Тасаввуф таълимотига кўра, инсон қарама-қарши икки асос – модда ва руҳдан иборат. Шунинг учун инсонда ана шу икки асоснинг хусусиятлари мавжуд. Агар моддийлик ғалаба қилса, инсонда ҳайвонийлик ва агар руҳ томони устун келса, илоҳийлик ривожланади. Руҳ жисм қулига айланмаслиги керак, аксинча, жисм руҳ учун бир асбоб-улов, восита бўлиб хизмат қилсин.
IX аср бошларига келиб тасаввуфнинг назарий асослари ишлаб чиқилди, сўфийларнинг амалий, руҳий – психологик машқлари, ўз-ўзини тарбиялаш ва чиниқтириш тадбир-усуллари шаклланди, тариқат, маърифат, ҳақиқат деган тушунчалар юзага келиб, тасаввуфнинг ушбу уч қисмига оид қарашлар мажмуаси тузилди — тасаввуф алоҳида илм сифатида қapop топди. Сўфийлар дастлабки пайтларда тасаввуфни нуқул сир-у асрор, тушунтириб бўлмайдиган ҳолатлар “иборага келмайдиган ишоратлар” деб ҳисоблаган бўлсалар, бора-бора бу ҳолатлар ҳақида фикр-мулоҳазалар баён қилина бошланди, сўфийни тарбиялаш вазифаси, пир-муридлик қоидалари, одобини яратиш зарурати туғилди. Натижада тариқат ва шариат орасидаги муносабатлар, сўфийларнинг одам ва олам моҳияти алоқа-муомаласи, тавҳид – ваҳдат масалалари мунозарага сабаб бўлди.
Ислом дини пайдо бўлгандан сўнг унинг Қуръони карим ва ҳадиси шариф аҳкомларига мос равишда пайдо бўлган тасаввуф таълимотлари Х-ХI асрларга келиб Ўрта Осиёда ҳам кенг тарқала бошлади. Аҳмад Яссавий ХII асрда Марказий Осиёда пайдо бўлган илк тасаввуфий тариқатнинг асосчисидир. Хожа Аҳмад Яссавийнинг тасаввуф таълимоти тарихида тутган ўрни ғоятда катта, таъсир доираси жуда кенг эди. Яссавий тариқати ўз давридаёқ деярли Марказий Осиёга ёйила бошлаган. Мовароуннаҳрдан буюк Туркистон, Оқ Эдил, Кавказгача, Хуросон, Эрон, Румгача, Бадахшон ва Шарқий Туркистонгача кенгайиб борган эди. Асрлар давомида Яссавий тариқати муайян тарзда яшаб келди.
Аввало, Аҳмад Яссавий ислом динининг етук алломаси, шариат аҳкомларининг тарғиботчисидир. Зеро, у ўз ҳикматлари воситасида туркий миллатларни мусулмонликка даъват қилишни кўзда тутган. Иккинчидан, Аҳмад Яссавий яссавийлик номи билан туркий халқлар орасида илк маротаба янги тариқатга асос солган машҳур шайх ҳисобланади. Яна ишонч билан айтиш мумкинки, Аҳмад Яссавий ўзбек тасаввуф шеъриятини бошлаб берган мутасаввуф шоирдир. Яссавий ҳикматлари халқчил, содда, равон ва ёд олиниши қулайлиги билан ажралиб туради.
Исломнинг илк даврларида тариқат, маърифат ва ҳақиқат лафзлари истеъмолда бўлмаган, балки уларнинг маънолари бўлган. Булар кейинчалик мутасаввиф уламолари томонидан ижтиҳод қилинган атамалар.
Қисқача айтганда, шариат Аллоҳ таоло буюрган амаллар (намоз, рўза, закот, ҳаж ва ҳоказо) ва қонун қоидаларни ўргатса, тариқат уларни амалга ошириш кайфиятини ўргатади.
