Мазҳабга эргашиш бошқача тақлид дейилади. Тақлид вожибдир. Чунки, динга амал қилишда тақлид қилмай нажот топиш мушкулдир. Баъзи шаръий далилларни бир неча маънолари бўлиб, амал қилишда уларни бирини тайин қилиш ёки устун бўлганини топишга ҳар ким қодир эмас. Бундан ташқари айрим масалалар бўладики, Қуръон ва ҳадисда унинг ёрқин далили бўлмайди. Натижада унинг ҳукмини ечиш учун бутун шаръий далилларни ўрганиб ҳукм чиқаришга эҳтиёж туғилади. Табиийки, бунга ҳар ким қодир бўлмайди. Мана шу сабаблар туфайли юзага келган муаммоларни бартараф этиш учун соғлом ақл эгаларида мужтаҳид имомларга эргашиш зарур, деган фикр туғилиши табиий бир ҳолдир. Аммо, ҳозирда муайян бир мазҳабга эргашган кишиларни кўр-кўрона тақлид қилишда айблаб, уларни гумроҳликда айбловчи тоифалар пайдо бўлганки, уларнинг даъво қилишича мужтаҳид имомларга эргашиш, уларга тақлид қилишнинг ҳожати йўқ эмиш. Бу тоифа тақлидни ҳаром, ширк, тақлид қилувчиларни эса адашган гумроҳлар деб номлашгача борадилар. Уларнинг даъвосича, ҳар бир инсон ўзи тўғридан-тўғри Қуръони Карим ва ҳадислардан далил олиб амал қилиши керак.
Хўш, тақлид ўзи нима, унинг жоизлигига Қуръон ва суннатда бирорта далил борми, бу каби саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.
Тақлиднинг вожиблигига ишора қилувчи оят ва ҳадислардан намуналар.
فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِن كُنتُمْ لَا تَعْلَمُونَ
“Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўрангиз” (Наҳл сураси 43-оят)
ثُمَّ أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ أَنِ اتَّبِعْ مِلَّةَ إِبْرَاهِيمَ حَنِيفًا ۖ وَمَا كَانَ مِنَ الْمُشْرِكِينَ
“Иброҳимнинг ҳаққа мойил миллатига эргаш…” (Наҳл – 123)
عن خذيفة قال كنا جلوسا عند النبي صلي الله عليه و سلم فقال: اني لا ادري ما قدر بقائي فيكم فاقتدوا باالذين من بعدي و اشار الي ابي بكر و عمر رواه الترمذي و قال هذا حديث حسن
“Ҳузайфа разияллоҳу анҳу айтадилар: Биз Набий саллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурида эдик. У зот: “Мен сизларнинг орангизда яна қанча яшашимни билмайман. Шунинг учун мендан кейин Абу Бакр ва Умарга эргашинглар” – дея ишора қилдилар (Имом Термизий ривояти).
Қуръони каримдаги баъзи оятлар ва баъзи ҳадислар шу даражада аниқ ва равшан келганки, уни англашда ҳеч бир қийинчилик бўлмайди. Араб тилидан хабари бор кишилар мазкур оят ва ҳадисларни тушунаверадилар. Масалан, намоз ўқиш, рўза тутиш ибодатларини бажариш кераклиги ёки зино, ўғирлик, қотиллик каби ишлардан тийилиш кераклиги ҳақидаги кўрсатмалар Шу сабаб, бу масалаларда ижтиҳодга ўрин ҳам йўқ. Лекин Қуръон ва суннатда баъзи аҳкомлар борки, уни тушуниб олиш, мақсадни англаб етиш оддий инсонга мушкуллик туғдиради. Масалан, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: “Ким намозда Фотиҳани ўқимаса, намози дуруст эмас” – дейилган. Бошқа бир ҳадисда эса: “Ким имомнинг ортида намоз ўқиса, имомнинг қироати у учун ҳам қироатдир” – дейилган (Имом Аҳмад ривоятлари).
Бундай пайтда ўз фикримизча иш тутмай, Қуръон ва суннатни тушунишда юксак илм соҳиблари бўлган уламоларнинг фикрига тақлид қилишимиз энг тўғри йўл бўлади.
Саҳоба ва тобеинлар даврида шахсий тақлид.
