Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 1999 йил 9 май куни Ўзбекистон пойтаxти Тошкентда Xотира майдони очилди. Ушбу кундан бошлаб “9 май – Хотира ва қадрлаш куни” умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиб келмоқда. Ушбу байрам мустақил Ўзбекистонда асрлар давомида ўлкамизни ҳимоя қилган, унинг эркинлиги, мустақиллиги ва xалқининг тинчлиги учун курашган ватандошларимиз xотирасига бағишланади. Xотира ва қадрлаш тушунчаси чуқур маънога эга бўлиб, ушбу кунда фашизмга қарши курашларда қатнашган, ўз она ватанини ҳимоя қилишда жонини фидо қилган, шунингдек Тўмарис, Широқ, Спитамен, Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубро каби қаҳрамонлар ва асрлар давомида xалқ орзу қилган эркинлик учун курашган Абдулла Қодирий, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат, Усмон Носир каби миллий қаҳрамонларимизни руҳини шод этиб эслаш ҳам фарз ҳам қарздир. Инсоният иккинчи жаҳон урушида қатнашган, бу аёвсиз жангу жадалда қаҳрамонларча ҳалок бўлганлар xотирасини асло унутмайди.
Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, иймони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш миллий қадриятга айланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларини мукофотлаш тўғрисидаги фармон ва қарорлари уруш қатнашчиларига кўрсатилаётган эҳтиромнинг яна бир ёрқин ифодасидир. Мазкур фармон ва қарорларга мувофиқ барча шаҳар ва туманларимизда, қишлоқ ва маҳаллаларимизда уруш қатнашчилари ва ногиронларига мунтазам юбилей медаллари ва пул мукофотлари тантанали равишда топширилади.
Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ. Ўтганларни, уларнинг хайрли ишларини, жасоратини ёдга олмоқ, эъзозламоқ халқимизга хос эзгу фазилатлардандир.
Бугунги кунда ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, бундай ном олган ушбу сана юртимизда умумхалқ байрамига, ҳақиқий анъанага айланиб қолди. Нега деганда, хотира ва қадрлаш тушунчалари асл миллий қадриятларимизга жавоб бериб, ота-боболаримиздан қолган ҳам диний, ҳам инсоний урф-одатимиздир. Ўтганларнинг номларини ёд этиш, хотирасини ҳурмат билан эслаш, уларнинг рухларини шод қилиш муқаддас одат сифатида қон-қонимизга сингиб кетган. Айнан шу мақсадга эришиш йўлида Ватанимизнинг эртанги куни, келажаги бўлмиш, бизнинг таянчимиз ва суянчимиз бўлган ёш авлодни тарбиялаш, фарзандларимизга замонавий билим бериш ва уларни ҳақиқатан ҳам ҳал қилувчи кучга айлантириш энг устувор вазифамиз эканини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Инсонга ҳар куни тинчлик-осойишталик ва хотиржамлик керак. Тинчлигини йўқотган хонадон ҳам, мамлакат ҳам асло хотиржам бўла олмайди. Тинчлик-хотиржамлик – тараққиёт гаровидир.
Биз азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғояга бағишланган буюк миллий маънавий меросимиз бор. Улар тинчликнинг қадрига етишни тарғиб этади, уруш эса батамом қораланади.
“9 май – Хотира ва қадрлаш куни” тарзида умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётганимиз замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад ётибди.
Иккинчи жаҳон урушида Ватанимиз Ўзбекистондан 1 миллион 433 минг 230 нафар одам иштирок этди. 604 минг 52 нафар ҳамюртимиз уруш майдонларидан ногирон бўлиб қайтди, 450 мингдан ортиқ ватандошимиз эса қонли жангларда ҳалок бўлди. Бу босқинчилик, қонли уруш эди. Бу уруш барча халқларни бошига кўплаб кулфатлар олиб келди. Ватан ҳимоясига ҳамма, айниқса кўплаб ёшлар отланди. Ҳамма нарса фронт учун эди. Фронтда ва фронт ортида энг қийин, оғир давр бошланди. Очарчилик, қора кунлар бошланди. Уруш бўлаётган жойларда жаллод-фашистлар халқни қийнаб, эзиб, ҳақорат қилиб, жуда ёмон ишларни қилишган. Кўплаб шаҳарларда катта концлагерлар (ўлимга маҳкум бўлганлар учун бараклар) қуришган. Бу концлагерларда (Германия ва Полша мамлакатларида бўлган) дунёдаги кўп миллатли халқларни баракларда сақлашган. Хотин-қизларни хўрлашган, уларнинг номуслари, иффатлари топталган. Асирлар – ўлимга маҳкум эдилар. Уларни оч қолдиришган, ҳақорат қилиб, уриб-сўкиб, уларни устидан турли хил тиббий тажрибалар, синовларни ўтказишган. Мисол учун, уларни териларидан қиз ва аёллар учун сумкалар, бош суякларидан кулдонлар тайёрлашган. Ёш болалардан қон олиб, фашист аскар-зобитларига қуйишган. Бу концлагерлардаги одамларни “маҳбуслар” деб, уларнинг исми-фамилияларини ўрнига рақамлар билан номлашган. Асирлар жуда оғир ишларни бажаришган. Асирларни роса хўрлашган. Оғир меҳнат қилолмай қолганларни жазолашган ёки ўлдиришган. Жаллод-фашистлар “маҳбуслар” яъни концлагердаги асирларни тириклайин ёқишган, газкамераларда қийнаб ўлдиришган. Белоруссиядаги Хатин қишлоқдаги барча одамларни бир ”сарой”га тўплаб, қамаб, уларни тириклайин ёқиб юборишган. Фашизм қилган бундай ёвуз, даҳшатли, ёмон ишларни биз ҳеч қачон унутмаслигимиз шарт.
Ҳозир ҳам орамизда уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат-машаққат чекканлар бор. Лекин улар йилдан йилга камайиб бормоқда.Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларнинг эса қадрига етиш керак.
Тошкент ислом институти “Тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси Ерназаров Фахриддин