islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Эзгулик тарсакиси

Бир вақтлар катта бир олим ва валий зот яшаган эканлар. У киши кўплаб олимларни тарбия қилганлар. Шундай олим шогирдларидан бири ҳийлагина ўзига бино қўйган, илм йўлида амалга оширган баъзи катта ишлари билан манмансираб, фахрланадиган бўлиб қолибди. Лекин устозининг ҳузурида унинг изҳори фазли тавозе ва камтарликнинг ҳарир либосига ўралган шаклда бўй кўрсатарди. Бир куни у ўзининг қилган ишлари ҳақида устозига гапира туриб, ўзимиз ҳеч ким бўлмасак ҳам, Аллоҳ бизнинг қўлимиз орқали ўз динига нусрат бермоқда, ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: “Аллоҳ бу динни фожир кишининг қўли билан ҳам азиз қилур!”, деганлар-ку, дея юқоридагидек “камтарлик” қилибди. Лекин, қалбининг туб-тубида бу сўзлари учун устозидан лутф, мақтов ва эътироф кутиш истаги тинмай типирчиларди.

Шу вақт кутилмаганда устози унга шундай хитоб қилди: “сен ҳали ўзингни бу ҳадиси шарифда тилга олинган фожир кимсага тенглаштиряпсанми?! Валлоҳи, сен ҳали бу ҳадиси шарифдаги фожир кимсачалик бўлганинг йўқ. Бу қадар хомтама бўлма! Ўзингни алдама. Бугундан бошлаб, фақат камчилик ва гуноҳларинг ҳақида ўйла, тақсиротингни тўғрилаш ҳақида бош қотир. Дин номига қилган бирорта ишингни эслама. Аллоҳни муроқаба қил!”. Бу сўзлар шогирднинг бошига гурзи мисол тушди. Ва бир онда унинг оламини остин-устун этди, ларзага солди. Унинг уфқини беркитиб қўйган нарцисизм булутларини ҳар томон тарқатиб юборди. Ортиқ, шогирднинг қалб самосида махофатуллоҳ, маърифатуллоҳ ва муҳаббатуллоҳ қуёши қайта порлади. Устоз биргина таважжуҳи билан шогирднинг қалб кўзини очиб, унга етиб келган асл воқеълигини кўрсатган эди.

Қараса, кўзига жаннат осмонлари бўлиб кўринаётган нарсалар ботқоқлик узра ёйилган оқ туманлар экан. Шогирднинг кўзларидан шашқатор қуйилувчи ёшлар унинг қалб ойнасини ювди, жилолади. Энди у ҳаммадан камсуқум, ҳаммадан мутавозе, ҳаммадан гўзал хулқли ва фақат ўз камчиликларини ислоҳ қилиш йўлини тутган инсонлардан бўлди. Кундузлари соиму тунлари эса қоим бўла бошлади. Ортиқ у кимни кўрса албатта ўзидан афзал деб билар ва ҳавас қиларди. У шу тобда Аллоҳ томонга олиб борадиган ҳақиқий йўлга сулук этганди. Устози кеча кундуз унинг ҳаққига дуои хайр қилар, мудом яхшилик соғинарди унга. Йиллар ўтди, шогирд аввалгидан кўпроқ ишларни амалга оширди, китоблар битди, донғи чор-атрофга ёйилди. Ўзи ҳам чин валийлардан бўлди.

“Тиллар” кафедраси ўқитувчиси
А.Султонхўжаев

Манба

62810cookie-checkЭзгулик тарсакиси

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: