Зиёрат туризмини ривожлантириш, юртимиздан етишиб чиққан алломалар қадамжоларини зиёрат қилиш, диний таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишиш, диний таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, хатми кутуб анъанавий диний таълимини такомиллаштириш мақсадида жорий йилнинг 27-29 май кунлари Тошкент ислом институти ректори, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” ва “Таҳфизул-Қуръон” кафедралари устозлари бошчилигида 4-курс талабалари билан Бухоро ва Самарқанд вилоятларига зиёрат ташкил этилди.
90га яқин Тошкент ислом институти жамоаси Тошкент-Бухоро-Самарқанд-Тошкент йўналиши бўйича илмий сафарга чиқдилар.
Тошкент ислом институти жамоаси Бухоро ва Самарқанд вилоятларида диний таълим муассасаларига ташриф буюрдилар, тарихий обидаларни зиёрат қилиб, “Саҳиҳул Бухорий” асарини хатм қилдилар.
Дастлаб, устоз ва талабалар Абдулхолиқ Ғиждивоний мақбарасини зиёрат қилдилар.
Сўнг, Когон туманида жойлашган Ҳазрат Мир Кулол мақбарасини ва Баҳоуддин Нақшбанд қадамжосини зиёрат қилиш билан сафарни давом эттирдилар.
Сафарнинг биринчи куни меҳмонлар, шунингдек, Бухоро шаҳридаги Абу Ҳафс Кабир ҳамда Чор Бакр мажмуаларига ҳам ташриф буюриб, алломалар тўғрисида қимматли маълумотларга эга бўлиб, ўтганлар ҳақига дуои хайрлар қилдилар.
Сафарнинг иккинчи кунини, Исмоил Сомоний мақбарасидан сўнг, устоз ва талабалар навбатда Мир Араб олий мадрасасини зиёрат қилиш билан бошладилар.
Куннинг иккинчи ярмида “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси Ҳадис фани катта ўқитувчиси Фахриддин домла Маманосиров устозлигида талабалар “Саҳиҳул Бухорий” китобидан ҳадисларни санади билан ўқидилар.
Тошкент ислом институти талабалари “Жомеъус саҳиҳ” матнларини, хорижий илмий сафарлардан қайтиб, минглаб толиби илмларга ҳадисдан айнан Бухорода дарс берган муаллиф Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг масканида ўқишларида ҳам ўзига хос илмий файз ҳамда маъно бор.
Учинчи куни Тошкент ислом институти жамоаси Самарқанд вилояти Пайариқ туманига етиб келиб, Ҳадис илми мактаби фаолияти билан танишдилар.
4-курс талабалари дарс ва тўгаракларда Имом Бухорийнинг “Жомеъус саҳиҳ” китобини ўқиб хатмига яқин қолган эдилар. Китобдаги охирги ҳадисларни эса, айнан муаллиф Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ мангу қўним топган Самарқанд диёрида ўқиш Тошкент ислом институти устоз ва талабаларига анъанага айланган.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Жомеъус саҳиҳ”ни хатм қилган талабаларга “Саҳиҳул Бухорий” бўйича ижоза шаҳодатномалари топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Тошкент ислом институти ректори, сиёсий фанлар доктори, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, Ҳадис илми мактаби ректори Олимхон домла Юсупов, мисрлик устоз шайх Жамолиддин Ҳошим, ҳадис фани ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.
Шундай қилиб, 90га яқин Тошкент ислом институти жамоаси Тошкент-Бухоро-Самарқанд-Тошкент йўналиши бўйича илмий сафарни якунлаб ортларига қайтдилар.
Институт раҳбарияти сафарни ташкил этишда моддий-ташкилий кўмак берган илмни севувчи саховатпеша инсонларга, Бухородаги Мир Араб олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, Самарқанддаги Ҳадис илми мактаби ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбарияти, устозлари ва талабаларига ўз миннатдорчилигини билдириб, Аллоҳ таолодан уларга икки дунё саодатини насиб этишини сўрайди.
ТИИ Матбуот хизмати