Синдийнинг илмий мероси аҳамияти шундан иборатки, у фақат фиқҳ ва ҳадис илмини ривожлантиргани билан эмас, балки илмий, диний ва маданий анъаналарнинг сақланиб қолишини таъминлаган. Унинг ишлари кенг тарқалган ва унинг таъсири нафақат араб, балки турли мусулмон мамлакатларида ҳам сезилган.
Синд шаҳри ҳозирги кунда Покистон ҳудудига тўғри келади. Ушбу шаҳар ҳижрий биринчи асрнинг охирларида ислом етиб келган. У ердан дин йўлида хизмат қилган, исломий илмлар борасида манфаатли китоблар таълиф этган кўплаб улуғ уламолар етишиб чиққан. Синд диёридан ғарбу шарққа, араблар-у ажамларга машҳур китоблар мусаннифлари намоён бўлган. Шулардан бири замондош уламолари томонидан Абу Ҳанифа (роҳимаҳуллоҳ)нинг кўз қувончи сўзлари кўзларни равшан қиладиган ноёб дур, дақиқ масалаларни билувчи хазина” деб таърифланган етук олим Муҳаммад Обид ибн Аҳмад Али ибн Муҳаммад бўлиб насаблари саҳобий Абу Айюб Ансорийга етиб боради. Алломанинг сийратини ёритиб берувчи китобларда унинг туғулган йили ҳақида аниқ маълумот берилмаган. Фақатгина “Бадрут толиъ” китобининг муаллифи у кишини таҳминан 1190/1776 санада Ҳиндистонинг шарқий қисмидаги Синд шаҳри, Сийвон[1] қишлоғида туғилган, деб ўтган . Ўша пайтда Сийвон Таттаҳ[2] подшолигига тегишли бўлган. Таттаҳ Синд диёрининг маркази, пойтахти эди. Муҳаммад Обид Синдийнинг туғилган санаси борасида “Бадрут толиъ” китобининг муаллифи имом Шавконийнинг зикр қилган санаси ҳақиқатга яқин бўлиши мумкин. Чунки, Синдий Шавконий билан узоқ муддат бирга бўлган ва ундан “Ҳидоятул Абҳурий” китобидан таълим олган. Эҳтимол, Синдий Шавконий билан бирга бўлганда, Шавконий ундан туғулган санасини сўраган бўлиши мумкин.
Аллома илм ва маърифат нурини дунёга таратган хонадонда ўсиб улғайди. Аввал бобоси шайх Муҳаммад Мурод Ансорий, кейин отаси шайх Аҳмад Али Ансорий ва амакиси шайх Муҳаммад Ҳусайн Ансорий қўлида илм олди. Уларнинг гўзал тарбиялари остида улғайди[3]. Тенгдошларидан фарқли ўлароқ Муҳаммад Обид ёшлигидан илм билан шуғулланишни яхши кўрар, кўп китоб ўқир эди[4]. Ўсиб улғайган уйи унинг биринчи мактаби эди. У аксар илмини амакисидан олди. Хусусан, ақлий ва нақлий илмларни шунингдек, тиб илмини ҳам амакисидан ўрганди. Табобатга моҳирлиги сабабли 1208/1793-йилдан 1213/1798-йилгача Ҳижозда, Санъо ҳокими Мансур Синдийни ўзининг хос табиби қилиб тайинлаган[5]. Кузатилган манбаларга кўра, Муҳаммад Обид Синдийнинг фарзанди бўлмаган. Буни у кишининг қуйидаги вақф тўғрисидаги мактубидан билишимиз мумкин:
Имом Муслимнинг китобига шарҳ ёзиб бўлгандан сўнг, Муҳаммад Обид Синдий: “Бу китони ҳаётлик пайтимда ўзим учун, мендан кейин эркак бўладими аёл бўладими Аршад(имом Муҳаммад Обид Синдийнинг бобосидан бўлган авлод)нинг зурриётига, агар зурийёти бўлмаса Синд шаҳридаги Маторо қишлоғининг уламоларига вақф қилдим” деб ёзиб қолдирган[6].
Аллома ўзининг машҳур асари “ал-Маваҳибу-л-Латифа асарини ёзаётганида “Албатта фарзандларингиз касбларингиздандир” ҳадисини шарҳлай туриб, “Роббим мени солиҳ зурриёт билан ризқлантир, бепушт қилиб қўймагин” деб ёзган. Ўшанда Муҳаммад Обид Синдий умрининг охирги йилларини яшаётган эди.
Бир муддат Ҳижозда яшаган, сўнгра Макка, Тоиф ва Жидданинг буюк шайхларидан таҳсил олди. Шунингдек, амакиси билан Яманга ҳижрат қилганда эса, Яман шайхларидан илм олган ва уларнинг маърифат чашмаларидан қониб қониб сув ичган. Шунинг учун бўлса керак, қачон Яман шайхларини эсласа аллома: “Кўп юртларни кездим. Санъо олимларидек илм ва ҳадисларни таҳқиқ қилган, насда келган буйрқларга бор кучини сарфлаб амал қиладиган олимларни кўрмадим”, деб кўп китобларида келтиргин[7]. Синдий асосан Яманнинг икки вилоятида яъни Забийд ва Ҳудайдада яшаган.
Муҳаммад Обид Синдийнинг Ямандаги энг катта шайхи имом Шавконий бўлган. Муҳаммад Обид Синдий илм ва машойихларни излаб кўп юрт кезган. Шу сабабдан, унинг устозлари жуда кўп бўлган. Қуйида уларнинг баъзиларини санаб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлади: Шайх Солиҳ ибн Муҳамад Умарий Фуллоний (ваф. 1218/1804 й). Бу зот фиқҳ, ҳадис илми ва ҳадиснинг олий санади борасида ўз асрининг катта олимларидан бири бўлган. Синдий бу устозидан фиқҳ ва ҳадис илмини таҳсил олган. Бу кишининг “Қотфу-с-самар фи асониди-л-мусаннафот” номли катта асари ва “Ийқозу-л-ҳимами-л-абсор” номли асари мавжуд[8].
Шайх Сиддиқ ибн Али Мизжожий Ҳанафий (ваф. 1209/1795 й.) Яманда калом, фиқҳ, мантиқ,ҳадис илмининг машҳур олимларидан бўлган[9]. Синдий бу устозидан калом, фиқҳ, мантиқ, ҳадис илмини ўрганган. Шайх Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Исмоил Санъоний (ваф. 1242/1827 й.) Бу киши “Субула-с-салом шарҳу булуғу-л-маром” китобининг муаллифи Амир Санъонийнинг ўғли бўлган. Синдий бу кишидан “Удда ҳошияту шарҳу-л-умда” китобидан хос ижоза олган.
Шайх Муҳаммад ибн Али Шавконий (ваф. 1250/1835 й.). Бу киши кўплаб китобларнинг таълиф қилган. Хусусан, фиқҳ илмга оид “Найлу-л-автор” китоби Ислом оламида шуҳрат қозонган. Шайх Муҳаммад ибн Али Шавконийнинг Муҳаммад Обид Синдий энг яқин шогирди бўлиб, барча илм соҳаларини озлаштирган[10].
Шайх Муҳаммад Замон Саний ибн Маҳбубуссомад Синдий (ваф. 1247/1832 й.) Бу киши Синднинг машҳур олими ҳамда тариқат пешвоси бўлган. Муҳаммад Обид Синдий бу кишидан сулук ва одоб илмини олган.
1232/1817 йилда аллома Мисрга сафар қилади ва у ерда бир йил мобайнида олимлар билан учрашиб, улардан турли илмларда истифода олади. Хатто ўша пайтлар Мисрда Усмонийларнинг волийси Муҳаммад Али Бошо Синдийннинг катта олимлигини билгани учун алломани икром ва эҳтиром қилади хамда зиёратига шахсан ўзи бориб туради. Муҳаммад Обид Синдий яшаган даврда гарчи баъзи урушлар ва ички низолар бўлиб турган бўлсада, қайси юртга борса, ўша юрт олимларидан истифода олди ва натижада ўз даврининг катта олими бўлиб етишди. Қайси юртга бормасин, ўша юрда унга илм олиш ва илм тарқатиш учун кенг имкониятлар яратилди. Мана шу омилларнинг барчаси, Синдийни ҳадис, фиқҳ, тафсир ва бошқа илмлардан ўз даврининг етук олими бўлишига замин яратиб берди. Хусусан, умирларини охирида аллома яшаган муборак жойга ҳар йили ҳаж мавсумида турли ўлкалардан катта шайхлар келган ва аллома улардан илм олган.
Муҳаммад Обид Синдий дарс бериш, китоб ўқиш ва нусха кўчиришда чарчоқ билмайдиган олий ҳиммат соҳиб бўлган. Чунончи, икки юз кун ичида олти саҳиҳ китобни, яъни Саҳиҳ Бухорий, Саҳиҳ Муслим, Сунан Термизий, Сунан Насоий, Сунан Абу Довуд ва Муватто китобларидан нусха кўчирган. Шунингдек, “Фатҳу-л-Борий ва “Мажмау-з-завоид” китобларидан нусха кўчирган[11].
Олим унга берилган вақтлардан унумли фойда олган. Буни тасдиқи учун бир мисол, шогирдларига олти ой ичида сиҳоҳ ситтани шарҳлаб, озоҳлаб ўқиб берган.
Абдуллоҳ ибн Мухаммад Кaттоний шундай ёзади: “Менга Хатиб Саййид Абу Жийда ибн Абдулкабир Фосий сўзлаб берди. Унинг устози Аллома Ҳасан Ҳулвоний Мадинада шайх Муҳаммад Обид Синдийдан кутубус ситтани бир ой ичида таълим олиб, олти ой ичида шарҳлари билан ўрганган экан. Бундай сабр мутааххир олимлардан камдан-кам учрайди”[12].
Шуни ҳам айтиб ўтиш зарур, алломанинг дарс бериши фақат ҳадис илмига чегараланиб қолмасдан, у тафсир ва фиқҳ фанидан ҳам шогирдларига устозлик қилган. Чунки аллома фиқҳ йўналишида ёзган “Таволиъу-л-анвор”[13] номли асарининг хотимасида “Бу китобни талабаларимга дарс қилиб ўтардим”[14], деб ёзган.
Алломанинг шогирди ҳам жуда кўп бўлган. Чунки илм излаб борган юртларга борганда унинг илмидан лол қолиб кўплаб уламолар шогирд бўлган. Қуйида уларнинг баъзиларини келтириб ўтилади: Шайх Қози Иртазо Алихон ибн Аҳмад Умарий Ҳиндий (ваф. 1270/1854 й.). Бу киши фақиҳ ва муҳаддис ҳамда қози бўлган. Кўплаб асарлар ёзган. Ҳадис илмида ёзган “Мадорижул иснод” асари жуда машҳур. Айнан шу асарини Муҳаммад Обид Синдийдан хос ижоза олгандан сўнг ёзган.
Шайх Жамолиддин ибн Абдуллоҳ Маккий (ваф. 1284/1868 й.). Бу киши фақиҳ, муҳаддис ва муфассир бўлган ва ўз давридаги Макканинг ҳанафий мазҳабидаги муфтийси бўлган.Унинг кўплаб асарлари бўлиб. Шулардан фиқҳ илмга оид энг машҳур асари “Фатово жамолия”дир.
Шайх Ҳасан ибн Аҳмад Зомадий (ваф. 1289/1872 й.). Бу киши ҳофиз, қози ва муаррих бўлган. Муҳаммад Обид Синдийга шогирд тушган ва у киши билан Яман, Макка ва Мадинага бирга сафар қилиб ҳамиша бирга юриб илм олган. Бу кишининг кўплаб асарлари бўлиб. Шулардан қироат илмга оид “Уқуду-д-дурар” ва “Ҳадоиқу-л-зуҳр” асарлари машҳур.
