islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Қалблар ҳаёти

Ҳаё – гўзал ишларга ундовчи ва қабиҳ амаллардан тўсиб турувчи фазилат бўлиб, нафснинг мақтовли сифатларидан ҳисобланади. У – олийжаноб хулқларнинг тожи, иймон зийнати, Ислом шиоридир. Зеро, ҳадиси шарифда айтилганидек: “Муҳаққақки, ҳар бир диннинг ўз хулқи бўлади, Ислом хулқи эса ҳаёдир” (Ибн Можа ва Имом Молик ривояти).

Демак, ҳаё сифати динимизнинг асосий хулқларидан, доимо сезилиб, билиниб турадиган фазилатларидан экан.

Ҳаё – ўз соҳибидаги эзгуликка далолат қилувчи, қалб саломатлигидан дарак берувчи ва маломат тошларидан ҳимоя қилувчи бир қўрғондир. Ваҳб ибн Мунаббеҳ айтади: “Иймон бамисоли яланғоч тан кабидир. Унинг либоси тақво, безаги ҳаёдир”. Машойихлар дейдиларким, “Кийими ҳаёдан тикилган кишининг айби халойиққа кўринмас”.

Шоир айтади:

Сақлагил ҳаёинг ҳар дам, ҳар нафас,
Кишининг фазлига далилдир ҳаё,
Юзнинг суви кетса, қилинмас ҳавас,
Ўликдир у инсон, мурдадир гўё.

Ҳа, қалб қанчалик тирик бўлса, ҳаё хулқи ҳам шунчалик кучли ва мукаммал бўлади. “Ҳаё” билан “ҳаёт” сўзининг ўзаги бир эканлиги ҳам бежиз эмас, албатта.

“Ҳаё” тириклик маъносини англатувчи “ҳаёт” сўзидан олинган бўлиб, халқ назарида хунук саналган, айбситиладиган бирор ишни қилганда кишига етадиган эзилиш, синиқиш ва юздаги ўзгаришни англатади. Бу нарсанинг “ҳаёт” сўзига қандай алоқаси бор деган саволга имом Замахшарий шундай жавоб беради: “аслида арабча “حي” ёки “استحيى” (“ҳаё қилди”) дегани мажозан “ҳаётига нуқсон етди, иллатланди”, деган маънони ифода қилади. Чунки, қилган ишидан уялиб, хижолатга ботган кишига етадиган эзилиш, сиқилиш туфайли у бамисоли дармони кетиб, ҳаётига нуқсон етган каби бўлади. Халқ орасида кенг тарқалган “مات فلان حياء” “фалончи уятдан ўлди”, “уятдан тамом бўлди”, деган сўзлар ҳам шу маънони тасдиқлайди” (“Ал-Лубоб фий улум ал-китоб”).

Ҳаё сифати ўзига хос фазилат ва хусусиятларга бағоят бой бўлгани учун ҳам динимиз кишиларни у билан хулқланишга чақиради. Ҳатто бу сифат иймон шохчаларидан бир шохчадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: “иймон етмишдан ортиқ шохчадан иборат. Уларнинг энг афзали (энг юқориси) “Лаа илааҳа иллаллоҳ” сўзи бўлса, энг пасткиси йўлдан зарарли нарсаларни олиб ташлашдир. Ҳаё ҳам иймон шохобчаларидан бир шохобчадир” (Саҳиҳайнда ривоят қилинган).

Юқоридаги ҳадисда иймон калимаси бўлмиш “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!” сўзидан кейин кишининг мўминлигига далолат қилувчи бошқа ишлар ҳам борлиги, бўлиб ҳам анча-мунча эканлиги ижмолий тарзда баён қилингач, йўллардаги азиятни бартараф қилиш ҳамда ҳаёли бўлиш ҳам иймон бўлакларидан бир бўлак эканлиги алоҳида қайд қилинган. Бу ҳам бўлса, ҳаёнинг динимизда нечоғли муҳим ўрин тутганлигидан далолат беради. (Бўлак дейилар экан мажозий маъно ирода қилинган. Иймон тақозоси бўлган амаллардан эканлиги назарда тутилмоқда. Зеро, иймон аслида бўлакларга бўлинмайди).

