islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Илк фирқаларнинг юзага келиши (2-қисм)

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ҳалифалиги даврида 644-656 йиллари тузилган “Сабаиййа фирқаси” фитналар уюштириб, Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуга қарши суиқасд уюштиришга, уни қатл этилишига сабаб бўлди[1]. Шу ўринда Ибн Сабаънинг Қуръонни нотўғри таъвил қилиш ва бошлаб берган фитналарини айтиб ўтсак. У: “Охирзамонга яқин Исо алайҳиссалом қайтишига ишониб, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламни қайтади деган одамни ёлғонга чиқарадиган одамга ҳайрон қоламан”, ахир, Аллоҳ таоло:

إِنَّ الَّذِي فَرَضَ عَلَيْكَ الْقُرْآنَ لَرَادُّكَ إِلَى مَعَادٍ

“(Эй Муҳаммад), албатта сизга (ушбу) Қуръонни (яъни уни тиловат қилишни унга амал қилишни ва уни умматларингизга (етказишни) фарз қилган зот, шак-шубҳасиз сизни бир қайтадиган жойга қайтаргувчидир”[2], деб айтганку. Демак, Муҳаммад алайҳиссалом Исо алайҳиссаломдан кўра қайтишга ҳақлироқдир[3]. Аслида, Пайғамбар алайҳиссалом Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб кетаётганларида, йўлда Жуҳфа деган жойга қўниб, ўзлари ташлаб чиқиб кетаётган ватанлари Маккани қўмсаган вақтларида Аллоҳ таолонинг Пайғамбар алайҳиссаломни ҳали яна Маккага қайтариши борасида нозил бўлган эди. Яна тарқатган нотўғри қиёсий иддаоларидан бири Али розияллоҳу анҳу халифаликка ҳақли деб: “У Набий алайҳиссаломнинг энг яқин дўсти, ҳар бир набийнинг ўзидан кейин аниқ белгилаган васийси-бошқарув масаласида ўринбосар қилиб қўйган шахси бўлади.

Али розияллоҳу анҳу Муҳаммад алайҳиссаломнинг васийси эди. Яна Муҳаммад алайҳис салом пайғамбарларнинг хотами, Али розияллоҳу анҳу васийларнинг хотамидир. Охирги сўзим, Росуллуллоҳнинг васиятини амалга оширмаган ва ушбу васиятга тажовуз қилган, уммат бошқарувини ўз қўлига олган кимсадан кўра золимроқ яна ким бор. Усмон буни ноҳақ ўзлаштирди”, каби сўзларни айтган эди. Ўзининг бу фикрига эргашган инсонларни, бошқаларни ҳам ушбу мақсад йўлига даъват учун халифаликнинг турли жойларига юборган. Улар орқали саҳобалар номидан ёлғондакам ёзилган турли мактубларни одамларга кўрсатган. Оқибатда эса,  айрим алданган шаҳарлар аҳли халифа Усмон розияллоҳу анҳуга қарши бош кўтарган эди[4]. Шу ўринда айтиш керакки, Муовия розияллоҳу анҳу бу фитналарни олдини олишга ҳаракат қилгани ва хавориж каби уларнинг бошлиқлари билан  халифа Усмон розияллоҳу анҳуга қарши чиқмаслик ҳақида кўп муноқашалар қилганини ва Усмон розияллоҳу анҳуга доимо ҳимояда бўлишлари учун қўшин юборишни таклиф қилганда у зот розияллоҳу анҳу қабул қилмаганликлари, шунингдек, фитнага аралашган ва Усмон розияллоҳу анҳунинг ўлдрилишига сабаб бўлган шахслар ичида шомликларнинг йўқлигини, Муовия розияллоҳу анҳунинг Шом волийси бўлган вақтида нақадар тўғри сиёсат юргизганидан дарак беришини билиб олсак ҳам бўлади.

Бу каби фитналардан ташқари, турли араб бўлмаган халқлар, араблар билан аралашуви ўлароқ бу жамиятда яшаётган шахслар табиатига таъсир қилмасдан қолмади. Бунинг натижасида олдингилардан фарқли янгича авлод шаклланди. Бу авлод вакиллари турли миш-мишлар кетидан қувадиган бўлишди. Аввал қаттиққўл бўлган Умар розияллоҳу анҳу халифаликка келган бўлса, у зотдан фарқли равишда бошқача услуб, мулойимлик билан бошқарадиган Усмон розияллоҳу анҳунинг халифа бўлиши ҳам инсонларга таъсир қилган эди. Мадина шаҳридан улуғ саҳобаларнинг чиқиб кетганлигининг ҳам сезиларли ўрни бор. Шунингдек, жоҳилият асабасининг ўрнини ҳам унутмаслик керак. Бу фитна асосчилари Усмон розияллоҳу анҳу қилаётган баъзи дуруст ё мубоҳ ишини диндан чиқиш деб баҳолашлари эди. Қолаверса, бу каби фитнани амалга оширилишидан Ибн Сабаъ каби манфаатдор гуруҳлар борлигини ҳам унутмаслик керак.[5].

