﷽
الحمد لله و الصلاة و السلام على رسول الله و على آله و صحبه و من والاه. أما بعد:
“Журъатсиз” салаф солиҳлар
Ҳадис дастурхонига меҳмон сифатида ташриф буюриш, ҳадис мажлисларида илм толиби, кузатувчи ҳолатда иштирок этиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари жамланган китобларни ўқиб-ўрганиш натижасида киши ҳадиснинг фиқҳи бу илмнинг марказида туришини англаб етади ва бу ўринли хулоса ҳамдир.
Ҳадиснинг фиқҳи – унинг маъноси, ҳадисдан олинадиган ҳукмлар илми деганидир.
Камина мазкур сатрлар орқали муҳаддисларнинг фиқҳул ҳадис борасидаги мартабаларига мисол ўлароқ «المصنف»ни таълиф қилган зот Имом Абдурраззоқ Санъаний ва яна бир қанча ҳадис имомлари билан бўлган воқеъалар ҳамда ибратли ўринларни эътиборингизга ҳавола этаман.
Имом Абдураззоқ Санъаний яманлик бўлиб, у кишининг асҳоблари орасида машҳурлари:
- Аҳмад ибн Ҳанбал;
- Яҳё ибн Маъин;
- Исҳоқ ибн Роҳувяҳ;
Муҳаммад ибн Яҳё Зуҳлийларни санаш мумкин.
Имом Абдураззоқ Санъанийни бир ибора билан: «Саҳоба ва тобеъинлар ҳамда уларга яхшилик билан эргашган салаф солиҳларнинг фатво-қовллари ва асарларини бизгача етказган зот», деб сифатлаш мумкин. Имом Абдураззоқ Санъаний бу васфга нақадар ҳақли эканини англаш учун китоблари ҳақида икки оғиз тўхталиб ўтиш зарурати туғилади албатта. Демак, «Мусаннаф» ўн иккита қалин-қалин китоб бўлиб, Салаф солиҳларнинг фиқҳини ўзида жамлаган илмий мерос экани билан қимматли. Китобда йигирма мингдан ортиқ асар ривоят қилинган.
Хўп, энди, Санъанийнинг фиқҳий салоҳияти ҳақидаги гапимизга қайтсак: Аҳмад ибн Ҳанбалдан: «У киши(Абдураззоқ) фиқҳ(фиқҳул ҳадис)да қай даражада салоҳиятли?», деб сўрашганида, биласизми имом нима деб жавоб бердилар? Ҳа! У киши сўровчи кутмаган услубда: «Муҳаддисларда фиқҳ нақадар кам», деди.
Муҳтарам ўқувчи, бу жавоблар сизни чалғитмасин! Очиқроқ айтадиган бўлсак, фиқҳни билишмаган эканда, деган таҳқир назари шаклланишига олиб келмасин. Чунки фиқҳ деганда ҳозирги кундаги каби тайёр китоблардан масалалрни ўрганиш, уларни ёд олиш тушунилмайди. Аксинча насс(шаръий матн)лардан мурожаат истинбот қилиш – чиқариб олиш назарда тутилмоқда. Энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг: «Мусаннаф»ни ёзган одам фақиҳ бўлмайдими?! Масаланинг нозик нуқтаси, кўпчилик кўздан қочирадиган ўрни ҳам шу аслида! Илмий ёндашув хулосасига кўра: бу киши фатволарни йиғган холос, ўзи истинбот билан шуғулланмаган. Киши илмийлик асосида ёндашмаса: «Салафи солиҳларнинг фатволари тўпланган энг йирик манба соҳиби сўзсиз фақиҳ бўлади», деб юборади. Бу эса хато ҳамда тахминга таяниб ҳукм чиқаришдир. Илм-фан, айниқса, ҳадис каби бошқа шаръий илмларда ҳам бу каби чамаловларга ўрин ҳам, йўл ҳам йўқ!
Навбатдаги муҳаддис, ҳадис илмида амиийрул мўъминийн(мўминларнинг амири) бўлган зот Яҳё ибн Маъиндир. У кишига: «Бир одам хотинига “билганингни қил”, деб ихтиёрини берибди. Кейин хотин ўзини танлабди. Шунда талоқ воқеъ бўладими?», саволи билан мурожаат қилишганида, буни бориб фиқҳ аҳлидан сўранглар, деб қайтариб юборган. Бу билан Яҳё ибн Маъин: «Бу бизнинг иш эмас. Фиқҳнинг ўз эгалари бор», демоқчи. Ваҳолангки, у ривоят қилган минглаб тариқлардаги ҳадисларда у маънодаги ҳадис тўлиб тошиб ётибди! «У маънодаги ҳадис» дегандан талоқ бобидаги ҳадислар назарда тутилмоқда. Бу масалаку оғир, жиддий! Яҳё ибн Маъиндан таяммум ҳақида сўрашганида ҳам жавоб бермаганлар! Нимага?! Чунки ўзларини бунга аҳл санамаган. Бунақа мисоллар талайгина. Аҳмад ибн Ҳанбалнинг даврларида одамлар ҳадис билади, масалалар билан ҳам яхшигина таниш бўлса керак, деган ўйда ҳайзли аёлга доир масала сўраб келишди. Муҳаддис масалани бориб имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан сўради. Бу ҳолнинг ажиблигини кўринг! Буни қандай тушуниш мумкин? Ўзлари шартта-шартта жавоб бериб юборсалар бўлмасмиди?! Улар фиқҳда оқсоқми?! Фиқҳул ҳадисга ҳам киришишса бўлмасмиди?! Йўқ!!! Бир нарсани унутманг: Бу Аллоҳнинг танлаб олганига ишора. Улар ҳадис учун ихтиёр қилинган зотлар. Иккинчидан эса бу тарихий воқеъликлар зикри ўтган кишиларнинг омонатдор эканига далолат қилади. Дин бобида содиқ бўлишганини ифода этади. Бир сўз билан айтганда у зотлар ўзининг ҳаддини билишган ва ўша чегарадан ўтмай тўхтай олишган. Ҳадис бобида денгиз, уммон мисол бу улуғларимизга араб тилини билишлари, ҳадис билан шуғулланаётганлари журъат бермаган, ҳа деса, гапириб кетаверишмаган улар! Бу эса кўплар ҳавас қиладиган олий мартаба, тақвонинг юксак намунасидир.
