Покистон муфтийси Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳга кеча суиқасд уюштирилгани ҳақида хабарлар ижтимоий тармоқда ҳам тарқади. Кузатишимча, у кишини бизда ҳали кўпчилик танимас экан. Шу эътибордан,у киши ҳақларида айни пайтда хотирга келган айрим маълумотларни сиз билан баҳам кўргим келди.
Ҳазрат Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ замонамизнинг ўхшаши йўқ ва ўрнини бошқаси тўлдира олмайдиган олимларидан. Фиқҳий маҳорати шунчалар юксакки, ҳатто у кишини туғма фақиҳ дейишади. Ўзлари алломалар сулоласидан. 14‑15 ёшида мадрасада устозлари урдучада ўтган дарсни дафтарга бевосита араб тилида кўчирар эканлар. Замонамизда Ислом оламида фиқҳий ва фикрий инқилоб ясай олган олимлардан. Илғор фикрли, тафаккури ва фиқҳий қарашлари ўта теран. Бундан ярим аср олдин у киши исломий банк тизимини яратиш кераклиги ва бунинг мумкинлиги, асослари ҳақида сўз очганда кўпчилик ишонмаган ва баъзилар бу ҳеч қачон бўлмайди, чунки шариат билан банк тизимини бирлаштириш имкони йўқ иш деб рад этган. Аммо вақт ўтиши билан барчалари Тақий Соҳибнинг фикрларига қўшилишга мажбур бўлган. У киши ана шунақа, бошқалардан ярим аср олдинда юради. У киши қадимги фиқҳ билан замонавий фиқҳни шунақа маҳорат билан жамлаганки, фиқҳдан хабари бор ҳар қандай олим тан бермай иложи йўқ. Замонавий ҳуқуқшуносликда ҳам катта билим ва тажрибага эга. У киши оддий фуруъий масалаларни ўқиган одам эмас, балки чинакам фақиҳ, изланишлари қадимги мужтаҳидларимизни эслатади, «замонанинг Абу Юсуфи» деса ҳам бўлади. Аммо ҳақиқий фиқҳ чашмасидан баҳра топмаган, унинг зилолидан таъм тотмаган кишилар у кишини тушунмаслиги, ўзича нимлардир деб танқид қилиши ҳам мумкин. Бироқ, “Тоққа тош отма, бошингга жабр бўлади”, дегандек, у киши ҳақида ўзича сўз қотганлар ўзларига зарар етказади, холос.
Муҳаммад Тақий соҳиб дунёнинг қатор фиқҳий академияларига аъзо. Жуда кўп илмий сафарларда бўлиб келадилар. Араб ва инглиз тилларида бемалол нутқ ийрод этадилар. У киши дунё иқтисоди етакчиларининг мажлисларига ҳам таклиф қилиниб турадилар. Нафақат Ислом оламида, балки бутун дунё миқёсида катта ҳурмат ва эътиборга эгалар.
Устозимиз Шайх ҳазратлари у кишини жуда ҳурмат билан тилга олардилар ва бир қанча китобларидан шогирдларга дарс ўтганлар. «Олтин Силсила» лойиҳасида у кишидан тақриз олганлар. Устоз айтардиларки, Муҳаммад Тақий ҳазратларининг шоҳ асари «Саҳиҳи Муслим»га ёзган шарҳлари бўлиб, ўзлари ҳам шу ишлари билан фахрланар эканлар: баъзан ўзларини таништиришда ҳазиломуз қилиб: «Мен Муҳаммад Тақий, «Саҳиҳи Муслим»нинг шориҳи», деб қўяр эканлар. Бу асар, ҳақиқатан, жуда ҳам буюк асар ҳисобланади. Биз «Олтин силсила»да «Саҳиҳи Муслим»нинг таржима ва таҳририда асосан шу китобдан фойдаланганмиз. «Йўл ҳаракати фиқҳи»га оид илмий ишимда фиқҳий жабҳадаги асос манба ҳам у кишининг бундан 25 йил олдин шу мавзуда ёзган илмий мақолалари бўлган. У киши ўша илмий ишини 1994 йили Брунейда ўтказилган фиқҳий анжуманга тақдим қилган ва барча олимлар томонидан бир овоздан қабул қилинган. Шулар эътиборидан, юртимиздаги бир қатор аҳли илмлар қатори биз ҳам Ҳазрат Тақий Усмонийнинг ғойибона шогирдимиз.
Муфтий Муҳаммад Тақий ҳафизаҳуллоҳнинг фикр ва фиқҳий мулоҳазалари шундай теран ва ўткирки, тақдим қилган фатволари, қарашлари кўпинча аксар олимлар тарафидан сўзсиз эътироф этилади. Бу жуда катта салоҳият талаб қилинадиган мақом. Айниқса, замонавий Ислом иқтисоди борасида у кишининг олдига тушадиган одам бўлмаса керак. У кишини «замонамиз Ислом иқтисодининг оталаридан бири» деса, ҳеч муболағаси йўқ. Ана шундай юксак мақомларга эга бўлиш баробарида, барча буюклар қатори, ўта камтар, кирчимол, содда, камсуқум инсонлар. У кишининг толиби илмларга, илм аҳлига, мусулмонларга тавозелари ҳаммага ибрат бўладиган. Бу борада ҳам буюкликлари олдида ҳар қандай инсофли одам бош эгади.
Аллоҳ таоло ул зотни ва у киши қатори бошқа алломаларимизни ҳамиша Ўз паноҳида асрасин, умрларини янада узун, баракали қилсин ва уларнинг илмларидан барчаларимизни манфаатлантирсин.
Роббимиз Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг зиёратларини, бевосита суҳбатларини бизларга ҳам муяссар этсин, ташрифларини юртимизга насиб айласин!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ илмни шундайла суғириб олмайди, балки олимларни олиш билан тортиб олади. Кейин эса одамларнинг куни жоҳилларга қолади. Улар илмсиз равишда фатво бериб, ўзлари ҳам адашишади, одамларни ҳам адаштиришади», деганлар. Олимларнинг қадрига етишимиз керак. Битта олим етишиши учун қанча одам йиллар қанчадан‑қанча меҳнату вақт сарф этади. Ўшанда ҳам Аллоҳ сунса, бўлади, бўлмаса, илмдан барака топа олмайди. Аллоҳим олимларимизнинг қадрига етиш бахтини ҳаммамизга насиб этсин ва бунинг натижасида авлодларимиздан олимларни кўпайтирсин!
Тошкент ислом институти битирувчиси
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид