islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Менинг маҳрамим ким? (1-қисм)

Бизларга барча нарсаларни баён қилиб, тўғри йўлга ҳидоят қилган Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз, бизларга барча нарсада ўрнак бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салоту саломларимиз бўлсин.

Ислом шариатида сатри аврат ва маҳрам ва номаҳрам масалаларига жиддий эътибор берилиб, бу тўғрисидаги барча ҳукмлар батафсил баён қилинган. Биз ушбу мақоламизда, сиз азизларни мана шу ҳукмлар билан батафсил таништириб ўтмоқ мақсад қилдик. Бу масалалар инсон билиши керак бўлган энг асосий масалалар ҳисобланади. Зероки, бу нарсаларни яхши ўрганиб олиш натижасида кўплаб гуноҳ ишларни қилиб қўйишдан омонда бўлади.

Бу мақоламизни асоси сатри аврат масаласига бориб етганлиги сабабли, даставвал, аврат масалаларини баён қилсак. Ҳанафий мазҳабида мўътабар ҳисобланган фиқҳий китобларда бу тўғрисида қуйидагича баён қилинади:

Эркак эркакнинг, аёл аёл ва эркакнинг киндик ва тизза орасидан бошқа жойларга қарайди (қараши жоиз)(Эркак) ўз маҳрами ва бошқа одамга тегишли чўрининг қорин (бу ерда қорин орқанинг муқобилидадир. Шунинг учун кўкрак ҳам киради), орқа (елкадан думғазагача бўлган жой) ва сондан бошқа жойларигача қарайди. Номаҳрам аёлнинг, (қул эса, ўз) саййидасининг юз ва кафтигагина қарайди. (Ҳалол жойларига қараган вақтда ҳам) шаҳватдан хотиржам бўлиши шарт қилинади. Қозилик, шаҳодат, никоҳ иродаси, сотиб олиш ва даъволаш учун қараш ҳолатлари бундан мустасно. (Табиб беморнинг) оғриқ ўрнига зарурат миқдорича қарайди. Бичилган ва шу қаторилар (қараш ҳукми борасида) бичилмаган эркак кабидир. (Жуфти ҳалоли ва чўрилари каби) ўрталарида жимо ҳалол бўлган инсоннинг барча аъзосига қараши мумкин. Қараш ҳалол бўлган аъзони ушлаш ҳам ҳалолдир.

Бу масалаларни бирма бир шарҳлаб ўтсак:

Эркак эркакнинг, аёл аёлнинг ёки эркакнинг киндик ва тизза орасидан бошқа жойларга қарайди.

Демак, эркак кишининг аврати киндик остидан то тизза остигачадир. Бунга далил сифатида қуйидаги ҳадисларни келтиришимиз мумкин:

عن أبى أييوب الأنصارى قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم أسفل السرة وفوق الركبتين من العورة . رواه الدارقطنى

Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Киндикдан пастдаги нарса авратдандир. Икки тиззадан юқори нарса авратдандир”, – дедилар”. (Дорақутний ривояти).

عن عمر بن شعيب عن أبيه عن جده قال رسول الله صلى الله عليه وسلم مروا صبيانكم بالصلاة فى سبع سنين واضربوهم عليها فى عشر وفرقوا بينهم في المضاجع وإذا زوج أحدكم أمته عبده أو أجيره فلا ينظر إلى ما دون السرة وفوق الركبة فإن ما تحت السرة إلي الركبة من العورة. رواه الدارقطنى

Амр ибн Шуайбдан, у киши отасидан, у киши бобосидан розияллоҳу анҳум ривоят қилинади:

“Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ёш болаларингизни етти ёшликларида намоз ўқишга амр қилинглар. Ўн ёшга етганларида унинг учун уринглар ва ётар жойларни алоҳида қилинглар. Қачон бирингиз ўз чўрисини қулига ёки мардикорига никоҳлаб берса, унинг киндигидан пастига ва тиззасидан юқорисига назар солмасин. Чунки киндикдан пасти ва тиззадан юқориси авратдандир”, – деганлар”. (Дорақутний ривояти.)

Бундан чиқди, киндик аврат эмас тизза авратдир. Шофеъий мазҳабида эса, унинг аксидир. Моликийлар эса, фақат олд ва орқа уят жойларнигина аврат дейдилар.

Бизнинг далилимиз:

عن عمير بن إسحاق قال رأيت أبا هريرة لقى الحسن بن على فقال اكشف لى عن بطنك حيث رأيت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقبل منه قال فكشف عن بطنه فقبله. رواه أحمد

Умайр ибн Исъҳоқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Абу  Ҳурайра   розияллоҳу анҳунинг Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу билан учрашиб қолганини кўрдимУ киши унга: Росулуллоҳ соллоҳу алайҳи васалламнинг сени қорнингдан ўпаётганларини кўрган жойимни оч!” – деди. У қорини очди, (Буниси) унинг киндигидан ўпди”. (Имом Аҳмад ривояти).

Агар киндик аврат бўлганида у зот киндигини кўрсатмаган, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу эса уни ўпмаган бўлар эдилар.

Аёллар бир бирига жинсдош бўлгани, қараганда аксар ҳолатларда шаҳват бўлмагани сабабли ҳам киндик ва тизза орасидан бошқа жойларга қарашга рухсат берилган. Лекин шаҳват бўлмаслиги керак. Эркаклар одатдаги иш билан машғул бўлганда, кўпинча устки кийимларини ечиб иш қилади. Аёллар кўрмаслиги учун, кийимларини ечмасин дейиладиган бўлса, машаққатга сабаб бўлади. Шунинг учун бизнинг мазҳабда аёлларнинг эркакларга назар солишида енгилроқ йўл тутилган. Аёл аёлнинг қаерларига қараш мумкин бўлса, номаҳрам эркакнинг ҳам шу жойларига қараши мумкиндир. Аёл киши эркакнинг қараш жоиз бўлган аъзосига қарасаю, қалбида шаҳват уйғонса ёки шаҳват пайдо бўлганлигидан шубҳаланса, кўзини четга олиши мустаҳаб бўлади. Эркак кишида бундай ҳолат тушса, у кўзини четга олиши вожиб бўлади.

Аёллар бир жойда ўтириб олиб, номаҳрам эркакка ноўрин қарамоқликлари ҳаром. Аммо кўча кўйдаги ёки ҳаром бўлмаган ўйинлар ўйнаётган эркакларга узоқдан қарасалар, майли.

Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилиган ҳадисда зикр қилинишича, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ийд куни ҳабашийларнинг масжид олдидаги ўйинларида Оиша розияллоҳу анҳо ҳам у зотнинг орқаларидан туриб томоша қилганлар. У зот Оиша онамизни улардан тўсиб турганлар. Оиша онамиз ўзларига малол келгандагина қайтиб кетганлар.

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Акмалжон Ғаниев

71760cookie-checkМенинг маҳрамим ким? (1-қисм)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: