Тошкент ислом институтида “Декабрь – Ислом ва ҳозирги замон” фан ойлиги муносабати билан “Ижтимоий фанлар” кафедраси профессори Х.Алимов 1-сонли талабалар турар жойида истиқомат қилувчи талабалар учун қишки таътилга чиқишлари олдидан жорий йилнинг 23 декабрь куни “Ислом психологиясида нафсни тарбиялаш” мавзусида давра суҳбати ўтказди.
Тадбирда Тиллар кафедраси катта ўқитувчиси Ф.Эрназаров “Ижтимоий фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси Т.Азимов, ўқитувчи Ш.Бадиев, М.Мавлянкулов ҳамда Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими ходими Раҳматулло Олтинбоев иштирок этди.
Талабалар фазилатли амаллари билан улуғ хулқи, гўзал ўрнакли бўладилар. Талабалар нафсни тарбиялаш ва бошқариш илмини, разил хулқдан, ёмон йўллардан узоқ бўлишни ҳам ўрганадилар.
Инсонда руҳ ва нафс бордир. Руҳнинг озуқаси шариъатга мувофиқ бўлган барча амаллар бўлиб, кимки бирон шаръий амални қилса, руҳ қувватланади. Мана шу сабабдан намоз ва бошқа ибодатлардан кейин руҳий таскинлик топилади. Нафснинг истаги эса шариъатнинг зидди бўлган нарсалар бўлиб, ўша амал сабаб кишининг нафси қувватланади.
Нафс инсоннинг ўзлигини, жони, қалби каби маъноларни англатади. Бу ҳақда Имом Ғаззолий шундай ёзади: “Билғилким, сени ким халқ қилибдур? Икки нимарсадин бири зоҳир бадандурки, ани тан атабдурлар, муни зоҳир кўз бирла кўргали бўлур. Яна бири маънии ботиндурки, ани нафс дерлар, жон атарлар ва дил ҳам дерлар”.
Инсон нафси ҳамиша тарбияга муҳтож. Инсон ўз нафсини таниш ва уни тарбия топтириши билан камолга етади. Комил инсонларнинг барчалари ўз нафсини таниб, уни тарбиялаб камолга етказган кишилардир. Зеро, ўз нафсини танимаган одамдан комил инсон чиқиши қийин. Агар нафсга нафсоний истакларини берсанг, янада йўлдан озади ва бошқа нарсалар истай бошлайди. Чақмоқ тошда олов яширин бўлгани каби нафсоний орзулар ҳам қалбда яшириндир; ёқсанг порлар, ўз ҳолига қўйилса, яширинади”.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, нафснинг ҳавойи истакларига бўйсунган одам, агар у ҳукмдор бўлса, қул аҳволига тушади. Нафснинг ҳавойи ҳавасларига қарши бориб, сабр қилган одам эса, қул бўлса ҳукмдор бўлади.
ТИИ “Ижтимоий фанлар” кафедраси
кабинет мудири Мавлянкулов Мурод