Айни вақтларда Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида бўлиб ўтаётган “Маънавий ипак йўли: Катта Евросиё маконида анъанавий қадриятларнинг маъноси” мавзусида V халқаро илмий-теологик конференциясининг шўбалари ўз ишини давом эттирмоқда.
Унда Тошкент ислом институти ректори М.Муҳаммадсиддиқов “Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида диний таълим ва “Қуръони карим ва тажвид” курслари фаолияти” мавзусидаги маъруза билан иштирок этиб, иштирокчиларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолияти ва юртимиздаги диний таълим муассасаларидаги йўналишлар ва эришилган ютуқлар ҳақида атрофлича тўхталди.
Нотиқ маърузасида бугунги мураккаб замонга жавоб берадиган, диний илмлар ва умуминсоний қадриятларни яхши ўзлаштирган ёшларни камол топтириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлмоқда. Албатта, ушбу анжуман мана шундай ишларни янги босқичга олиб чиқишга муносиб ҳисса қўшади, деди.
Ислом дини манбаларида ёшлар илму маърифати ва таълим-тарбияси борасида келтирилган панду насиҳатлар тинчликни қадрлаш, неъматларга шукроналик, бузғунчи оқимларнинг ёлғон иддаоларига раддиялар бериш ҳамда ёшларни она юртга садоқат руҳида тарбиялаш, уларда ахлоқий фазилатларни шакллантириш ишларида муҳим роль ўйнайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бирингиз бошлиқсиз ва ҳар бирингиз қўл остингиздаги кишиларга масъулсиз” (Имом Бухорий ривояти), деган мазмундаги ҳадиси шарифлари айнан ёшлар таълим-тарбиясига тегишли эканини таъкидлади.
Аллоҳга шукрки, ҳозир мураккаб даврни инобатга олган ҳолда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан ёшларни илм-маърифатли, одоб-ахлоқли этиб тарбиялашга жуда катта эътибор қаратилмоқда.
Диний таълим муассасалари ичида Бухорои шарифдаги Мир Араб мадрасаси алоҳида ўрин тутади. Мазкур мадраса 500 йилдан бери олий даражада диний таълим беришни тўхтатмаган. Марказий Осиёда, балки бутун Совет Иттифоқида ягона диний ўқув даргоҳи сифатида фаолият юритиб келган.
Ўтган салкам 500 йил давомида мадрасада сон-саноқсиз толиби илмлар сабоқ олишди. Шарқу Ғарбга илм нурини таратишдек эзгу йўлда хизмат қилган бу даргоҳдан кўплаб буюк зотлар етишиб чиқди. Мадраса Ўрта Осиё, Афғонистон, Эрон, Россия, Кавказ, Озарбайжон, Доғистон каби давлатлар мусулмонлари ҳаётида ҳам муҳим ўрин эгаллаб келган. Ушбу даргоҳда таълим олган битирувчилар, мазкур мамлакатларда дин соҳасида етакчилик қилмоқдалар.
Мир Араб мадрасасидан етишиб чиққан юзлаб фозиллар ўз миллатининг фахру ифтихорига айланган. Айниқса, Шиҳобуддин Маржоний, Галимжон Борудий, Муса Бигиев каби татар халқининг буюк фарзандлари, Садриддин Айний, Абдуллажон Калонзода каби тожик олимлари, Олимхонтўра ва Алихонтўра Соғуний, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Оллоҳшукур Пошшозода, Равил Гайнутддин, Талгат Тожуддин, Аҳмад Қодиров каби уламолар Ислом маърифатини тарғиб этишда муносиб ҳисса қўшганлар.
Эллик йилдан зиёд тарихга эга бўлган Тошкент ислом институти собиқ Иттифоқда ягона эди ҳамда ўша даврларда Кавказорти, Шимолий Кавказ, СССРнинг Европа қисми ва Сибир мусулмонлари диний бошқармаларининг бўлажак кадрлари ҳам шу ерда таҳсил оларди. Бундан ташқари, Афғонистон, Ветнам, Яман ва Болгариядан ҳам талабалар институтни тамомлагани айтиб ўтилди.
Илоҳиёт йўналишидаги профессионал диний таълим
Ушбу йўналишдаги диний таълим олиш имкониятлари махсус диний таълим муассасалари орқали амалга оширилади ва биринчи навбатда профессионал диний соҳа хизматчиларини тайёрлаш учун мўлжалланган. Бугунги кунда Ўзбекистонда 13 та диний таълим муассасаси фаолият кўрсатиб келмоқда. Жумладан, 3 таси олий Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби ва 10 та ўрта махсус ислом билим юртлари ҳисобланади, шундан 2 таси аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаларидир.
Таълим муассасаларга абитуриентлар тест синовлари асосида ўқишга қабул қилинади ва ўқиш тўлиқ тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Барча диний таълим муассасаларда талабалар турар жойи мавжуд бўлиб, оилали талабалар ижара уйларда истиқомат қилади. Талабаларга икки маҳал бепул иссиқ овқат берилиши жорий қилинган.
Ўрта махсус ислом таълим муассасаларида ўқиш муддати 4 йил бўлиб, битирувчиларга ўрта махсус маълумотли исломшунос, имом-хатиб мутахассислиги берилади. Аёл-қизлар учун ихтисослашган иккита “Хадичаи Кубро” ва “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаларида ўқиш муддати 3 йил.
Олий таълим муассасаларида ҳам ўқиш муддати 4 йил бўлиб, битирувчиларга “Теология” таълим йўналиши бўйича исломшунос, имом-хатиб ва араб тили ўқитувчиси мутахассислари тайёрланади.
Ҳадис илми мактабида ўқиш муддати 5 йил бўлиб, битирувчиларга Ҳадис илмлари, диний фанлар ва араб тили ўқитувчиси мутахассислиги берилади.
Таълим муассасаларида диний фанлар билан бир қаторда дунёвий фанлар ҳам ўқитилади. Таълим муассасаларининг тасдиқланган ўқув режасига мувофиқ 65 фоиз диний фанлар, 35 фоиз дунёвий фанлар ўқитилади.
Шунингдек, талабаларда давлат ва дин муносабатлари бўйича ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, турли оқимларнинг ёт ғоялари таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш мақсадида махсус курс фанлари ўқитилиши йўлга қўйилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги таълим муассасаларида 2023-2024 ўқув йили давомида ўнлаб фан докторлари (DSc), 38 нафар фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга бўлган профессор-ўқитувчилар фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, 166 нафари “Саҳиҳул Бухорий” бўйича, 111 нафари “Сунани Термизий” бўйича ижоза олишга эришди.
2023-24 ўқув йиллари давомида таҳсил олаётган талабаларнинг 382 нафари Қуръони каримни тўлиқ ёд олди. 80 нафари “Саҳиҳул Бухорий” бўйича, 270 нафари “Сунани Термизий” бўйича ижоза олди. Шунингдек, ўрта махсус ва олий диний таълим муассасаларининг ҳар бирида “Таҳфизул Қуръон” бўлимлари мавжуд.
Таълимнинг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти базасида “Теология” йўналиши бўйича магистратура босқичини, 2025 йилдан докторантура босқичини ташкил этиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистонда мўмин-мусулмонлар диний эҳтиёжларини қондириш ва диний таълим борасидаги қуйидаги йўналишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш ўринлидир.
Биринчидан, аҳоли учун зарур бўлган кундалик ҳаётдаги диний таълим олиш имкониятлари расмий диний таълим электрон порталлар орқали амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий веб-сайти, диний таълим муассасалари, жоме масжидлар, иқтидорли имом-хатибларнинг сайт ва ижтимоий тармоқ саҳифалари ҳам диний таълим олиш имкониятлари мавжуд.
Иккинчидан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида Фатво маркази ташкил этилиб, бир неча йўналишларда аҳолининг диний эҳтиёжларини таъминлаб келмоқда. Жумладан, диний саволларга телефон орқали жавоб бериш хизмати, яъни Call-марказ фаолияти йўлга қўйилган. Шунингдек, электрон савол-жавобларни амалга оширадиган интерактив хизматлар, хусусан, fatvo.uz портали, ижтимоий тармоқларда канал-саҳифалари ва ботлари фаолият юритмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан диний соҳада расмий фаолият олиб бораётган мутахассислар томонидан MuslimTV онлайн телеканали орқали аҳолининг диний эҳтиёжини қондириш учун онлайн дарслар ташкил этилган.
Учинчидан, республикамизнинг 28 та ҳудудида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари қошида 2018 йилдан бошлаб Қуръон ва тажвид курслари фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу курсларда ҳозирги кунга қадар 60 мингга яқин фуқаро таҳсил олиб, Қуръон курслари доирасида ўзларига керакли даражада илмларни олишди. Ҳозирда ушбу курсларда минглаб фуқаролар таълим олаётган бўлиб, таълим муддати 3 ойни ташкил этади. Муҳтарам Президентимиз Ўзбекистон фуқароларининг Қуръони карим ўқиш ва ўрганишига алоҳида эътибор қаратмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев Республика бўйлаб Қуръон мусобақаларини ташкил этиш борасида қуйидагиларни таъкидлаган эди: “Қуръони каримни қироат билан ўқиш бўйича мусобақа қиляпмиз. Нимага? Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак, бу муваффақият бўлади. Элимизга нур келади”.
Ўзбекистон Республикасида мавжуд барча диний таълим муассасалари талабалари ҳар йили Қуръони карим мусобақаси бўлиб ўтади.
Ўзбекистонлик қорилар хусусан Рамазон ойларида дунёнинг кўплаб минтақаларига ташриф буюриб, масжидларда таровиҳ намозларида хатми Қуръонга ўтмоқдалар. Россия, АҚШ, Жанубий Корея, Миср ана шундай давлатлар сирасига киради.
Тўртинчидан, Республикадаги 2136 та масжидларда имомларнинг маърузалари, айрим йирик жоме масжидларда вақтли намозларда ташкил этилаётган суҳбатлар аҳолининг дин билан боғлиқ саволларига тўлақонли жавоб олишига хизмат қилмоқда.
Бешинчидан, турли диний масалаларни ёритиб берувчи катта ҳажмдаги диний мазмундаги адабиётлар йиллар давомида республиканинг турли босмахона ва нашриётларида чоп этиб келинмоқда. Ушбу мазмундаги диний адабиётлар нафақат ўзбек тилида, балки рус, қорақалпоқ ва бошқа тилларга ҳам таржима қилинмоқда.
Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, Ўзбекистонда диний таълим бўйича белгиланган чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда, ушбу йўналишдаги фаолият доимий диққат-эътиборда.