Расулуллоҳ: “Мен бобом Иброҳимнинг дуосиман, Исо ибн Марямнинг башоратиман ва онамнинг тушиман”, деганлар. Пайғамбаримизнинг “Мен бобом Иброҳимнинг дуосиман” деганларидан мурод Ҳазрат Иброҳимнинг Исмоил билан бирга Каъбани қураётганларида: “Эй Раббимиз, уларга ўзларидан бўлган, уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китоб ва ҳикмат (Қуръон ва ҳадис)ни ўргатадиган ва уларни (куфр ва гуноҳлардан) поклайдиган бир пайғамбарни юбор! Албатта, Сен Ўзинг Азиз ва Ҳакимсан”, деб дуо қилганларидир.
Пайғамбаримизнинг “Исо ибн Марямнинг башоратиман” деганларидан мурод Ҳазрат Исонинг: “Эй Исроил авлоди, албатта, мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) Пайғамбариман. (Мен) ўзимдан олдин берилган Тавротни тасдиқловчи ва мендан кейин келадиган “Аҳмад” исмли Пайғамбар ҳақида башорат берувчиман”, деганларидир.
Пайғамбаримизнинг “онамнинг тушиман” деганлари эса, “Онам ўзларидан нур чиққанини кўрганлар ва бу нур туфайли Шом қасрлари ёришиб кетган” мазмунли ҳадиси шарифга ишорадир.
Ушбу хабарни Имом Бухорий “Ат-тарихул кабир” ва “Ат-тарихус сағир”да, Абу Довуд, Аҳмад ибн Ҳанбал, Абу Бакр Баззор, Абу Яъло Мувсилий ва Ибн Роҳавайҳ “Муснад”ларида, Ибн Ҳиббон “Ас-сиқот”да, Доримий “Сунан”да, Табароний “Ал-муъжамул кабир”да, Байҳақий “Шуъабул имон”, “Далоилун нубувваҳ”да, Абу Нуайм “Ал-ҳулия”да, Бағавий “Шарҳус сунна”да, Ибн Адий “Ал-комил”да, Имом Табризий “Мишкотул масобиҳ”да, Ибн Саъд “Ат-табақотул кубро”да, Ибн Исҳоқ, Ибн Ҳишом ва Ибн Асокирлар “Ас-сийратун набавия” китобларида, Абдуллоҳ ибн Муборак ва Абу Бакр ибн Мардавайҳ ҳам ривоят қилган.
Ҳоким “Ал-мустадрак ъалас саҳиҳайн” китобида бу ҳадисни: “Имом Муслимнинг шартига кўра саҳиҳдир”, деган. Имом Заҳабий “Ат-талхис”да ва Ибн Ҳажар Асқалоний “Фатҳул Борий”да “Саҳиҳ” дейишган. Шуайб Арнаут “Муснади Аҳмад” ва “Саҳиҳи ибн Ҳиббон” тахрижида: “Саҳиҳун ли ғойриҳ”, дейди. Ҳофиз Нуриддин Ҳайсамий “Мажмаъуз завоид”да ва Аҳмад ибн Абу Бакр Бусойрий “Итҳофул хияратил маҳара” китобида: “Исноди ҳасан”, дейишган. Ҳофиз Зайниддин ибн Абдураҳмон ибн Аҳмад ибн Ражаб Димашқий: “Расулуллоҳ туғилаётганларида бу муборак нурнинг чиқиши инсониятни тўғри йўлга бошлаган ва ширк зулматини йўқ қилган ҳидоят нурига ишорадир”, деган.
Аллома Ибн Касир: “Бу муборак нур чиқиб, Шом диёридаги қасрларни ёритиб юборгани Ислом динининг Шом диёрига ўрнашиб, мустаҳкам бўлишига ишора. Шунинг учун ҳам охирзамонда Шом диёри Ислом дини ва мусулмонлар учун мустаҳкам қалъага айланади. Исо Шом диёрига, аниқроғи, Дамашқнинг шарқий оқ минораси жойлашган ерга тушадилар”, деган.
“Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси катта ўқитувчиси
Абдул Азим Зиёуддин