islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Имом Абу Жаъфар Ат-Таҳовий

Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Салама Аздий Таҳовий ҳижрий 229 (ёки 239) йил Нил дарёсининг ғарбий соҳилида жойлашган, Мисрнинг Таҳо қишлоғида илм, фазл, тақво ва парҳезкорлиги билан машҳур бўлган оилада таваллуд топган[1]. У тенгдошлари ичида ёдлаш қобилиятининг кучлилиги ва фаҳмининг тезлиги, Қуръони каримни пухта ёдлаши ила ажралиб турган.  Таҳовийга Қуръони каримдан бошланғич илм берган ва ёзишни ўргатган имом Закариё Яҳё ибн Муҳаммад ибн Амрдир. Сўнгра у фиқҳ ва усулда пешқадам бўлган отасининг илм ҳалқасида иштирок этиб, фиқҳдан дарс олади. Шунингдек, тоғаси Исмоил ибн Яҳё ибн Исмоил Маждийнинг (Имом Шофеъийнинг дўсти) илм ҳалқасида ўтириб ҳадисдан дарс олади. Абдулғани ибн Рифоа, Ҳорун ибн Саъид, Юнус ибн Абдулаъла, Баҳр ибн Наср Хавлоний, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ, Исо ибн Масруд, Иброҳим ибн Мунқиз, Робеъ ибн Сулаймон, Абу Иброҳим Музаний, Баккор ибн Қутайба,  Миқдод ибн Довуд ва бошқалардан ҳадис тинглаган. Ундан Юсуф ибн Қосим, Абулқосим Табароний, Муҳаммад ибн Бакр, Аҳмад ибн Абдулворис Зажжож, Абдулазиз ибн Муҳаммад Жавҳарий ва бошқалар ҳадис ривоят қилишган. Аллома ҳақида Абу Сулаймон Дамашқий: Таҳовий менга “Мен биринчи бўлиб тоғам Музанийдан ҳадис тингладим ва ёзиб бордим. Имом Шофеъийнинг сўзини олиб унинг мазҳабида юрдим. Бир неча йиллардан сўнг Миср қозиси Аҳмад ибн Абу Имроннинг олдига бордим. Ундан ҳанафий фиқҳини ўргандим ва сўзини олдим”, деди, деган[2].

Тоғасининг мазҳаби (шофеъий)дан ҳанафий мазҳабига ўтиши қуйидагича бўлган. Айтишларича, Таҳовий тоғасидан дарс олиб юрган кезларда, бир куни унга тоғаси: “Сендан бир нарса чиқмайди!” – дебди. Шунда жиянининг аччиғи чиқиб, тоғасини тарк этиб Абу Жаъфар ибн Абу Имрон Ҳанафийдан (ваф.331) дарс ола бошлаган экан.

Доктор Абдурраҳмон Умайра “Шарҳ ал-ақида ат-Таҳовия”га ёзган таълиқи муқаддимасида қуйидагиларни ёзган: “Бизнинг фикримизча у кишининг Абу Ҳанифа раҳматуллоҳнинг мазҳабига ўтишининг асосий сабаби, ўша вақтдаги одамлар зеҳнида бу мазҳаб ҳақида жуда яхши тасаввур бор эди. Чунки, бу мазҳаб кенг фикрли бўлиши билан бирга ҳужжати ҳам кучли эди. Янги пайдо бўлган масалаларда тез ва қониқарли жавоб бериларди. Шу каби омиллар Таҳовийга таъсир қилган”.

Абу Яъло Ҳанбалий ўзининг “ал-Иршод” китобида шундай деб ёзган: Аҳмад ибн Муҳаммад Шурутий, “Мен Таҳовийга нима учун тоғангга хилоф қилиб, Абу Ҳанифанинг мазҳабини ихтиёр қилдинг? – десам. У: “Мен тоғамни Абу Ҳанифанинг китобларига доимо назар солиб турганини кўриб, унинг мазҳабига ўтдим”, деди – деган экан[3].

