Муҳаммад Саъид Рамазон Бутийнинг илк устози ким?
Доктор, шайх, аллома, ҳаким, мураббий, муаллим, шаҳид Муҳаммад Саъид ибн Рамазон Бутий рaҳимаҳуллоҳнинг илк ва асосий устози оталари бўлган.
Рамазон Бутий рaҳимаҳуллоҳ оталари ҳақида қуйидагиларни айтадилар: “Отам Мулла Рамазон менинг энг катта устозимдир. Отам туғилишни қайд этадиган дафтарга кўра, 1888-йил, Бутан жазирасига қарашли Жилка номли кичик қишлоқда таваллуд топганлар. Бу орол араб тилида “Ибн Умар жазираси”, деб номланган. У Туркия ҳудудига кирар еди. Суриянинг Айни Дивор шаҳарчасидан кўриниб турарди. Отамнинг асл исмлари Умар бўлган, лекин Мулла Рамазон деб танилганлар. Кўпчилик отамнинг исмлари Мулла, кунялари эса, Рамазон бўлган деб ўйлашарди. Шунинг учун шайх Мулла деб чақиришарди.
Отам, миллати курд бўлган ота-онадан дунёга келганлар. Юқорида айтиб ўтганимдек: отамнинг исми Умар, бобомнинг исми эса, Мурод бўлган. Мен насабимизда бундан бошқа тафсилотни билмайман. Отамдан айрим маълумотларни сўраганимда, бу ишга эътибор қаратмаслигим маълум бўлган. Чунки инсон мозий зулматларида насаб йўлини хатога йўл қўймай аниқлаши, қийин иш экан. Бу изланишда чуқур кетишдан воз кечган маъқул. Ибн Вардий бунга ишора қилиб, шундай дейдилар: “Аслим ва фаслим дема ҳеч қачон, балки йигитнинг асли – эришганидир”.
Отамнинг боболари деҳқон бўлиб, кўп вақтларини далада зироат ишлари билан ўтказар эдилар. У кишининг болалари ва неваралари учун бундан кўра яхшироқ иши йўқ эди. Масалан, неваралардан бири баъзи ҳожатларини ўзи мустақил бажара оладиган бўлиши биланоқ, деҳқончилик ва хўжалик ишларида ёрдам беришга йўналтирилар эди.
Оталарининг илм йўлига ўтишлари:
Рамазон Бутийнинг момолари солиҳа ва тақводор аёл бўлганлар. У зотнинг оталари болаликни ўзига хос бебошлик даврида бўлишига қарамай, оналари фарзандини келажакда илм аҳлидан бўлишини хоҳлаб, бу борада қаттиқ ҳаракат қиладилар. Ниҳоят ишни уддасидан чиқадилар.
Рамазон Бутий айтадилар: “Отам раҳимаҳуллоҳ айтар эдилар: “Бир муддат бобомнинг далада у киши билан бирга ишлашимга бўлган рағбатлари ва ота-онамнинг мени ўқитиш ва талаби илмда юришимга бўлган мақсадлари ўртасида қолиб кетдим. Лекин мен ўша пайтда дарс олиш ва ёзиш мажбуриятидан қутилиб, бобомга дала ишларида ёрдамлашишни баҳона қилиб, тенгдошларим билан бирга ўйинқароклик қилиб юришдан роҳат топардим. Ўқишдан кўнглим тўлмаслигининг сабаби, унга энди киришганим учун унда мени ўзига жалб қиладиган ва қизиқтирадиган ҳеч нарса йўқ эди. Шунда отам бир кишини менга қалам, сиёҳ ва ёзув қоғозлари сотиб олиб келиши учун юбордилар. Мен уни интизорлик билан кута бошладим. У одам кутилмаганда менга қамишли қалам, сиёҳдон ва қоғозлар олиб келди ва қалбимни сурур ва хурсандчиликка тўлдирди. Чунки мен кичкина бўлишимга қарамай, мазкур нодир ашёларнинг эгаси бўлиб қолгандим-да!”.
Аллоҳ таоло отамни болалик чоғидаёқ деҳқончиликдан ва ота-бобоси билан бирига далада ишлашдан ажратиб, ёзиш ва Қуръон қироатини ўрганишга, сўнг юқорида айтиб ўтган мадрасаларимдан бирида таҳсил олишга йўллади. У кишини таҳсил олиш давридаги воқеъалардан унчалик хабардор эмасман. Лекин, мадрасалардан манфаат олиш учун, бир неча қишлоқларда кўчиб юрганлар. Кўп мадрасаларда таълим олганлар. Бир қанча шайхларга шогирд тушганлар ва уларнинг ҳар биридан отам ўзлари эҳтиёж сезган илмларни қондириш мақсадида таълим олганлар. Отам менга ушбу воқеъаларни бир неча бор айтиб берганлар.