Маълумки, юқоридаги атамаларнинг луғавий ва истилоҳий маънолари ҳақида тасаввуфий асарларда кўп фикр-у мулоҳазалар билдирилган. Уларда шариат асос ва бирламчи экани, тариқат, маърифат ва ҳақиқатларнинг бир-бирига боғлиқ бўлгани қайд этилган. Шариат йўлида мукаммал бўлмаган кишига тариқат, маърифат ва ҳақиқат мартабалари насиб этмайди…Бежиз эмаски, орифлар: “Шариат бир дарахтдур, тариқат-унинг шохлари, маърифат-япроқлари, ҳақиқат-мевалари. Дарахт бўлмаса навда ҳам, япроқ ҳам, мева ҳам бўлмайди“, дея таълим берганлар”[1].
Орифлар султони Аҳмад Яссавий (р.а.):“Шариат зоҳирда аъзолар билан амал қилиш, тариқат қалб билан амал қилиш, ҳақиқат эса сир (қалбдаги жавҳар, кўнгил) билан амал қилишдир”, деганлар.[2]
Тасаввуфга оид илмий китоблар ва дастурларда тариқат атамалари, мақомот манзилларини тушунтиришга кўп эътибор берилади. “Тариқат” арабча сўз бўлиб “йўл” деган маънони билдиради. Яъни, илоҳий маърифатни эгаллашга бел боғлаган кишининг руҳий-ахлоқий камолот йўли. Тариқатни тасаввуфнинг амалий қисми деб таърифлайдилар.Чунки пир-муридлик қоидалари, одобига риоя этиш, солик[3] бажариши керак бўлган барча йўл-йўриқлар, иродат ва ишорат усуллари шу тариқат ичига киради. Тариқат ва унинг мақомотлари маълумотларга қараганда, биринчи марта Зуннун Мисрий томонидан баён этилган экан.[4]
“Маърифат” сўзи арабча “арафа” -сўзидан олинган бўлиб, луғатда “билиш”, “таниш” каби маъноларни англатади. Тасаввуф таълимотида эса, “маърифат” тушунчаси, асосан икки қисмга бўлинади. Улар айни пайтда бирлашиб, “маърифат”тушунчасини ҳосил қилади: 1.“Маърифатун-нафс”[5]2.“Маърифатуллоҳ”[6]Қачонки, “Маърифатун-нафс” ҳосил бўлса, “маърифатуллоҳ” ҳосил бўлади. “Маърифатуллоҳ” ни англаган зотлар эса Аллоҳни таниган ҳисобланадилар.
Тасаввуфда тафаккурнинг энг муҳташам, энг завқли ва энг ҳосилдор майдони – илм ва маърифат. Аҳмад Яссавий таъкидлаганидек:
Маърифатни минбарига минмагунча,
Шариатни ишларини билса бўлмас.[7]
Маърифатни минбарини эгаллаш осон иш эмас. Акс ҳолда Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари, “Тавҳид сирига етса бўлур. Аммо маърифат сирига етиш душвордир”, – демаган бўлурди. Ҳақиқатда ҳам тавҳид маърифатнинг юқори, аммо битта “тармоғи” дир. Маърифат Ҳақни ҳаққи билан танишга ғайрат қилишдир.
ХожаБектоши Валийнинг образли ифодаси бўйича, “Маърифат шундай бир дарахтдурки, унинг боши – тавҳид, танаси – иймон, япроқлари – ислом, туби – яқинлик, илдизи – таваккул, бутоқлари – наҳйи мункар, суви – хавф ва ражо, меваси – илм, тупроғи – комил инсоннинг кўнглидир. Боши аршдан ҳам баланд бу Дарахтнинг беш навдасидан бири – шавқ, иккинчиси – муҳаббат, учинчиси – иноят, тўртинчиси – иродат, бешинчиси эса – қурбиятдир”.
