Қуръони каримни оҳанг билан ўқиш масаласида саҳобалар ва тобеинларда бўлганидек, фақиҳ имомларимиз ўрталарида ҳам ихтилоф мавжуд. Биз қуйида уларнинг бу борадаги фикрлари ва далилларини келтириб ўтамиз:
Моликий ва ҳанбалий мазҳаблари
Ушбу мазҳаб соҳиблари Қуръони каримни оҳанг билан ўқишни макруҳ дейдилар. Бу сўз Анас ибн Молик, Саид ибн Мусайяб, Саид ибн Жубайр, Қосим ибн Муҳаммад, Ҳасан Басрий, Иброҳим Нахаий, Ибн Сирийнлардан нақл қилинган.
Ҳанафий ва шофеъий мазҳаблари
Бу мазҳаб соҳиблари Қуръони каримни оҳанг билан ўқишни жоиз дейдилар. Бу ҳукм Умар ибн Хаттоб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдурраҳмон ибн Асвад ибн Зайдлардан нақл қилинган. Муфассирлардан Абу Жаъфар Табарий, Абу Бакр ибн Ал-Арабий ушбу фикрни қўллаганлар[1].
Моликий ва Ҳанбалийларнинг далиллари
Мазкур мазҳаб соҳиблари Қуръони каримни оҳанг билан ўқиш макруҳлигига қуйидаги ҳадисларни далил сифатида келтирадилар:
Ҳузайфа ибн ал-Ямонидан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Қуръонни арабларнинг оҳанглари ва овозларида ўқингиз. Аҳли фисқ ва аҳли китобларнинг оҳангларидан четланинг! Чунки, мендан кейин бир қавм келиб Қуръонни қўшиқчилар, роҳиблар ва вафот этган одамга йиғловчиларнинг оҳангига ўхшатиб оҳанг билан қироат қиладилар. (Қуръон) уларнинг томоқларидан пастига ўтмайди. Уларнинг ва уларнинг ишини ёқтирган кишиларнинг қалблари фитналангандир. Улар Қуръонни ўзларига “най” қилиб оладилар. Улар фақиҳ ҳам, олим ҳам бўлмаган кишини олдинга чиқариб қўядилар. Уни ўзларига куйлаб бериши учунгина олиб чиқадилар”,-дедилар”. Байҳақий “Шуабул иймон” да ривоят қилган.
Имом Жазарий: “Ҳадисдаги “لحون” сўзи “لحن” калимасининг кўплиги бўлиб, ундан овозни тараннум билан чиқариш, Қуръон, шеър ёки қўшиқда овозни гўзал қилиш тушунилади”-дейдилар.
Юқоридаги ҳадисдаги аҳли фисқдан мурод: бирор ҳарфни зиёда қиладиган ёки камайтирадиган даражада Қуръонни ўзининг аслидан чиқариб қироат қиладиганлардир. Чунки, бу иш барча уламоларнинг ижмосига кўра ҳаромдир.
Аҳли китоблар эса яҳудий ва насоролардир. Уларнинг оҳанги билан ўқиш деганда уларнинг Таврот ва Инжилни ўқиганлари каби ўқиш тушунилади[2].
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади. У зот айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг татриб (яъни оҳанг) билан азон айтадиган муаззинлари бор эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
“Азон енгил, мулойимдир. Агар (сенинг ҳам) азонинг енгил, мулойим бўлса, (азон айтгин). Борди-ю, ундоқ бўлмаса, азон айтма”,-дедилар”. Дориқутний ўз сунанида ривоят қилган. Ривоят исноди жуда заиф[3].
Абдулваҳҳоб ал-Моликийдан ривоят қилишича, имом Молик Қуръонни оҳанг билан қироат қилиш ҳаромлигини айтган. Буни Абу Тоййиб Табарий, Мовардий, Ибн Ҳамдон Ҳанбалий аҳли илмларнинг кўпчилигидан ривоят қилганлар.
Ибн Баттол, Иёз, моликийлардан Қуртубий, Банданийжий, Ғаззолий бу иш макруҳ эканини ривоят қилишган.
Ва яна айтадилар: албатта оҳанг ва куйга солиб тиловат қилиш Аллоҳнинг каломига зиёдаликни олиб келади яъни мад йўқ жойни мад қилиб тиловат қилади шу сабали бир ҳарф бир неча ҳарфга зиёда бўлади вахоланки бу ҳолат жоиз эмасдур. Шунингдек оҳанг ва куйга солиб тиловат қилиш эшитувчиларнинг қалбларини оҳанг ва куй ила банд қилади ва Қурони карим маъноларига эътиборни, тадаббур ва тафаккурни йўқ бўлишига олиб келади.
Имом Моликдан намозда оҳангга солиб тиловат қилиш ҳақида сўралганида, У зот менга ёқмайди, албатта у куйдур, пул топиш учунгина уни куйга соладилар деган эканлар.
Имом Аҳмад: лаҳнга солиб ўқиш менга ёқмайди, лаҳнга солиб ўқиш бидъатдир, унга қулоқ тутмагин (эшитмагин) деганлар.
Ва яна У зотдан тиловатдаги лаҳн ҳақида сўралганида, сўровчига, исминг нима дедилар, сўровчи Муҳаммад деган эди, сени исмингни Муууҳаааамааад деб айтилиши сенга ёқадими дедилар[4].
