Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигини қўлга киритиши туфайли халқимизнинг асрий орзуси ушалди, ўз тақдири ва келажагини ўзи яратадиган бўлди. Тарихан қисқа даврда жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида кескин бурилиш ясади. Мамлакатимизни модернизация қилиш, фаол демократик янгиланишларни амалга ошириш билан боғлиқ қатор ислоҳотлар ўтказилди. Жумладан, ана шу буюк ўзгаришларни асрлар давомида орзу қилган халқимизнинг кўҳна тарихига бўлган муносабати тубдан ўзгарди.
Айниқса, бугунги мураккаб глобаллашув даврида маънавият соҳасида вужудга келаётган долзарб муаммолар, халқимиз маънавиятини асраш ва янада юксалтириш, ёш авлоднинг қалби ва онгини турли зарарли ғоя ва таъсиридан сақлаш ва ҳимоя қилишда Ватан тарихини ҳар томонлама ва чуқур тадқиқ этиш, бирламчи манбаларга таяниб талқин этиш, келажак авлодга ҳақиқий тарихимизни ўқитиш орқали уларни юксак маънавиятли шахслар этиб тарбиялаш долзарб аҳамият касб этади.
Фанда “Уйғониш даври” деб аталадиган давр ғарбий ва марказий Европа мамлакатларида XIV-ХVI асрлардаги ривожланишининг ўзига хос хусусиятларини ифодалаш учун ишлатилган. Биринчи маротаба “Уйғониш” атамасини XVI аср итальян рассоми ва тарихчиси Ж.Вазари ўз асарларида ишлатади. “Уйғониш”, «Уйғониш даври» атамалари XІV-XVІ аср ижтимоий-иқтисодий ривожланиш моҳиятини очиб бермасдан, кўпроқ антик давр меросини, яъни антик маданиятга ўхшаш маданиятни қайтадан “тирилиши” маъносида ишлатила бошланди. Кейинчалик фанда бу атама кенг қўлланила бошланди.
Ўрта Осиёда уйғониш даври маданиятининг белгилари қуйидагича:
-Дунёвий илмларга интилиш, дин ва диний илмларни жамият, инсонлар манфаати нуқтаи назаридан талқин этиш;
-Турли халқларнинг маънавий-маданий мероси ўтмиш маданий қадриятларидан (Эрон, Араб, Юнон маданияти бойликлари) фойдаланиш;
-Табиатни, мавжуд ҳаётни, мавжудотни ўрганишга қизиқишнинг кучайиши, унинг сирларини очишга ва ундан фойдаланишга интилишнинг ортиб бориши, шу муносабат билан табиатшунослик илмларининг ривожланиши;
-Билишда ақлни мезон деб билиш, ақлий билиш, рационалистик усул, илмийлик ролининг ошиб бориши, муҳаббат, унинг ахлоқий, ақлий хислатларини, инсонга қобилиятларини ўрганиш ва фазилатларини очиб беришга интилиш, мантиқ илмига катта эътибор бериш, комил инсонни тарбиялаш, етук фозил жамоа ҳақидаги фикрларни асослаб бериш;
-Диний тасаввур, диний таълимотлар ривожида диний-ахлоқий мавзунинг устунлиги, инсон хулқи, манфаатларининг диний ғояларга етакчи мавзуга айланиши, ички маънавий камолот, Аллоҳга ишончнинг ортиши, маънавий-руҳий кўтарилиш юксалиш ёрдамида эришиш ва унинг сифатларига муяссар бўлишга қаратилган фаолият;
Оғзаки ва ёзма сўзга катта эътибор, унинг ижтимоий-ахлоқий қудратини куйлаш, шеърият, филология, бадиий маданиятнинг юксак ривожи, сўз санъати, риторика билан шуғулланиш маданийликнинг муҳим белгисига айланиб қолиши кабиларни киритиш мумкин.
Мамлакатимизда юз берган илк ренессанснинг яна бир муҳим омили шундан иборатки, Ўрта Осиёда қадимдан цивилизация асослари, моддий ва маънавий маданиятнинг чуқур илдизлари мавжуд бўлган. Мовароуннаҳр ва Хуросон халқлари қадимдан маданий анъаналарга бой ва маънавий мавқеи юқори бўлган, шу сабабдан Ўрта Осиё араб халифалигига, умуман ислом дунёсига киргандан кейин ҳам узоқ вақт барча мусулмон ўлкалардаги маданиятнинг ривожида кўп жиҳатдан етакчи бўлган. Ана шу улкан маданий
маърифий қатлам, пойдевор заминида ІХ-XI асрларда юртимизда янги маданий тараққиёт вужудга келди. Демак, шу йилликлардаги ренессанс том маънода ҳам “уйғониш”, яъни олдинги вазиятга келиш, тикланиш ва янада ривожланишни англатади. Маданиятимиз нафақат тикланди, балки янги чўққиларга чиқди, бу муваффақиятларни бутун жаҳон алломалари тан олди.
Шу маънода кўпчилик тадқиқотчилар ІХ-XИ асрлар ўрта Осиё халқлари тарихида маданиятнинг ривожланишини ўзига хос хусусиятлари ҳам “уйғониш” даври деб аталиши юқорида қайд қилинганидек, шартлидир деб ҳисоблайдилар.
Маълумки, ДХ-XIl асрлар Ўрта Осиё халқлари тарихида моддий ва маънавий ҳаётнинг ривожланишида олдинги даврларга нисбатан кескин юксалиш даври бўлди. V асрда Араб халифалиги ҳозирда Ўрта Осиё деб аталмиш ҳудудни фатҳ этиб бўлган, бу ерларда ислом дини кенг ёйилиб, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий ҳаёт Араб халифалиги тартиб-қоидаларига бутунлай бўйсундирилган эди. Халифалик таркибига киритилган ўлкаларда фақат ислом динигина эмас, балки араб тили ва унинг имлоси ҳам жорий этилди. Чунки араб тили халифаликнинг давлат тили бўлса, ислом дини унинг мафкураси эди. Шу сабабли бу мамлакатларда араб тилини ўзлаштиришга интилиш кучли бўлган.
Исломни қабул қилган аҳолисининг араб тили билан мулоқоти, ибодат вақтларида Қуръон сураларини тиловат қилишдан иборат бўлган бўлса, маҳаллий зодагонлар араб тилини халифалик маъмурлари билан яқинлашиш ва мамлакатда ўз сиёсий мавқеларини тиклаб, уни мустаҳкамлашнинг гарови деб ҳисоблайдилар.
Тошкент ислом институти талабаси
Борамбаев Айбек