Бошқа бир ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади: “ҳаё билан иймон бир-бирига чамбарчас бириктирилган, агар уларнинг бири кўтарилса, иккинчиси ҳам кўтарилиб кетади”, (Имом Бухорий: “ал-адаб ал-муфрад”; Ҳоким: “ал-Мустадрак”).

Ҳаё билан иймоннинг бир-биридан айрилмаслиги, ўзаро жипс боғлиқлигининг сири, уларнинг ҳар иккисининг ҳам эзгуликка чорлаб, ёмонликдан узоқлаштирувчи нарсалар эканлигидадир. Шунинг учун ҳам орифлардан бири “ҳаётда қанча-қанча хунук ишларни қилишимдан фақат ҳаёгина тўсиб қолган”, деган эди. Шундай экан, бирор кимсада ўта журъаткорлик, ахлоқсизлик ҳамда беодоб ва бепарда сўзларнинг кўп гапирилишига гувоҳ бўлсангиз, билингки, бунинг асосий сабаби ҳаёнинг йўқлигидандир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: “илк нубувват ўгитларидан инсонларга шу бугунга қадар (ўзгармасдан) етиб келган ҳикматли сўзлардан бири: “агар уялмасанг, билганингни қил!”, деган сўздир” (Имом Бухорий ривояти).

Яъни, Одам алайҳиссалом давридан то Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом замонларигача барча шариатларда тарғиб қилинган ва асло бекор қилинмаган одоблардан бири бу ҳаёдир. Шариатлар ўзгарса ҳам ҳаё хулқи доимо хуш кўрилувчи, марғуб саналувчи хулқлардан бўлиб қолаверган. Зеро, ҳаё латиф бир сажия бўлиб, у шариат ёхуд урф ҳукмларини ҳатлаб ўтишдан нафсни тўсиб туради. Урф ҳукмлари деганда кишиларнинг қалби ётсирамайдиган, ақллар чиройли деб биладиган барча гўзал хулқу одоблар, олийжаноб хислатлар назарда тутилади. Бу нарсалар барча замон ва маконларда эътироф этилиб, маъқулланади.

“Агар уялмасанг, билганингни қил!”, деган сўз таҳдид ҳамда ёмонликдан қайтариш маъносига далолат қилади. Яъни, “агар қилаётган ишингнинг урф жиҳатидан нотўғри ва номақбуллигини била туриб, яна уни қилишдан уялмасанг, унда билганингни қилавер, зеро, барибир қилмишинг оқибатига йўлиқасан!”.

Мазкур ҳадис мазмунига кўра, олийжаноб хулққа зид бўлган тубан ва замим хулқлар билан хулқланиш, қалблар эътироф этмайдиган чиркин ишларни қилишдан ҳаё қилиш барча замонларда бор бўлган. Фикримизнинг далили сифатида Абу Суфённинг ҳали Исломга келмасидан бурун Рум эли подшоси Ҳирақл билан ўзи ўртасида бўлиб ўтган Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳақларидаги суҳбат ниҳоясида айтган сўзини эсга олишимиз мумкин. Ўшанда у ёнидагиларга “Аллоҳга қасамки, агар келажакда мен ҳақимда ёлғон сўзни ривоят қилишларидан (яъни Абу Суфён ёлғон гапирибди, деган сўзни бир-бирларига нақл қилишларидан) ҳаё қилмаганимда, албатта ёлғон гапирган бўлардим”, деган эди (Бухорий ривояти). Қуйидаги ҳадис мазмуни ҳам ҳаё сифати инсон табиатида азал-азалдан мавжуд эканлигига далолат қилади: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: “Мусо (алайҳиссалом) ўта ҳаёли, уятчан киши эди, ҳаёлилигидан терисидан ҳеч нарса бировларга кўринмасди” (Бухорий ривояти).

