Жорий йилнинг 15 сентябрь санасида Тошкент ислом институтида сентябрь – “Маънавият асослари” фан ойлиги доирасида “Ислом ва ҳозирги замон” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуров, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани “Мирзо Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ қори Сайфиддинов, ТИИ Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.Собиров ҳамда институтнинг 1-4 курс жами 245 нафар талабалари иштирок этди.
Суҳбатни институт ректори У.Ғафуров бошлаб, мусулмон киши бировнинг айбини омманинг олдида очиқ айтмаслиги, айбдорнинг ўзига хушмуомалалик билан тушунтириш кераклиги ва мўмин одам зийрак бўлиб, шукр қилувчилардан бўлмоғи, айниқса, дин уламоларнинг қилган хизматларини ижобий эътироф этиши, агар уларнинг хизматларини тўғри баҳолай олмаса, барчанинг номидан ўзини тўғри деб хулоса бериши айни ҳақиқатга зид эканлигини таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг институт ректори У.Ғафуров сўзни Тошкент шаҳар Юнусобод тумани “Мирзо Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ қори Сайфиддиновга берди.
Раҳматуллоҳ домла ўз сўзида бир вақтлар масжидларда ўз сайтларига эга бўлиши тўғри қабул қилинмагани, бугун эса барча ташкилотларда ўзининг расмий сайти мавжудлигини, масжидларнинг фаолияти ва сайтларининг фаолияти фақатгина халқни оғирини енгил қилиш, илм-маърифат тарқатиш эканлигини эслатиб ўтди.
Р.Сайфиддинов: Илм икки хил бўлади, яъни илми нубувват ва нуру нубувват бугун биз илми нубувватни эгаллаб нуру нубувватдан бебаҳра қолаётганимиз, Пайғамбар алаҳиссаломнинг башариятга огоҳлантирувчи, енгиллатувчи ва ҳимоячи қилиб юборилган, биз аҳли илмлар ҳам у зотнинг ворислари ўлароқ халқни яхшиликка чақиришимиз, уларни қўрқитиб, турли нотўғри фикрларга эргашиб кетишини таъминлаш эмас, балки ёрдам беришимиз, ҳақни кўрсата олишимиз лозим. Аҳли илм фаросатли бўлиши, бугун фитналар авж олаётган бир вақтда имомлар фитналарга учмаслиги балки, ақл билан бунинг оқибатини ўйлаб халқни огоҳлантириши, ноўрин фикрлар оқибатида тинчлигимизга путур етиши мумкинлигини, тинчлик бўлмаган жойда мусулмонлар ибодатларини эмин эркин бажара олмаслиги мумкин деб таъкидлаб ўтди.
Р.Сайфиддинов фитнанинг офатлари ва ёмон оқибатлари тўғрисида гапириб туриб, бу борада Қурьон ва ҳадислардан намуналар ва тарихдан мисоллар келтириб ўтди. Саҳобалар ҳаётидан таьсирли воқеаларни айтиб, уларнинг фитнага бўлган муносабатлари қандай бўлганини ҳазрат Ҳузайфа ва ҳазрат Умар разияллоҳу анҳумо ўртасидаги воқеа мисолида ёритиб берди.
Мусулмонлар фитнага алданиб кетмаслиги учун доимо бирдамликни лозим тутишлари, акс ҳолда фитна уларнинг жамоатини тўзитиб юбориши мумкин эканлигини таъкидлади. Тарихдан бунга ёрқин мисолларни келтирди.
Ҳозирги кунда юртимизда олиб борилаётган ислоҳатлар ҳусусан диний-маърифий соҳада ҳам қувонарли ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бу каби ислоҳатларни ўзида ҳазм қила олмаётган баъзи шахслар ижтимоий тармоқларда рўмол, соқол каби масалаларни илгари суриб, ҳалқни фитнага чорлаётгани ва бунинг ортида юртдаги бирдамлик ва ҳамжиҳатликга путр етқазиш мақсади ётганлиги ҳақида огоҳлантириб, бундай фитналардан омонда бўлиш кераклиги, бу борада ота-она, устозлар ва катталарнинг йўлларидан юриш лозимлигини айтди.
Суҳбат охирида домла талабаларни фақат илм олишга тарғиб қилиб, уларнинг айни пайтда таълим олиб ўзларига юклатилган масъулиятни тўла адо этишда бор куч-ғайрати билан ҳаракат қилиш зарурлигини таъкидлади.
Суҳбат сўнгида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Раҳматуллоҳ қори Сайфиддинов ўзининг самимийлиги билан талабалар қалбида яхши таассурот қолдирди. Тадбир якунида дуои хайрлар қилинди.
Тошкент ислом институти
Маънавият, маърифат ва иқтидорли
талабалар билан ишлаш бўлими