Қози Абдурроҳман Ромаҳурмузий «المحدث الفاصل بين الراوي والواعي» асарида илм ва тақвони ўзида жамлаган фақиҳ Абулфатҳ Наср ибн Иброҳимдан қуйидаги ривоятни келтиради:
«Ғассоллик билан шуғулланадиган бир аёл бор эди. Вазият тақозосига кўра, баъзан у узрли(ҳайз) ҳолатида ҳам маййит ювишига тўғри келиб қоларди. Шунинг учун аёл мазкур ҳолат бўйича фатво сўраш мақсадида илм аҳлига мурожаат қилгани боради ва у ерда ҳадис илми мажлисининг устидан чиқиб қолади. Ҳалқада Яҳё ибн Маъин, Зуҳайр ибн Ҳарб, Халаф ибн Салим ҳамда яна бир қанча ҳадис имомлари жам эди. Улар ҳадисларнинг тариқ – йўллари борасида музокара олиб боришаётган маҳал экан ўшанда. Аёл ҳам ўзининг масаласини ўртага ташлайди ҳамки ҳалқадагилар ҳайрон бўлиб бир-бирларига қарашарди. Бу орада имом Шофеъийнинг шогирдларидан бўлган Абу Савр келиб қолади. Масалангизни мана шу кишидан сўранг деб, аёлни у томонга йўналтиришади. Абу Савр: «Аёл киши ҳайз ҳолатида ҳам ғассоллик қилиши мумкин. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам онамиз Оиша розияллоҳу анҳога: «Ҳайз сенинг қўлингда эмас!», деганлар. Бундан ташқари бошқа бир ривоятда Оиша онамиз: «Мен ҳайз кўрган кунларимда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочларини тарардим”, деганлари ҳам маълум. Ушбу ҳадислардан келиб чиқиб, ҳайзли ҳолатдаги аёл тирик одамнинг сочини тараши жоиз бўлса, маййитни ювиши ҳам мумкин деган фиқҳий ҳукм олинади», деб жавоб беради ва саволга берилган фатвонинг якуний нуқтаси мажлис аҳлининг Оиша розияллоҳу анҳудан қилинган иккита ривоят санади борасидаги баҳсга уланиб кетади. Ҳолат аёлнинг эътиборини жалб қилганидан у муҳаддисларга қарата таажжуб ёқасини тишлаб: «Шу пайтгача қаерда эдингиз?!», дейди».
Воқеани бизга ривоят қилиб берган Абулфазл Наср ибн Иброҳим кетидан қуйидаги изоҳларни қўшимча қилиб, шундай дейди:
«Яҳё ибн Маъин ва у кишига ҳаммажлис бўлган муҳаддисларнинг тақдим қилинган масалага жавобни билмаганлари айб ҳисобланмайди. Зеро, Аллоҳ таъоло бандаларнинг ризқ ва амалларини тақсимлагани каби уларга илм борасида ҳам турли насибалар тақдир қилган. Баъзиларни шариат манбаларини асраш, улар орасидан саҳиҳ ва заифларини баён қилишга муваффақ этган бўлса, бошқаларини ушбу манбаларнинг маъноларини фаҳмлаш, улардан ҳукм чиқариш каби вазифалар билан сийлаган.
Воқеъада гувоҳ бўлганингиздек ҳадисларни санади билан зикр қилмагани учун Абу Саврни маломат қилмаганимиз каби муҳаддисларни ҳам ҳадисдан ҳукм олиш билан шуғулланмаганлари учун айбламаймиз, қораламаймиз».
Аллоҳнинг динига хизмат қилиб ўтган илм аҳлларига муносабатимиз мана шу кўринишдаги юксак одоб ва инсоф доирасида бўлиши умматнинг кейинги вакилларига юклатилган бурч ҳамдир.
Толиби илмларнинг кўплари ҳадис билан шуғулланишади лекин… лекин… Келинг шу нуқталарни тўлдириш олдидан улуғ тобеин Муҳаммад ибн Сириннинг ибораларини киритма қилсак: «Мен Куфага кирганим пайт 4000 та муҳаддисни кўрдим. Улардан бор-йўғи 400 таси фақиҳ бўлиб етишди».
Лекин фақиҳлари кам бўлади!
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
Ўқитувчиси Халилуллоҳ Юсуф