Халифаликда кучайиб кетган кескин кураш давомида диний таълимот ичида жамоа раҳбари масаласида уч хил ёндашув шаклланди[6]. Улардан биринчиси халифа Али мухолифлари – хорижийларга тегишлидир. Унда бошқарув фуқаровий жамият, яъни умматга тегишли эканлиги, унинг дунёвий характери алоҳида таъкидланади. Хорижийлар, الخوارج ал-Хавориж – ажралиб чиққанлар, Али ва Муовия розияллоҳу анҳу ўртасидаги Сиффин жангидан сўнг 657 йили ислом тарихида илк юзага келган сиёсий тоифа. Уларнинг таълимотига кўра, халифа диний жамоа томонидан сайланади ва жамоага бўйсинади; ҳар қандай тақводор мусулмон, ҳатто қул ёки қора танли бўлса ҳам халифа бўлиб сайланиши мумкин; агар халифа жамоа манфаатларини ҳимоя қилмаса, вазифасидан бўшатилади ва ҳатто қатл этилади[7]. Улар бу мансабни шиалардек муқаддаслаштириш-сакраллаштириш шарт эмас, чунки “Бошқарув Аллоҳники” – Ал-Мулку лилллаҳ, деган хулосага келганлар. Хорижийлар аввалги халифалар Абу Бакр ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни ҳақиқий давлат раҳбари ҳисоблардилар. Қолган икки халифа Усмон ва Али розияллоҳу анҳуга қарши норозиликларини билдиришган. Ва ўзлари “ноқонуний” деб топган ҳар қандай халифаларга қарши қуролли кураш-жиҳод олиб бориш улар таълимотининг асосини ташкил этди[8]. Ўзларини Али розияллоҳу анҳунинг тарафдорлари деб атайдиган – шиалар эса бу масалада ўз таълимотларини ишлаб чиқдилар. Унда раҳбарликнинг Пайғамбар алайҳиссалом авлодларига оилавий-уруғлик принципи асосида мерос йўли билан ўтиши таъкидланади. Бу таълимотда аввалгисига нисбатан принципда фарқ қилади.

Шиа الشيعة оқимининг ғоясига кўра, Пайғамбар алайҳиссаломдан кейин унга ўринбосар фақатгина Пайғамбар алайҳиссалом оиласидан لبيتاهل – аҳли байт тайинланиши лозим. Бу мансабга энг лойиқ одам Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ва унинг авлодлари деб топилди. Бу ғоя Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифа этиб сайланган пайтлардаёқ пайдо бўлди. Уларнинг эътиқодига кўра, инсонлар Росуллуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам вафотидан кейин У зотнинг буйруқларини инкор қилдилар ва Али розияллоҳу анҳудан бошқа инсон Абу Бакр Сиддиққа байъат қилдилар ҳамда шу тариқа, кофир бўлдилар[9]. Бу кичик гуруҳ ғоялари кейинчалик ислом динида шиалик йўналишининг шаклланишига тўлиқ таъсир қилди. Шунингдек, Аҳли сунна вал жамоа – нажот топувчи йўналиш эканига уламолар иттифоқ этишган[10] суннийлик ғояларига қисман таъсир қилган. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу вафотидан кейин бу гуруҳ сиёсий фаолиятини очиқдан-очиқ олиб борди. Улар халифани дунёвий волий деб ҳисоблаб, диний жиҳатдан жамоага “имом” раҳбарлик қилиши лозим деб ҳисобладилар. Уларнинг фикрича, имомнинг вазифалари – Қуръонни тафсир қилиши, диний аҳкомларни белгилашдан иборат. Шиалар ҳукмрон бўлган ҳудудларда давлатни фақатгина диний раҳнамогина бошқаради. Бир томондан теократик ғояни изчил олиб давом этган фирқа бу шиалардир[11].

 

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари

кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

[1] А.Авлоний Мухтасари тарихи анбиё ва тарихи ислом. – Т.: Фан, 1993. –Б .6.

[2]  Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржимаси. Т.: Тошкент ислом университети. 2001. Б. 525. Қасос сураси. 85-оят.

[3]  Абу Жаъфар Табарий. Тарих ар-росул вал-мулук. Дор ал-Маориф. Миср. 1987. Ж. 5. Б. 247.

[4] – Ўша асар. Ж. 5. Б. 348.

[5] Ҳасан Иброҳим Ҳасан. Таърих ал-ислом ас-сиёсий ва-д-динийва-с-сақофий ва-л-ижтимоъий: Дор ал-жабал.– Миср, 1933. Ж.2. – Б. 49

[6] Ҳасанбоев Ў. “Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатлари: диний ташкилотлар, оқимлар, мафкуравий курашнинг долзарб йўналишлари”, –Т.: Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси , 2014. –Б. 32.

[7] Тулепов А. Ислом ва ақидапарас оқимлар. – Т.: Мовороуннаҳр, 2014. –Б. 50.

[8] Прозоров М.С. Ал-Хаваридж. Ислам: Энциклопедический словарь. — М: Наука, ГРВЛ, 1991. – Б. 260.

[9] Тулепов А. Ислом ва ақидапарас оқимлар. – Т.: Мовороуннаҳр, 2014. –Б. 93.94.

[10] Тулепов А. Интернетга ин қурган ўргимчаклар.– Т.: Мовароуннаҳр, 2015. –Б. 10.

[11]Абдураҳмон ибн Халдун. Муқаддимат ибн Халдун. – Байрут: Дор ал-фикр, 2001. – Б. 191.

425190cookie-checkИлк фирқаларнинг юзага келиши (2-қисм)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: