islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Жума куни одамларга азият бериш ва сафларни бузишдан огоҳлантириш

Сафларни аввалгисидан бошлаб тўлдириб бориш суннатдир. Баъзи фуқаҳолар вожиб деганлар. Биринчи саф тўлмай туриб, кейинги сафга турилмайди. Иккинчи саф тўлмасидан учинчиси бошланмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи сафни тўлдиришга буюрганлар.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар одамлар азон ва биринчи сафда қандай савоб борлигини билиб, кейин унга қуръа ташлабгина имкон топганларида, шубҳасиз, қуръа ташлаган бўлардилар. Агар намозга эртароқ боришда нима борлигини билганларида, унга шошилган бўлардилар. Агар хуфтон ва бомдодда нима борлигини билганларида, у иккисига эмаклаб бўлса ҳам келардилар”, дедилар”. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).

Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни хутба қилаётганларида бир одам келиб, одамларнинг елкаларини туртиб ўтди. У зот унга: «Ўтир! Озор бердинг-ку!» – дедилар».
Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.

Термизийнинг ривоятида:
«Ким жума куни одамларнинг елкасини туртиб ўтса, жаҳаннамга кўприк қилиб олган бўлади», – дейилган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амри маъруф қилиб турганларида бир киши одамларнинг устидан ўтиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яқинларига келиб ўтирди. У зот намозни тугатгач: «Эй фалончи, биз билан бирга бўлишдан сени нима қайтарди?» – дедилар. У: «Эй Аллоҳнинг Расули, Сизга кўринадиган жойда ўтиришни хоҳладим», – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларининг устидан ўтиб, уларга озор берганингни кўрдим. Кимки мусулмонга озор берса, менга озор берибди, менга озор берса, Аллоҳ азза ва жаллага озор берибди», – дедилар».
Табароний ривоят қилган.

Арқам ибн Абу Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Имом хутбага чиққанидан кейин одамларнинг устидан ҳатлаб ўтган одам дўзахда ичак-чавоғини судраб юрувчилар кабидир», – дедилар».
Аҳмад ва Табароний ривоят қилишган.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким одамларнинг орасини уларнинг изнисиз кесиб ўтса, у осийдир», – дедилар».

Имом Дайламий ривоят қилган.
Бундай ножўя ишлар жума намози, илм мажлиси ва одамлар ўтирган ҳар қандай жойга тааллуқлидир. кишилар ўтирган жойни уларнинг изнисиз оралаб ўтиш ножоиз ишдир.
Имом Ироқий айтадилар: «Бундан имомлар, олдиндаги бўш жойни тўлдириш учун ўтадиган намозхонлар мустаснодир».

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Имомнинг минбар ёки меҳробга чиқиш учун одамларни оралаб ўтишдан бошқа йўли бўлмаса, унга макруҳ эмас».

Масжидда барча намозхонлар баробардирлар, ким аввалги сафни олдинроқ келиб эгалласа, у бунга ҳақлидир. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизлардан ҳеч бирингиз ўтириш учун ўтирган кишини жойидан ҳаргиз тургизмасин!”. (Имом Муслим ривояти). Ҳеч бир кишига масжиддан бирор нарсани ўзлаштириш мумкин эмас, яъни, бир жойни ўзи учун белгилаб, келишидан олдин гилам солиб ёки ҳасса ёки стол қўйиб ёки шунга ўхшаш ишлар қилиб ёки вакил жўнатиб қўйиши мумкин эмас.

Шунинг учун нимаики қўйилган бўлса, олиб ташлаб, ўрнида намоз ўқилаверади. Ким масжидга аввалроқ кириб бир жойни эгалласа, сўнг таҳорат янгилаш мақсадида жойини тарк қилса, ўша жойни эгалик ҳуқуқи ўзида қолади, ўрнига биров ўтириб олган бўлса, уни тургизиб юборишга ҳақлидир.

Ҳозирги кундаги намозхонлар жуда ҳам бу ҳадисларни билмасдан беэътибор бўлиб одамлар орасидан сакраб юрадилар.Бунинг гуноҳ иш эканлигини ҳар бир масжидда имомлар эслатиб ўтишлари мақсадга мувофиқ бўлади.

ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,

Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра”

жоме масжиди имом-хатиби

Суфиев Жаъфархон

432930cookie-checkЖума куни одамларга азият бериш ва сафларни бузишдан огоҳлантириш

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: