Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий (р.а) айтади: Анас ибн Молик (р.а) Пайғамбардан (с.а.в) ривоят қилишича, у зот айтадилар: “Уламолар Пайғамбарларнинг Аллоҳ бандалари устидаги омонатдорларидир”.
Абу Дардо (р.а) айтади: “Таълим олмай олим бўлмайди. Илмга амал қилмасдан ҳам олим бўлолмайди” деганлар.
Исо ибн Марям (алайҳумассалом) айтган эканлар: “Ким билса, амал қилмаса ва ўргатса, уни осмон салтанатида азим деб чақирилади”.
Умар ибн Хаттобдан (р.а) ривоят: У киши Абдуллоҳ ибн Саломдан (р.а) сўради. “Илмнинг эгалари кимлар?”. “Унга амал қилувчилар”, деди. “Кишиларнинг қалбидан илмни нима чиқаради?” деб сўради. “Тама” деб жавоб бердилар.
Ҳасратнинг энг қаттиғи қиёмат кунида учта нарсадан бўлар экан: Бир кишики, унинг солиҳ қули бўлиб, у жаннатга киради, ўзи эса, дўзахга тушади. Яна бир киши мол тўплайди, лекин Аллоҳнинг ҳаққини (закотни) бермайди, сўнг ўлади ва меросхўрлари у молдан инфоқ қилиб, дўзахдан қутулиб қолади, молни тўплаган киши эса, дўзахга тушади. Ёмон олим, у одамларга гапириб юради. Одамлар унинг илми билан нажот топишади. Ўзи эса дўзахга кетади.
Айтилади: Қиёмат кунида жоҳиллар олимларга ёпишади ва: “Сизлар билган эдинглар, лекин бизларга далолат қилмадинглар, бизларни қайтармадинглар, шу ишларингиз учун биз бу ҳолга тушиб ўтирибмиз”, деб айтади. Пайғамбаримиз (с.а.в): “Одамларнинг қайсиси ёмон?” деб сўрашди. Айтдилар: “Бузилган олим”, дедилар. Агар олим бузилса, унинг бузуқлигидан олам бузилади. Суфён Саврий айтади: “Илмнинг боши – жим туриш, кейингиси – эшитиш, учинчиси – ёд олиш, тўртинчиси – унга амал қилиш, бешингчиси – уни тарқатиш дедилар”.
Абу Ҳафс айтади: “Ўнта нарса одамларнинг ўнта тоифаси учун ёмонидир. Султондаги тезлик, бойлардаги бахиллик, уламолардаги тама, камбағалдаги ҳирс, таниқли одамларда ҳаёнинг озлиги, қарилар ўзларини ёшлардек тутиши, эркакларнинг аёлларга ва аёлларнинг эркакларга ўхшаши, зоҳидларнинг дунё аҳли эшикларига келиши, бандалардаги жоҳиллик”.
Фузайл ибн Иёз (р.а) айтади: “Агар олим дунёга рағбат қилиб, ҳирс қўйса, у билан бирга ўтириш жоҳилнинг жоҳиллигини, фожирнинг фожирлигини зиёда қилади ва мўминнинг қалбини қотиради”. Ҳакимлардан бири айтади. “Ҳакимларнинг сўзи аҳмоқлар учун эрмак, овунчоқдир ва аҳмоқларнинг сўзи ҳакимлар учун ибратдир”, яъни, аҳмоқлар ҳакимларнинг гапини эшитса, уларнинг каломларини чиройли санайдилар ва бу эрмак ўрнида бўлади. Аммо ҳакимлар аҳмоқларнинг гапларини эшитиб, ёмонликни кўриб, ундан ибрат оладилар ва унга ўхшаганлардан сақланадилар. Аҳмоқларнинг ҳиммати эшитиш, олимларнинг ҳиммати ривоят, зоҳидларнинг ҳиммати риоя этиш, яъни, уни маҳкам тутиб амал қилишдир.
Яна Исодан (а.с) ривоят: “Дарахтлар кўп, лекин ҳаммаси ҳам мевали эмас. Уламолар кўп, уларнинг ҳаммалари йўл кўрсатувчи эмас. Мевалар кўп, уларнинг ҳаммаси бирдай ширин эмас. Илмлар кўп, уларнинг ҳаммаси ҳам фойдали эмас”. “Ким билган нарсасига амал қилса, билмаган нарсаларига ҳам муваффақ бўлади”. Пайғамбаримиз (с.а.в) айтадилар: “Ҳамма олимларнинг ҳам олдида ўтираверманглар, агар бешта нарсадан бешта нарсага чақирса, ўтиринглар. Гумондан ишончга, кибрдан тавозеъга, душманликдан насиҳатга, риёдан ихлосга, рағбатдан зоҳидликка деганлар Аллоҳ таоло барчаларимизни илмга амал қиладиганлардан қилсин Омин.
Ал-Фақиҳ Абу Лайс ас-Самарқандийнинг
“Танбеҳул ғофилин” китоби асосида
Имом-Термизий ўрта маҳсус ислом таълим муассаси
талабаси Муродулло Чориев тайёрлади