Шайх Орифуллоҳ ибн Ҳикматуллоҳ Туркий (ваф. 1275/1859 й.) Ориф Ҳикмат номи билан танилган. Усмонийлар давлатидаги Остона шаҳрининг Шайхул исломи бўлган. Ҳозирги кундаги Мадинадаги “Ориф ҳикмат” номи билан машҳур вақф кутубхонасининг эгаси. Шайх Орифуллоҳ ибн Ҳикматуллоҳ Туркий Муҳаммад Обид Синдийнинг энг билимдон шогирдларидан бўлган.
Алломанинг бундан ташқари жуда кўп шогирди бўлган. Улар Муҳаммад Обид Синдийдан асосан икки илм, ҳадис ва фиқҳни ўрганиб ижоза олишган.
Синдийнинг шогирди Шайх Абдурраҳмон ибн Мансур устози ҳақида “У киши ўта ҳаёли, матонатли ва азиятларга сабрли эдилар”, деган[15].
Алломанинг сабрлари ҳақида билиш учун “ал-Мавоҳибу-л-латифа” асарининг намоз китоби, азон бобида ўзи билан бўлиб ўтган воқеани эслаш кифоя. Муаллиф шундай ёзади: “Ҳудайда[16] шаҳрининг қозиси Саййид Ҳусайн ибн Али Ҳозимийнинг Зайдий мазҳабида эди. У азонда “ас-солату хойрун минан навм” жумласи ўрнига “Ҳаййа аъла хойрил амал” сўзини айтишни муаззинларга буюрди. Чунки у бу ишни Умар ибн Хаттоб халифалик даврида ўзи ўйлаб топган бидъат деб биларди ва бу даъвосига имом Моликнинг “Муватто” асарида келган ривоятни далил қиларди. Одамлар бу ишни қилишмади. Қозининг бундан ғазаби келиб, ҳанафий олимларнинг қирқтасини ҳибсга олди. Маҳбуслар орасида мен ҳам бор эдим. Темир занжир билан ҳаммани кишанбанд қилди. Маҳбуслар орасидан фақат мен ва менинг тарафдорларимнинг бўйнига кишан осди. Олти кун шу аҳволда ҳибсхонада ётдик. Кейин қамалганларни чиқарди. Лекин хоссатан мени ушлаб қолиб, уришга буюрди. Улар мени уришди. Сўнг мени Ҳудайдадан қувиб юборди ва “Синдийнинг қони ҳам, моли ҳам ҳалол”, деб ҳаммага тарқатди. Ҳозимий азонда “Ҳаййа аъла хойрил амал” дейишнинг борлиги ҳақида уч бетли рисола ёзди. Биринчи бетида Муовия ибн Абу Суфён ҳақида ёзган. Гарчи буюк саҳоба борасида хато қилган бўлсада, мавзумиз бу ҳақида бўлмагани учун ҳозир у ҳақида тўхталиб ўтирмаймиз. Яна бир ярим варағида мени сўкиб, шаънимни таҳқирлаган. Қолган ярим варағида эса “Ҳаййа аъла хойрил амал” дейишнинг тўғрилигига далил келтирган”[17].
Тадқиқотларда узоқ изланиб кўрилган маълумотларга кўра, Муҳаммад Обид Синдий азиятларга сабрли бўлган ва илмсиз қозини ёмон сўзлар билан тилга олмаган. Бу у кишининг ўта сабрли ва одоб-ахлоқи ўта юксак бўлганини билдиради. Унинг ҳаётига эътибор берилса, аллома умрининг кўп қисмини илм олиш учун сафар қилиш, юрт кезиш билан ўтказган. Туғулган юртидан ёшлигида чиқиб кетиб, Макка, Мадина, Яман ва Мисрда бўлиб ўз даврининг етук олимларидан таҳсил олган. Илм олиш йўлидаги кўплаб машаққат ва озорларга сабр қилган. Барча илмларда етукликка эришгач, деярли барча соҳада китоб ёзган. Лекин ёзган китобларининг катта қисми ҳадис ва фиқҳ фанига тегишли. Бу шуни билдирадики, аллома бу икки соҳада етук олим бўлган.
Муҳаммад Обид Синдий билан ҳамаср бўлган ёки унинг асарларини ўқиган олимлар аллома ҳақида илиқ фикрлар билдириб, уни мақташган. Жумладан “Минҳатул Борий” китобига тақриз ёзган аллома, муҳаддис шайх Иброҳим ибн Абдуллоҳ Ҳусий шундай ёзади: “Минҳатул Борий” китоби муаллифнинг набавий суннатни ҳофизидир. Муҳаммад Обид Синдий билан 1216/1801 санада Ҳаж қилдик. Ўша ерда кўплаб шайхларнинг илм мажлисларига қатнашдик. Бизга икки ҳарам имоми Солиҳ Муҳаммад Фуллоний Мағрибий бизга умумий китоблари бўйича ижоза берди. Сўнгра Муҳаммад Обид Синдийни алоҳида ўзининг ёнига чақирди. Унинг ҳадис илмига ғайратини кўриб, хос ижоза берди. Ўшанда Синдий 26 ёшлар атрофида эди[18].
Ўз даврида Макка уламолари раиси бўлган, аллома, муҳаққиқ, муфтий шайх Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Сирож Ҳанафий алломанинг “Таволиул анвор” номли асарида қуйидагиларни ёзган: “Синдий муҳаққиқ олимларнинг хотами, ўз даврининг алломаси, тадқиқотчилар суянадиган манбаси, уламоларнинг фахри, комил устоз, буюк фақиҳ ва муҳаддис бўлган”[19].
Моликий мазҳабининг фақиҳи ва муфтийси, “Кичик амир” номи билан танилган муҳаддис Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Санбавий “Минҳатул Борий” китобига ёзган тақризида аллома ҳақида шундай ёзади: “Шак шубҳасиз ушбу асарнинг муаллифи ўз бобидаги энг юксак асарни ёзди ва бу борада бирор бир нарсани қолдирмай тўлиқ қайд қилди. Раббоний денгизда сузиб, Раҳмоний маърифатни баён қилди. Бу инсон имсига мос ҳамиша мақталган ва ибодатда бардавом Муҳаммад Обид Синдийдир”[20].
Аллома билан ҳамаср бўлган Шайх Муҳаммад Собир “Қовлу-с-садид” асарида аллома ҳақида шундай ёзади: “Шайх Муҳаммад Обид Синдий Қуръон ва ҳадис илмида ҳибр (кучли олим), фуқаҳоларнинг сўзини билиш борасида эса баҳр (денгиз) эди”.
“Руҳу-л-маоний” китобининг муаллифи аллома, муфассир Шиҳобуддин Абуссано Маҳмуд ибн Абдуллоҳ Алусий аллома Синдий ҳақида шундай ёзади: “Муҳаммад Обид Синдий кўплаб китоблар муаллифи, имом аъзам Абу Ҳанифанинг кўз қувончи, сўзлари кўзларни равшан қиладиган, ноёб дур, дақиқ масалаларни билувчи хазина эди”[21].
Шунингдек, аллома билан ҳамаср бўлган ва ҳатто алломанинг устози саналган “Найлул автор” китобининг муаллифи Шайх Муҳаммад ибн Али Шавконий аллома Синдий ҳақида: “Тиб илми борасида у моҳир. Шунингдек, наҳу, сарф илмида ва ҳанафий фиқҳи ҳамда усули борасида кучли олим. У нафақат бу илмлар, балки бошқа илмларда ҳам ижод қилган. Унинг алоҳида ажралиб турадиган жиҳати, масалани тез англаши ва тушунишидир”, деган[22].
Хулоса қилиб айтганда, аллома билан ҳамаср бўлиб, унинг илмини ва одобини кўрган, шунингдек, китобларини ўқиб маърифат доирасининг кенглигига гувоҳ бўлган барча олимлар аллома Синдийни мақтаб, унинг ҳадис ва фиқҳ илмида беқиёс олим бўлганини эътироф қилишган.
