарихи давлат музейидир. Юртимиздаги дастлабки музейнинг фаолияти А.П.Федченко, Н.А. Маев, В.Ф. Ошанин, И.В. Мушкетов, В.В. Бартольд каби олимларнинг саъйи-ҳаракатлари ва ташаббуслари билан шаклланиб борган.
ТИИ “Ижтимоий фанлар” кафедраси доценти
Тангиров Обид Эшмахматович