Таҳовий ўзи яшаган вақтда масалаларни таҳқиқ қилиш, далилларни аниқлашда ва бошқа илмларда машҳур бўлгани сабабли толиби илмлар ундан дарс олишга иштиёқманд бўлган. Алломадан Миср қозиси Аҳмад ибн Иброҳим ибн Ҳаммод (ваф.329), Қози Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Мансур Ансорий, Абдурроҳман ибн Аҳмад ибн Юнус Муаррих (ваф.347), Сулаймон ибн Аҳмад ибн Айюб  Табороний  (ваф.360), Абдуллоҳ ибн Адий ибн Абдуллоҳ Журжоний (ваф.365) ва бошқалар таълим олган.

Имом Таҳовий кўплаб китоблар ёзган. Жумладан, “Ақийдатут Таҳовия” – бу китобда Имом Таҳовий саҳобаларнинг ва улардан кейин ўтган имом Абу Ҳанифа, имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад раҳимаҳумаллоҳларга ўхшаш кишиларнинг ақидасини жамлаган. Бу китобга кўплаб уламолар шарҳ ва таълиқлар ёзган. Жумладан, Али ибн Муҳаммад Азроъий Дамашқийнинг (ваф. 792/1390) шарҳи, Маҳмуд ибн Аҳмад Ҳанафийнинг (ваф.770/1369) шарҳи, Абу Абдуллоҳ Маҳмуд ибн Муҳаммад Фақиҳий Ҳанафийнинг шарҳи, Қози Сирожиддин Умар ибн Исҳоқ Ҳиндий Ҳанафийнинг (ваф.733/1333) шарҳи, Холид ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Муслиҳнинг шарҳи, Шайх Маҳмуд Тарозий Фарғоний Маданий ўзининг “Ан-Назмул Ҳовий ли ақидатут Таҳовий” номли асарида назм шаклида шарҳлаган. Бу китоб бир неча марта чоп этилган.

“Аҳкомул-Қуръон”, “Маоъний ал-Осорнинг шарҳи” бу китоб ҳадис бўйича бўлиб, кўплаб уламолар бу китоб ҳадис илмида ёзилган энг яхши китоблардан бири эканини эътироф қилганлар. Таҳовий бу китобда ажойиб услубни қўллаган. Ҳадисларни таҳқиқ қилишда мазҳабларнинг далилларини ҳам келтириб ўтади ва ўз баҳси давомида ихтилофли масалани келтириб, муноқаша қилади ҳамда ўз тадқиқотининг хулосасини келтиради. Сўнгра ўзи тўғри деб билган хулосани айтади.

“Баёни мушкилул Осор”. Бу китоб ат-Таҳовийнинг ҳадис бўйича ёзилган сўнгги асаридир. “Мухтасари ат-Таҳовия” номи билан машҳур фиқҳ бўйича мухтасар китоб бўлиб, бир қанча шарҳлар ёзилган. “Шарҳи жомиъус- сағир”, “Шарҳи жомиъул-кабир”, “Шурутул-кабир”, “Шурутус-сағир”, “Ал- Васаё ва-л-фароиз”, “Маноқибу Аби Ҳанифа” – Абу Ҳанифа ҳақида ёзилган, “Ан-Наводирул-фиқҳия” ва бошқа асарлардан иборат. Шубҳасиз ҳар бир бошланишнинг тугаши бор. Ҳар бир амалнинг белгиланган муддати бор. Имом Таҳовий умрини яшаб, ажали етганда бутун дунёни илми, тақвоси ва нодир китоблари билан тўлғазгандан сўнг 321/933 йил саксон икки ёшда вафот қилган ва Қарофа қишлоғида (Миср) дафн қилинади.


[1]Ибн ал-Ҳанаий Алауддин Али ибн Амруллоҳ ал-Ҳумайдий (979/1572). Табақоту-л-ҳанафия Доктор Муҳи Ҳилол ас-Сарҳан таҳқиқ қилган.Девону-л-вақф Бағдод 1426/2005.Иккинчи китоб .Б.25-27.

[2] Шамсиддин Абу Абдуллоҳ аз-Заҳабий(ваф.ҳ.748/1374.).Сияру аълам ан-Нубала. Муассасатур-рисала ўн бешинчи жуз. “Ал-Мактабат аш-шомила”(эл. кутубхона).Б.28.

[3] Абу ал- Аббос Шамсиддин. Дору содир-Байрут. Вафиёт ал-аъён ва анбау анбау аз- Замон.биринчи жуз. “Ал-Мактабат аш-шомила”(эл. кутубхона)Б.71.

48900cookie-checkИмом Абу Жаъфар Ат-Таҳовий
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!