Элёрбек АНВАРОВ,
ТИИ “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси
[1] Ҳайдарободнинг шимолий қисмидаги асли номи Суйистон бўлган, шу сабабли бобоси шайх Муҳаммад Мурод Ансорий ҳам Суйистоний дейилади.
[2] Ҳозирги кунда Покистон пойтахти Қарасидан 60 мил узоқликда жойлашган даҳа ҳисобланади.
[3] Саид Бектош. Имом фақиҳ муҳаддис шайх Муҳаммад Обид Синдий. – Байрут: Дору-л-башоиру-л-исламия, 1987. –Б. 61.
[4] Саййид Абдулмажид Ғоврий. Муҳаммад Обид Синдий ва унинг ҳадис илмига қўшга ҳиссаси. – Байрут: Дору-л-маърифа, 2015. – Б. 4.
[5] Саид Бектош. Имом фақиҳ муҳаддис шайх Муҳаммад Обид Синдий. – Байрут: Дору-л-башоиру-л-исламия, 1987. –Б. 230.
[6] Охирги бетда иоловада берилган.
[7] Тақиюддин Надавий. Таржимату имом фақиҳ муҳаддис шайх Муҳаммад Обид Синдий. – Байрут: Дору-н-наводир, 2012. – Б. 32.
[8] Абдулҳай ибн Абдулкарим Каттоний. Фиҳрисул фаҳорис. – Байрут: Иҳёу туросу-л-арабий, 2003. – Б. 901.
[9] Имом Шавконий. Бадру-т-толиъ. – Байрут: Дору-с-салом, 2006. – Б: 332
[10] Саид Бектош. Имом фақиҳ муҳаддис шайх Муҳаммад Обид Синдий. – Байрут: Дору-л-башоиру-л-исламия, 1987. –Б. 230.
[11] Тақиюддин Надавий. Таржимату имом фақиҳ муҳаддис шайх Муҳаммад Обид Синдий. – Байрут: Дору -н-аводир, 2012. – Б. 16.
[12] Абдулҳай ибн Абдулкарим Каттоний. Фиҳрису-л-фаҳорис. – Байрут: Иҳёу-т- турос арабий, 2003. – Б. 722.
[13] Алломанинг ушбу асари қўлёзма ҳолда Азҳария кутубхонасида сақланмоқда. Агар нашрга тайёрланса, тахминан 50-60 том атрофидаги катта тўплам китоб бўлади. Саид Бектош қўлёзмани кўриб шу хулосани ўз тадқиқотида айтиб ўтган.
[14] Саид Бектош. Имом фақиҳ муҳаддис шайх Муҳаммад Обид Синдий. – Байрут: Дору-л-башоиру-л-исламия, 1987. –Б. 215.
[15] Абдурраҳмон ибн Мансур. Шахсиёту-л-аср. – Қоҳира: Дорул маърифа, 2003. – Б. 52.
[16] Яман вилоятларидан бири бўлган. Ҳозирда ҳам бу шаҳар мавжуд.
[17] Муҳаммад Обид Синдий. Ал-Мавоҳибу-л-латифа. – Байрут: Дорун наводир, 2013. – Б. 432.
[18] Саид Бектош. Имом фақиҳ муҳаддис шайх Муҳаммад Обид Синдий. – Байрут: Дору-л-башоиру-л-исламия, 1987. –Б. 280.
[19] Саид Бектош. Имом фақиҳ муҳаддис шайх Муҳаммад Обид Синдий. – Байрут: Дору-л-башоиру-л-исламия, 1987. –Б. 151.
[20] Саид Бектош. Имом фақиҳ муҳаддис шайх Муҳаммад Обид Синдий. – Байрут: Дору-л-башоиру-л-исламия, 1987. –Б. 152.
[21] Маҳмуд ибн Абдуллоҳ Алусий. Шаҳийю-н-нағам фи-т-таржимати шайх Орифи-л-ҳикам. – Қоҳира: Дору-л- ҳикма, 1982. – Б. 202.
[22] Имом Шавконий. Бадру-т-толиъ. – Байрут: Дорус салом, 2006. – Б. 227.