Устозларимиз ёдга олинганда қалбимизда доимо уларга нисбатан чуқур ҳурмат-эҳтиром ҳиссини туямиз. Чунки устозларни ҳурмат қилиш, уларни улуғлаш динимизнинг кўрсатмаси, комил мусулмон кишининг хулқи ҳисобланади. Зеро Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бутун башариятга устоз қилиб юборилганлар. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:
وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا كَافَّةً لِلنَّاسِ بَشِيرًا وَنَذِيرًا
Биз сени барча одамларга фақат хушхабарчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик[1].
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир”, деганлар. Пайғамбарларга меросхўр бўлишдек шарафга эга бўлган зотлар Қуръони каримда шундай мадҳ этилган:
شَهِدَ اللَّهُ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ وَالْمَلَائِكَةُ وَأُولُو الْعِلْمِ قَائِمًا بِالْقِسْطِ
Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам[2].
Имом Қуртубий роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Ушбу оят илмнинг фазлига, уламоларнинг шарафли эканига далолат қилади. Чунки агар уламолардан кўра шарафлироқ бирор кимса бўлганида эди, Аллоҳ таоло Ўзининг исми ва фаришталарнинг исмига уламоларни қўшиб келтиргани каби уларни ҳам қўшиб келтирган бўлар эди”.
Устоз муаллимларнинг мақоми энг шарафли мақом ҳисобланади. Ибн Жамоа роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Толиби илм барча ишларида устозига бўйинсуниши, унга худди бемор ўзини моҳир табибга топширгандек топшириши лозим бўлади. Шогирд доимо устознинг маслаҳатига юриши, унга эҳтиром кўрсатишга астойдил ҳаракат қилиши, унинг хизматини қилиш билан Аллоҳ таоло муқарраб бўлишга уриниши керак. Шогирд устозга итоатли бўлишни азизлик, уни улуғлашни фахру-ифтихор, унга тавозели бўлишни обрў мартаба деб билиши лозим”.
Яъни, ушбу сўзлар олимларни муқаддаслаштириб юбориш эмас, балки уларни ҳурматлаш ва қадру-қийматлари қанчалар улуғ эканини англатиб қўйиш ҳисобланади.
Ўтган улуғ зотлардан бирининг устози ҳузурига борар экан: “Эй Аллоҳим, устозимнинг хатосини мендан тўсгин, унинг илми баракасини мендан кетказиб қўймагин”, дея ихлос билан дуо қилиб бориши ривоят қилинган.
Ибн Товус роҳматуллоҳи алайҳ оталаридан: “Олимларни улуғлаш суннатдандир”, деган қавлни ривоят қилган.
Имом Шофеъий айтадилар: Имом Моликнинг ҳузурида “Муватто”ни ўқиётганимда у зотнинг қулоқларига овози чалинмаслик учун саҳифаларни эҳтиёткорлик билан варақлар эдим”.
Имом Шофеъийнинг шогирдлари Робиъ айтади: Имом Шофеъий билан йигирма йил бирга бўлганман, у зотнинг ҳайбатларидан ҳузурларида сув ичишга ҳам ботина олмаганман”.
“Таълимул мутаъллим” китобида баъзи олимлар томонидан Али розияллоҳу анҳуга нисбат берилган қуйидаги ҳикматли шеър келтирилган:
أَلَا لَا تَنَالُ الْعِلْمَ إِلَّا بِسِتَّةٍسَأُنْبِيكَ عَنْ مَجْمُوعِهَا بِبَيَانٍ
ذَكَاءٍ وَحِرْصٍ وَاجْتِهَادٍ وَبُلْغَةٍوَإِرْشَادِ أُسْتَاذٍ وَطُولِ زَمَانٍ
Илмга эришмоқ йўли олтидир,
Уларни бирма-бир айлайин баён:
Закийлик, тиришиш, маблағ ҳам сабр,
Устоз ўгитию ва узун замон.
Демак талаба илмни эгаллаши учун албатта устоздан илм ўрганиши ва унинг панду насиҳатларини қабул қилиши лозим. Зеро илм устоз қалбидан шогирд қалбига ўтадиган нурдир. Бу нур фақат устоз орқалигина ўтади.
Уламолар таълим олишда устозларнинг ўрнини шундай тушунтирганлар: “Эътибор берадиган бўлсак, башариятни тўғри йўлга йўллаш учун Таврот, Забур, Инжил ва Қуръон ҳамда бир қанча саҳифалар нозил қилинган. Аммо тирик муаллимлар ниҳоятда муҳим бўлгани сабабли 100 мингдан ортиқ пайғамбарлар устоз қилиб юборилган. Пайғамбарларнинг барчалари китоб билан келмаган, аммо барчалари устоз бўлиб келганлар”.
Толиби илм қуйидаги одобларга риоя қилиши лозим бўлади:
- Инсонларга умумий салом бериш билан бирга устозга яна алоҳида салом бериш;
- Унинг ҳузурида одоб билан ўтириш;
- Унинг ҳузурида қўл ё кўз билан ишора қилмаслик;
- Унга: “Фалончи сиз айтгандан бошқача айтди”, демаслик;
- Унинг ҳузурида ҳеч кимни ғийбат қилмаслик;
- Унга савол беришда хиралик қилмаслик, ва ҳакозолар.
Устознинг розилигини олиш шогирд учун нақадар муҳимлигини Алишер Навоий бобомиз шундай баён қилганлар:
Агар шогирд шайхулислом агар қозидур,
Агар устоз рози – Тангри розидур.
Барча устозларимизни устоз ва мураббийлар куни билан муборакбод этамиз, доимо соғ-саломат ва офиятда юришларини илм нурини таратиш йўлида доимо собитқадам бўлиб боришларини сўраб дуолар қиламиз.
Устозларимизга итоатли бўлишдек азизликка, уларни улуғлашдек фахру-ифтихорга, ҳамда уларга тавозели бўлишдек обрў мартабага Парвардигори олам барчаларимизни муваффақ қилсин ва бу саодатдан ҳеч қачон бизларни айирмасин.
[1]Сабаъ сураси, 28-оят.
[2]Оли Имрон сураси, 18-оят.
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Абдулқодир Абдур Раҳим