Ҳанафий ва Шофеийларнинг далиллари
Мазкур мазҳаб соҳиблари Қуръони каримни тараннум билан ўқиш жоизлигига қуйидаги далилларни келтирадилар:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Қуръонни тағанний (тараннум) билан тиловат қилмаган биздан эмас”[5].
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни овозларингиз билан зийнатлангиз”,-дедилар”[6].
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қуръонни овозингиз билан гўзал қилинг! Чунки, гўзал овоз Қуръоннинг гўзаллигини зиёда қилади”,-деганларини эшитдим”[7].
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дан ривоят қилади: “Ҳар бир нарсанинг зийнати бўлади. Қуръоннинг зийнати чиройли овоздир”.
Ибн Абу Мулайкадан ривоят қилинади. У зот айтади: “Мен Убайдуллоҳ ибн Абу Наҳийк шундай деганини эшитдим: “Мен Абдуллоҳ ибн Соиб ибн Абу Соиб билан турганимда олдимиздан Абу Лубоба ўтиб қолди. Биз унинг орқасидан юриб бордик. У уйига кирганида ундан (уйига киришимизга) рухсат сўрадик. Абу Лубоба киришимизга изн берди. Қарасак, унинг уйи хароба, ўзи оғир аҳволда ҳаёт кечирар экан. У: “Сизлар кимсизлар?” деб сўради. Биз унга насабимизни айтдик. У: “Касаба савдогарлари хуш келибсиз!” деди. Мен унинг шундай деганини эшитдим: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуръонни оҳанг билан ўқимаган биздан эмас!” деганлар”. Ибн Абу Мулайка (сўзида давом этиб) айтади: “Мен: “Эй Муҳаммад, агар кишида чиройли овоз бўлмаса, (у ҳолда нима қилади)”-деб сўрагандим. У: “Қодир бўлганича чиройли қилади”, деди”[8].
Ибн Баттол бир гуруҳ саҳоба ва тобеъинлардан Қуръонни оҳанг билан тиловат қилиш жоизлигини ривоят қилган. Имом Нававий “Тибён”да буни алоҳида таъкидлаган.
[1] Муҳаммад Али ас-Собуний. Роваиъ ал-баён фи тафсири оят ал-аҳком мин ал-қуръон.Ал-мактабат ул-асрийя Байрут-Ливан-2011. Б. 584.
Жалолиддин Абдурраҳмон Суютий.Ал-Итқон фи улум ал-қуръон. Ливан.: Дорул фикр-1996. Ж.1 Б.270.
[2] Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қори. Мирқот ал-мафотиҳ шарҳ Мишкот ал-масобиҳ.Дор ал-фикр. Байрут 2002.7-жуз. Б. 584.
[3] Али ибн Умар ад-Дороқутний. “Сунан ад-Дороқутний”.Дор ал-кутуб ал-илмийя.Байрут-2003. 2-жуз Б. 86.
أخرجه الدارقطنى (2/86) . وأخرجه أيضًا : ابن حبان فى الضعفاء (1/137 ترجمة 60 إسحاق بن أبى يحيى الكعبى)
وقال : ليس لهذا الحديث أصل من حديث رسول الله – صلى الله عليه وسلم –
[4] Муҳаммад Али ас-Собуний. Роваиъ ал-баён фи тафсири оят ал-аҳком мин ал-қуръон.Ал-мактабат ул-асрийя Байрут-Ливан-2011. Б. 585.
[5] Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Хотиб ат-Табризий.Мишкатул масобиҳ. Ливан-Байрут -1985.Ж.1. Б. 496.
Аҳмад ибн Ҳанбал. Муснад ал-Имом Аҳмад ибн Ҳанбал.Байрут-Ливан.:Муассаса ар-рисола-1999.7-жуз. Б. 375. Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ад-Доримий.Сунан ад-Доримий Байрут Ливан 1987.1-жуз. Б. 454.
Абу Бакр Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Али ал-Байҳақий.Ас-сунан ул-кубро.Байрут-Ливан 1998. 2-жуз. Б54.
[6] Аҳмад ибн Шуайб ан-Насоий. “Сунан ан-Насоий”. Байрут-Ливан.:Дор ал-маърифа-2007.1-жуз. Б.348.
Муҳаммад ибн Язид Қазвиний. Сунан Ибн Можжа. Байрут-Ливан.: Дор ал-фикр-1998.1-жуз. Б.426.
Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ад-Доримий. Сунан ад-Доримий Байрут Ливан 1987. 2-жуз Б.4751-жуз. Б.548.
Абу Бакр Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Али ал-Байҳақий.Ас-сунан ул-кубро. Байрут-Ливан 1998. 2-жуз. Б. 53.
[7] Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ад-Доримий. Сунан ад-Доримий Байрут Ливан 1987. 2-жуз Б.475.
Абу Бакр Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Али ал-Байҳақий.Шуаб ал-иймон. Риёз.: Мактаба ар-Рушд-2003. 2-жуз. Б.386.
Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Хотиб ат-Табризий. Мишкатул масобиҳ Ливан-Байрут -1985. 1-жуз Б.499.
أخرجه الدارمي: حديث/ 3501، 2/565، والبيهقي في شعب الإيمان
[8] Абу Довуд Сулаймон ибн Ашъас ас-Сижистоний ал-Аздий. “Сунани Абу Довуд”. Байрут-Ливан. Дор ал-маърифа-2001.1-жуз. Б. 480. Абу Бакр Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Али ал-Байҳақий.Ас-сунан ул-кубро. Байрут-Ливан 1998.2-жуз. Б.54.
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
Абдусамад Тожиддинов