Ҳаёнинг турлари

Баъзи уламолар ҳаёни тўрт қисмга бўладилар:
1. Аллоҳдан ҳаё қилиш;
2. Фаришталардан ҳаё қилиш;
3. Одамлардан ҳаё қилиш;
4. Инсоннинг ўз нафсидан ҳаё қилиши;

Биринчи: Аллоҳдан ҳаё қилиш:

Агар банда қалбида “Аллоҳ мени доимо кўриб турибди, қаерда бўлсам ҳам пок Парвардигор мен билан бирга”, деган тушунча мустаҳкам қарор топса, ундай инсон, Аллоҳ уни фарзларга бепарво бўлаётган ёхуд гуноҳ-маъсият, фисқу фужур ва фаҳш ишларни қилаётган ҳолатда кўришидан ҳаё қилади. Бир куни Пайғамбаримиз алайҳиссалом асҳобларига: “Аллоҳдан ҳаққи-рост ҳаё қилинглар!”, – дедилар. “Ё Расулаллоҳ, алҳамду лиллаҳ-ки, биз ҳаё қиламиз”, дейишди асҳоблар. Шунда У зот: “Мен сиз айтаётган нарсани назарда тутмаяпман, лекин, ким Аллоҳдан чинакамига ҳаё қиладиган бўлса, бош ва у ўзида сақлаган нарсаларни, қорин ва у ўз ичига олган нарсаларни сақласин, ўлиш ва чириб кетишни (кўп) эсга олсин. Ким, охират ҳаётини истаса, дунё зийнатларини тарк этади. Кимки, мана шу ишларни қилса, ана ўша инсон Аллоҳдан ҳаққирост ҳаё қилган бўлади”, дедилар (Бу ҳадисни Имом Термизий, Имом Аҳмад ва Ҳоким Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилишган).

Мазкур ҳадисда “бош ва у ўзида сақлаган, (идрок қилган) нарсаларни, қорин ва ўз ичига олган нарсаларни сақласин!”, дея инсон бошида мужассам бўлган кўз, қулоқ, оғиз каби аъзоларни ҳаромдан сақлаш, ҳаром нарсаларга назар солиш, ҳаром нарсаларга қулоқ тутиш ҳамда туҳмат, ғийбат, ёлғон сўзлар каби ҳаром сўзларни гапиришдан сақланиш лозимлигига ишора бор.

Шунингдек, бошнинг ичидаги ақл неъматини ҳам покиза ва мусаффо сақлаш, яхшиликка йўналтириш каби маънолар ҳам мужассам бўлган ҳадисда. “Қорин ва у ўз ичига олган нарсаларни сақласин!”, деганда эса фақат ҳалол нарсалардан ризқланиш кераклиги тушунилади, валлоҳу аълам.

Ривоят қилинишича, қадим замонда бир киши саҳрода ёлғиз юрган аёлга дуч келади ва уни зинога ундайди. Аёл рўйхушлик бермайди. Шунда ҳалиги киши: “Нимадан қўрқасан, ахир атрофда ҳеч ким йўқку, бизни шу тобда осмондаги юлдузлардан бошқа ҳеч ким кўрмаяпти-ку!”, дея унинг саркашлик қилишига ҳайрон бўлиб, аёлга тегина бошлади. Шунда аёл: “юлдузларку майли-я, аммо юлдузларнинг Яратувчиси-чи, У қаерда?”, – деди. Бу сўздан, зинони астойдил истаган ҳалиги киши ўйга толиб, шаштидан тушди ва заифага ҳеч қандай зиён-заҳмат етказмай қўйиб юборди.