Демак, маърифат соҳиби бўлиш ана шунча ҳақиқат ва фазилатларнинг соҳиби бўлиш, маърифат сирига етиш учун ана шунча ҳақиқат ва хусусиятларнинг асроридан огоҳ бўлиш лозим. Маърифат инсон онги ёки кўнглига ташқаридан олиб кириладиган, яъни зоҳирий бир неъмат ёки қудрат эмас, балки инсоннинг илоҳий мавжудлигидан юзага келадиган фикрий ва руҳий қудратдир. Маърифат – энг аввало, қалб мужоҳадаси ва ўзни англаш дегани. Маърифат Аллоҳнинг бандасига қилган эҳсони. Фақрлик ила ботинни поклаш, жон-у кўнгил билан Ҳаққа ошиқ бўлиш. Ҳақни таниган бир ориф ҳолига келиш. Тасаввуф таълимоти, маълум бир маънода, нубувват таълимоти ва маърифатга содиқликдир.
Шайх Аҳмад Яссавий (р.а.): “Ҳақиқат кўнгил (сир) билан амал қилишдир”, дедилар.Демак, ҳақиқатга очилган биринчи ва асосий эшик шариатдир. Унинг аҳкомларини мукаммал бажаришга ҳаракат қилиш лозим. Тариқат-ҳақиқат йўлининг иккинчи эшигидир.Ҳақиқат ҳудудсиз бир дарёдир. Бу дарёда шариат кемаси билан сайр этилади. Фақат ҳақиқат мақомига етишиш учун кемадан чиқиб денгизга ғарқ бўлиш керак… Шариат ҳақиқатнинг зоҳири бўлса, ҳақиқат шариатнинг ботинидир. Ҳақиқат бир сирдир. Бу мақомга ҳақиқий ошиқ қуллар эришади. Бу мақомда иккилик йўқ. Унда қаҳр ҳам, лутф ҳам баробар. Бу мақом бир шаҳардир. Унинг султони Ҳақдир. Бу мақомга етти нафс мартабаларидан ошган, қалбини салим[8] ҳолатига келтирган, ҳаётини тақво асосига қурган, сирини ошкор этмаган, “каррамно[9]“ тожини кийган инсонларгина ноил бўлади. Ҳақиқатнинг самараси жаннат ва жамолуллоҳдир[10]. Ушбу тўртта босқич “Мақолот”[11] асарида Қуръон карим ва ҳадиси шарифлар билан батафсил баён қилиб берилган.
Шунингдек Имом Раббоний ҳазратлари бу уч қисм ҳақида, “Билгин, шариат уч қисмдан иборат – илм, амал ва ихлос. Ҳар қачон бу уч қисмдан бири ўз ўрнига келтирилмаса, шариат мукаммал бўлмайди. Сўфийларнинг йўли бўлган тариқат, маърифат ва ҳақиқат шариатнинг учинчи қисми бўлган ихлоснинг мукаммал ҳолатда юзага чиқишига ёрдамчи бўлади”, деганлар.
Аллоҳ таоло барчамизга бу улуғ мартабаларга етишиш неъматини муяссар айласин!
[1] Шайх Нажмиддин Кубро. Тасаввуфий ҳаёт. Тошкент. 2004, Б.254-255.
[2] Хожа Аҳмад Яссавий. Девони ҳикмат / Янги топилган намуналар. – Т.: Мовароуннаҳр. 2004. – Б.148.
[3] Тариқатга қадам қўйган киши.
[4] Нажмиддин Комилов. Тасаввуф. – Т.: Мовароуннаҳр, 2009. – Б. 23.
[5] Қалб, ўзликни англаш.
[6]Аллоҳни таниш, билиш.
[7] Иброҳим Ҳаққул. Тақдир ва тафаккур. – Т.: Шарқ, 2007. – Б. 33-34.
[8] Шариатда шаҳватдан, ақидада шубҳадан холи бўлган қалб.
[9]Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсири муаллифи: Шайх Абдулазиз Мансур. – Тошкент : Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2007. –Исро сураси, 70-оят.
[10]Интернетдан Bekir Tanyildiz материалларидан фойдаланилди.
[11]Хожа Бектоши Валий. Мақолот. – Тошкент, 2000. – Б. 7-22.
Муҳаммад Ал-Беруний ислом билим юрти
ўқитувчиси Ишаев Жўрабек