Отам рaҳимаҳуллоҳ имом Шофеъийнинг фиқҳида моҳирликлари ва ҳанафий фиқҳини яхши билишлари билан танилгандилар. Бу икки мазҳабни кўп ўргангандилар. Шунингдек мантиқ, наҳв ва сарф каби восита (сабаб, яъни шаръий илмларни ўрганишга сабаб бўладиган) илмларини ҳам чуқур билардилар. Булардан ҳам муҳими илмий масалаларда, хусусан, фиқҳий масалаларда дақиқ илмий изланишлар олиб борардилар. У масалаларни чуқур ўрганар, изланиш ва фикрлашдан ҳеч тўхтамасдилар. Кўпинча бир фиқҳий масалани ўрганиш учун икки-уч кунлаб вақт сарфлар эдилар. Фикру хаёллари, то қатъий қарорга келгунча ўша масала бўлиб қоларди.
Кўп толиби илм ва уларнинг устозларини юзаки қараш ва изланиш ҳамда, шаръий матнлар[1] ва уларнинг далолатларини яхши ўрганмасликда айблардилар.
Талабалар бирор фандан дарс олишни хоҳласа, рад этмасдилар. Кўпинча, дарс олмоқчи бўлган илмини талабанинг ўзи таклиф қиларди. Талабаларнинг у кишидан кўпроқ ўрганадиган илмлари фиқҳ, тафсир, мантиқ, наҳв, сарф ва балоғат каби восита (сабаб, яъни шаръий илмларни ўрганишга сабаб бўладиган)илмлар бўлар эди. Бунга тасаввуф ва рақоиқ (қалбни юмшатиш) илмлари ҳам қўшимча бўларди. Бир тоифа талабалар “Рисалатул Қушайрийя”ни бир неча бор дарс олишганди. Уларга “Ҳикамул Атоъийя”ни ва баъзида унинг шарҳларини, шунингдек шайх Зарруқнинг “Қавоидут тасаввуф”ларини таълим бергандилар.
Умрларининг охирги ўн йиллигини тасаввуф билан шуғулланишга ва раббоний уламоларнинг ҳаётларини ўрганишга бағишладилар. Олдиларига бошқа илмлардан дарс олгани келганларга истагини ўзгалардан излашни тавсия қилардилар.
Илмий изланишларининг охири – имом Ғаззолийнинг “Иҳёу улумид дин” китобларини ўрганишга муккасидан кетдилар. Бу китобдан дарс олиш истагидаги турли тушунча ва даражадаги кишилардан катта издиҳом юзага келиб, кўпинча ҳовлимиз тўлиб кетарди. Бу дарслар ҳар хафтанинг душанба ва сешанба куни бўларди. Китобнинг охирига етгач, отам раҳимаҳуллоҳ ва у кишидан бу китобни дарс олган талабаларга уни бошидан қайта-қайта ўқиш фикри ёқиб қолди. Менинг эсимда, у китобни ана шундай ҳолда ўрганиш саккиз йилга яқин давом этди.
Отам раҳматли ёзиш ва таълифга қизиққан одам эмасдилар. Ортларидан таълиф ёки илмий ишлардан иборат бирор асар қолдирмаганлар. Фақатгина кейинчалик тузалиб кетган ва ўлимни эслатиб юборган касалликлари пайтида, ёлғиз ўғилларига атаб ёзган васиятнома рисолалари бундан мустасно.
Лекин тафаккурлари ва илмий фаолиятлари низомида нодир бир кўриниш зоҳир бўлди. У ҳам бўлса иккита мақола ёздилар ва уларни нашр қилдирдилар. Бу ҳолат олдин ҳам бўлмаганди, кейин ҳам бўлмади.
Ҳозир отам раҳимаҳуллоҳ таълим олган шайхлардан уч нафарини эслай оламан. Улар турли жойлардан эдилар:
- Шайх Сайдо номи билан машҳур, шайх Муҳаммад Саъид Сайдо эди.
- Саййид Муҳаммад бўлиб, отам у кишининг илм ва тавозесини таърифлаб юрардилар. Бу зотни кўриш менга ҳам 40-йилларда Дамашқдан Байтуллоҳга кетаёганларида насиб қилган.
- Мулло Абдуссалом бўлиб, отам доим: “Устозим мулло Абдуссалом” дея дуо қилардилар.
Хулоса қилиб айтганда, Муҳаммад Саъид Рамазон Бутийнинг буюк олим бўлишига у зотнинг момолари яъни: Мулла Рамазоннинг оналари сабаб бўлган экан десак, муболаға қилмаган бўламиз, албатта.
Ҳа, азизлар! Биз ҳам фарзандларимиз келажакда динга хизмат қиладиган, миллатга фойда келтирадиган олим бўлишини хоҳласак, аввaло, илм ва илм аҳлига муҳаббатли бўлишимиз ва уларни эъзозлашимиз керак. Турмуш ҳаётимиздан келиб чиққан ҳолда доимо, умримизни сўнгига қадар илм талабида бўлишимиз даркор. Афсуски, жуда кўп оилаларда китоб мутолаа қилинмай қўйилганига гувоҳ бўласиз. Агар, биз ота-оналар кунимизнинг бир вақтини китоб ўқишга ажратсак, албатта, фарзандаларимиз ҳам биздан ибрат оладилар. Чунки, “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган мақол бежиз айтилмаган-да.
Зеро араб ҳикматларида: “Ҳар бир яхшиликнинг боши илмдир ва ҳар бир ёмонликнинг боши илмсизликдир” дейилган.
Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти
4-босқич талабаси Азизов Дилшод Шавкатович
[1] Қуръон, ҳадис