Иккинчи: Фаришталардан ҳаё қилиш:

Бир ҳадисда: “Огоҳ бўлингки, хало билан жимодан бошқа вақтда сизлардан айрилмай, доимо бирга юрадиган зотлар бор. Шундай экан, улардан ҳаё қилинг ва уларни иззат қилинг!”, дейилган эди. Бу ҳадисда назарда тутилган зотлар албатта Аллоҳнинг содиқ қуллари – фаришталардир. Улардан ҳаё қилиш, ўзимизни дину диёнат, одобу ахлоққа зид келадиган номақбул ҳайъатда кўрсатмаслик орқали уларни иззату икром қилишимиз мақсадга мувофиқдир. Ҳақ таоло айни маънога ишора қилиб: “Шак-шубҳасиз, сизларнинг устингизда (қилган ҳар бир амалингизни) ёд олиб, ёзиб тургувчи улуғ зотлар (фаришталар) бордир. Улар сизлар қилаётган ишларни билурлар” (“Инфитор” сураси, 10-12-оятлар), – дея марҳамат қилган.

Мазкур ояти карима маъноларини очиқлар экан, Ибнул-Қоййим шундай дейди: “Яъни мана шу (ҳар бир амални) ёдда сақлгувчи, карамли зотлардан ҳаё қилингиз, уларни икром этингиз ва ўзингизга ўхшаган инсонлар кўриб қолишидан уяладиган ҳолатларингизни кўриб қолишларидан уларни ҳам юқори тутиб, эҳтиром қилингиз! Зеро, малоикалар ҳам одам болалари озорланадиган ҳолатлардан озорланурлар. Одамлар гарчи фаришталардек маъсум ва бегуноҳ бўлмасалар-да, ўз олдиларида фисқу фужур ишни қилаётган одамдан озор топадилар, ранжийдилар, шундай экан, гуноҳ қилмайдиган фаришталар ҳузурида мазкур ишларни қилиб, уларга азият етказиш ҳақида нима дейиш мумкин?!”.

Ўтмишдаги солиҳ кишилардан бирлари ёлғиз қолса, “Марҳабо, Раббимнинг малоикалари, хуш келибсиз! Бугун сизларни яхшилигимдан маҳрум қилмайман, марҳамат қилинг!..”, дер эдида, ўтириб Аллоҳни зикр қиларди.

Учинчи: Одамлардан ҳаё қилиш:

Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу айтади: “Одамлардан уялмайдиган кишида хайр йўқ”. Набий алайҳиссалом одамлардан қилинадиган ҳаёни яхши ва ёмон ишлар учун мезон қилиб белгиладилар: “Бирор ишни одамлар кўришини ёқтирмасанг, хилватда қолганингда ҳам ўша ишни қилма!” (Ибн Ҳиббон ривояти, ҳасан санадли ҳадис).

Тўртинчи: Кишининг ўз нафсидан ҳаё қилиши:

Кимки, одамлардан ҳаё қилсаю, ўзидан ҳаё қилмаса, демак, унинг нафси у инсон қошида ўзгалардан кўра ҳақирроқ ва қадрсизроқ экан. Шундай экан, инсон биринчи навбатда ўз нафсининг қадрини билиши, қандайдир тубан ва разил ишларни қилишдан ўзини юқори тута билиши лозим. Киши хилватда қолиб, бирорта хунук амални қилмоқчи бўлганда, ўз нафсини гўёки уни кўриб турган алоҳида инсон сифатида тасаввур қилиши керак. Ана шунда ёлғиз ҳолатда ҳам иффатини сақлайди, қалбини турли разолатлардан, чиркин хаёллардан пок тутади. Қачонки, кишининг наздида ўз нафси буюклашса, нафсидан қиладиган ҳаё ўзгалардан қиладиган ҳаёсидан чандон ортиқ бўлади ва бу инсонни ҳар томонлама камолотга етаклайди.

Салафи солиҳлардан бири айтади: “Кимки одамлардан яширин жойда ҳаммага ошкора бажаришдан уяладиган бирор ишни қилса, демак унинг ҳузурида нафсининг заррача қадр-қиймати йўқ экан”.

Аллоҳ таоло барчамизга мукаммал ҳаёни, ошкору яширин ҳолатларимизда Ўзидан қўрқишни насиб этсин ва оқибатимизни хайрли қилсин!

“Тиллар” кафедраси ўқитувчиси
Алишер Султонхўжаев

Манба

72380cookie-checkҚалблар ҳаёти
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!