Шахсий тақлид (маълум бир олимга эргашиш)га ҳам ҳадис китобларидан жуда кўп мисол келтириш мумкин. Улардан баъзилари қуйида келтирилади:
حَدَّثَنَا أَبُو النُّعْمَانِ حَدَّثَنَا حَمَّادٌ عَنْ أَيُّوبَ عَنْ عِكْرِمَةَ أَنَّ أَهْلَ الْمَدِينَةِ سَأَلُوا ابْنَ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا عَنْ امْرَأَةٍ طَافَتْ ثُمَّ حَاضَتْ قَالَ لَهُمْ تَنْفِرُ قَالُوا لَا نَأْخُذُ بقولك و ندع قول زيد صحيح البخاري
Имом Бухорий Икримадан ривоят қилади, Мадина аҳли (Маккада) Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан: “Агар аёл тавоф қилаётганда ҳайз кўриб қолса, нима бўлади? деб сўрашди. Ибн Аббос: “У ҳолда аёл тавоф қилмасдан қайтиб” кетаверади”, дедилар. Мадиналиклар: “Биз сенинг сўзингни олмаймиз, Зайд ибн Собитнинг сўзини оламиз”, дейишган. Бу ривоятдан равшан кўриниб турибдики, Мадиналиклар Зайд ибн Собитга шахсий тақлид қилар экан. Ривоятда келтирилган мадиналикларнинг “Биз сенинг сўзингни олмаймиз, Зайд ибн Собитнинг сўзини оламиз” деган гапи бунга равшан далил бўлади.
Имом Абу Довуднинг “Сунан” китобида келтирилган ривоятда Амр ибн Маймун Авдий: “Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу бизнинг олдимизга, Яманга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўринбосарлари сифатида келган. Мен унинг бомдод намозида овозини такбир айтганда эшитдим ва кучли овозга эга эди. Менинг унга муҳаббатим пайдо бўлди ва Шомда вафот этиб кўмилмагунча унинг жамоасини тарк қилмадим. Сўнг ундан кейин энг фақиҳ одамни қидиришни бошладим ва Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳуни топдим. У ҳам вафот этмагунча у билан бирга бўлдим”, деган.
Амр ибн Маймун Муоз разияллоҳу анҳу вафотидан кейин олим одамни қидирган. У Муоз ва Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу билан юриб, улардан илм ўрганган. Муоз разияллоҳу анҳу тирик бўлганда ундан сўради, вафот этганда Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан сўради (“Ат-тақлиди шаръий фил-умурил фиқҳийя ва аҳамиятуҳу фил-ислам” китоби 90-91 саҳифа)
Кейинчалик, тўрт мазҳабнинг тўғрилиги ва ҳақ эканлиги ҳақида барча мусулмон уммати ижмо (иттифоқ) қилганлар. Аллома Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” номли китобида шундай деган: “Аллоҳ таоло шариатни сақлаш ва динни муҳофаза қилиш учун ўз ҳикмати билан одамлар ичидан тўрт забардаст имомларни чиқариб берди. Уларнинг илму маърифатда юқори мартабага эришганларини ва чиқарган фатво ва ҳукмлари ҳақиқатга ўта яқинлигини барча уламолар бир овоздан эътироф қилганлар. Барча ҳукмлар ўшалар орқали чиқариладиган бўлди”.
Машҳур аллома Абдулҳай Лакнавий ҳазратлари ўзларининг “Мажмуатул фатово” китобларида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг қуйидаги сўзларини келтирганлар: “Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр юртларида шофеийларни ҳам, ҳанбалийларни ҳам, моликийларни ҳам мазҳаби тарқалмаган, бошқа мазҳаб китоблари ҳам етиб келмаган. Шунинг учун ушбу диёрларда яшовчи, ижтиҳод даражасига етмаган кишиларга Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади. Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада яшовчи кимсаларга ундай эмас. Чунки у ерда барча мазҳабларни топиш имконияти бор”.
Минг афсуслар бўлсинки, мана шундай етук олимлар бир мазҳабни маҳкам ушлаб, тўғрилигини эътироф қилиб турган бир пайтда баъзи юртдошларимиз ҳали дастлабки илмий кўникмаларни ҳосил қилмаган бўлсаларда: “Мен Қуръон ва ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деб, даъво қилиб, турли ихтилофларни келтириб чиқармоқдалар. Баъзида ўзлари адашгани етмагандек, ўзгаларни ҳам йўлдан урмоқдалар. Бу ихтилофлар ва муаммоларнинг ечими бемазҳабликни қўйиб, Аҳли сунна вал жамоанинг муайян бир фиқҳий мазҳабига амал қилиш, мазҳаблар ўртасидаги ўзаро ҳурматни сақлаш, Қуръон ва суннатни улуғ мужтаҳид уламоларимиз каби тушунишдир.
Тошкент ислом институти талабаси
Раҳимжонов Маҳмуджон