Аввал хабар берганимиздек, ўтган ўқув йилидан бошлаб “Бухоро тажрибаси” тадбирлари доирасида маҳаллаларда ўтказилаётган тарғиботларга олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари талабалари ҳам жалб этилган эди.
2023-2024 ўқув йилида ҳам тарғибот ишлари давом этиб, талабаларнинг 1-босқич амалиёти бошланди.
Шу муносабат билан амалиётга чиқаётган талабалар билан мулоқот ўтказилди. Тошкент ислом институти Ўқув ишлари бўйича проректор Ёқубжон домла Бухарбаев, Илмий ишлар ва фан бўйича проректори Соатмурод домла Примов, Кундузги таълим декани Нодиржон Тўрабоев, Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Олимов Абдуҳаким иштирокидаги тадбирда масъуллар амалиёт ўташ билан боғлиқ масалалар юзасида талабаларга атрофлича маълумот бердилар.
ТИИ талабалари Тошкент вилоятининг муайян ҳудудларида ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан сақлашга қаратилган чора-тадбирлар вазифасига мувофиқ вилоятнинг Зангиота, Тошкент ҳамда Қибрай туманларида жойлашган жами 140 та маҳаллада тарғибот тадбирларида иштирок этмоқдалар.
Амалиётчи талабалар давра суҳбатлари ва ижтимоий кўмакка муҳтож шахслар билан учрашувлар ўтказмоқда, уюшмаган ёшлар билан мулоқот ташкил қилиб, кекса авлод вакиллари ҳолидан хабар олмоқдалар, шунингдек, “Темир”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтаридаги шахслар билан ҳам учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганмоқдалар.
ТИИ Матбуот хизмати