Куръони карим ва ҳадиси шарифларда инсон саломатлигига доир кўрсатмалар етарлича топилади. Бу нарсани тўлиқ ўрганган, яна бу соҳага тегишли бошқа нарсаларни ўрганган мутахассислар жуда ҳам кўп. Улар ўша таълимотлар асосида бу соҳада фидокорлик кўрсатиб фаолият олиб бора бошладилар[1].
Буюк ватандошимиз Имом Бухорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда: Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ қайси бир дардни нозил қилган бўлса, албатта, унинг шифосини ҳам туширгандир”, дедилар.
Имом Муслим ривоят қилган лафзда:“Ҳар бир дарднинг давоси бор. Қачон даво дардни топса Аллоҳ азза ва жалланинг изни ила тузаладир” деган. Шу кунларидан бошлаб бу маъно мусулмонларнинг ақидасига айланиб бўлган эди.
Ҳар бир мусулмон табиб ҳар қандай дарднинг давосини Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолда тинмай излар эди. Ҳар бир мусулмон бемор ҳам ноумид бўлмай дардига даво талабида бўлар эди.
Бу руҳият мусулмонларнинг дунё тарихида мисли кўрилмаган равишда тиббий кашфиётлар қилишларига олиб келди. Улар қилган кашфиётлари билан мақтанишни, бир бирларига мукофотлар ва унвонлар таъсис қилишларини ўзларига эп кўрмас эдилар. Бирор катта кашфиёт қилган чоғларида ҳам Аллоҳ таолонинг ёрдами ва инояти билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида келган маъно рўёбга чиқди, деб қўйиб кетаверар эдилар[2].
Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: “Эй одам боласи, сукут сақлаш билан Мендан тан-сиҳатлик, хотиржамлик сўра” деб марҳамат қилган.
Яна ояти каримада марҳамат қилади:
وَإِن يَمْسَسْكَ اللّهُ بِضُرٍّ فَلاَ كَاشِفَ لَهُ إِلاَّ هُوَ وَإِن يَمْسَسْكَ بِخَيْرٍ فَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدُيرٌ
“Агар Аллоҳ сени зарарига оладиган бўлса, Унинг Ўзидан бошқа кушойиш берадиган йўқ…”.(Анъом сураси, 17-оят)[3].
Аллоҳ таоло инсонни ўзи яратди, ўзи унинг яшаш тарзини белгилаб берди ва уни бахти учун нималар қилиши кераклигини ҳам ўзи яхшироқ билади, буйруқ ва кўрсатмаларининг асоси ҳам шундан келиб чиқади. Инсон Аллоҳ таолога бандалик қилсин, гўзал ва чиройли ҳаёт кечирсин. Мана шунинг ўзи унинг азалий орзу қилган бахтга, хотиржамликка кафил бўлади. Динимизнинг ғоялари мана шундай.
[1] “Ҳадис ва ҳаёт”. (Тиб ва дам). Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Т.: “Шарқ” нашриёт-матбаа бирлашмаси. 18-жузъ. 2007-й. 20-б.
[2]“Ҳадис ва ҳаёт”. (Тиб ва дам). Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Т.: “Шарқ” нашриёт-матбаа бирлашмаси. 18-жузъ. 2007-й. 270-б.
[3]“Тафсир ҳилол”. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. – Т.: “Шарқ” нашриёт-матбаа бирлашмаси. 2-жузъ. 2008-й. 165-б.
Тошкент ислом институти битирувчиси
Намозов Нусратилло