Тошкент ислом институтида 2018-2019 ўқув йили давомида ўтказиладиган “Маънавият соати” режасига мувофиқ, 11 сентябрь куни “Диний таълим муассасалари олидида турган долзарб вазифалар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудир ўринбосари А.Дўсматов, котибият мудири М.Хомидов, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти маънавият ва маърифат ишлари бўйича мудир ўринбосари А.Ғаниев, “Хадичаи Кубро” ўрта махсус ислом билим юрти мудираси Н.Ибрагимова, ҳамда институтнинг 85 нафар ўқитувчи ва ходимлари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда барча соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар халқ манфаатини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётгани айниқса, диний-маърифий соҳада олиб борилаётган улкан ислоҳотлар хусусан, ислом динини кенг тарғиб этиш, бу борада қулайликлар яратишга қаратилаётган саъй-ҳаракатлар ҳар қанча таҳсинга лойиқ эканлигини таъкидлаб ўтдилар.
Бугун диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик даврида айрим ноўрин фикрларнинг пайдо бўлиши, жамиятда баъзир бир шахсларнинг диний фаолиятга нисбатан нохолис фикрларни билдириши, ижтимоий тармоқларда диний соҳа вакилларига нисбатан уйдирма ва салбий муносабат оқибатида оддий аҳоли орасида тушунмовчиликлар юзага келаётганини ҳам назардан четта қолдирмаслик зарур. Чунки ҳар бир ишда, ҳатто эътиқод масалаларида ҳам мўътадиллик тамойилларига риоя этиш ислом динининг асослари ҳисобланади. Дарҳақиқат, инсон доимо огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига ақл билан теран назар ташлайди, келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарнинг олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Аксинча ғофил, бепарво ва лоқайд кимса атрофида нималар бўлаётганига эътибор бермай, охир-оқибат турли бало ва мусибатларга дучор бўлади.
Айни пайтда мамлакатимизда фаолият юритаётган диний таълим муассасалари ўқитувчи ходимларининг жамиятда бўлаётган бу каби воқеаларга ўзининг мўътадил муносабатини билдиши баробарида, талабалар ўртасида дин ва давлат муносабатларида холис фикр юритиш, кечаётган жараёнларга жамият, юрт ва дин равнақи йўлида мушоҳада юритиб, шундан сўнгина ўзиниг фикрини тўғри ва самимий баён этишига, қолаверса, талабанинг олдида турган энг муҳим вазифа – бу илм, таълим олишга эътибор қаратиш лозимлигини яна бир бор эслатиб ўтиш зарур. Бугун жамиятда чуқур диний билимларнинг етишмаслиги, сўзнинг туб моҳиятини англаб етмаслик яъни, зоҳирий ва ботиний маъноларини ажрата олмаслик, дин ҳақида ҳоҳлаган одам ўз фикрини эътироф этиши, илмсизлик, жоҳилликнинг оқибатида баъзи бир инсонлар билиб билмай фитна чиқишига сабаб бўлиб қолмоқда.
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида бугун дунёда бўлаётган ва бўладиган турли хил фитналардан огоҳлантирган эдилар.
Абу Бакра розияллоҳу анҳудан дан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Келажакда фитналар бўлур. Унда ўтирган тик тургандан яхшидир. Унда тик турган юргандан яхшидир. Унда юрган саъйи қилгандан яхшидир. Ким унга қизиқса ўзига тортади. Ким ундан паноҳгоҳ ёки қўрғон топса, у ила ўзини асрасин”, дедилар. Демак, фитнани сезган киши иложи борича ундан узоқда бўлишга ҳаракат қилмоғи керак.
Мусулмонлар орасида фитна чиққанда ҳар бир инсон жуда ҳам хушёр бўлиш керак бўлади. Иложи борича фитнага аралашмаслик керак. Агар бировни шу фитнага мажбур қилиб аралаштирган одам ҳам ўзининг, ҳам ўша мажбур қилинган одамнинг гуноҳига қолади. Фитнада фаоллик кўрсатиб бошқаларни унга тортган одам ҳам гуноҳкор бўлади.
Аҳмаднинг ривоятида: “Албатта, фитналардан четда бўлган саодатмандир. Албатта, фитналардан четда бўлган саодатмандир. Албатта, фитналардан четда бўлган саодатмандир. Ким мубтало бўлсаю сабр қилса, ҳасратдадир”, дейилган. Демак, мусулмонлар орасида оммавий фитна бошланганда четда қолган киши бахтли киши бўлар экан. Фитнага аралашган одам ҳасратсиз қолмас экан.
Яна бир ривоятда: Эй Аллоҳнинг расули Фитна вақтида одамларнинг яхшиси ким?» дейилди.
“Чорвасининг ичида унинг ҳаққини адо қилиб, роббисига ибодат қилиб юрган киши ва отини бошини тутиб душманни қўрқитиб, душман уни қўрқитиб юрган киши”, дедилар.
Яъни: мусулмонлар бир-бири билан фитна туфайли адоватга келганда бу фитнага қўшилмай ўзининг мол ҳолини боқиб ибодатини қилиб юрган ёки чегарада юртини ҳимоя қилиб турган кишилар энг яхши одамларга айланар экан.
Шундай экан бор куч ғайратимизни илм олишга, билмли бўлишга жамиятимиз ривожи, динимиз равнақи учун хизмат қилишга бел боғлашимиз зарур.
Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар
билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.СОБИРОВ