Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг Саҳиҳларида Молик ибн Соъсоъа розияллоҳу анҳумодан қилинган ривоятда шундай дейилади:
“Сўнг мен билан олтинчи осмонга кўтарилди, эшикни тақиллатди,
“Бу ким?”, – деб айтилди,
“Жибрил”, – деди.
“Ёнингиздаги ким?”, – дейилди,
“Муҳаммад”, – деди.
“Унга рисола юборилдими?”, – дейилди,
“Ҳа”, – деди.
“Қандай ҳам яхши келувчи келди!”, – дейилди.
Ҳоли қолганимда қарасам, Мусо алайҳи салом(ни кўрдим). (Жибрил) айтди:
“Бу Мусо, унга салом беринг”. Салом бердим, алик олди. Сўнг:
“Хуш келибсиз Солиҳ биродар ва солиҳ набий”, – дедилар. Ўтиб кетаётгандим йиғладилар ва унга:
“Сизни нима йиғлатмоқда?”, деб айтдим. Айтдилар:
“Йиғлаяпман, чунки мендан кейинги юборилган ғуломнинг умматидан менинг умматимдан жаннатга кирадиганлардан кўра кўпроқ киради….”[1].
Бу ҳолатда Мусо алайҳи саломнинг йиғлашлари ҳақида уламолар:
“Мусо алайҳи саломнинг йиғиси ҳасад жиҳатидан бўлмаган. Аллоҳ сақласин. Чунки у оламда ҳасад ҳар бир мўминнинг қалбидан чиқариб юборилган бўлса, Аллоҳ танлаб олган зотлар ҳақида нима дейиш мумкин. Балки йиғилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даражотлари баландлигидан умматига берилган неъматларга Мусо алайҳи салом эришолмаганлиги сабабли ҳавас қилиш ўлароқ бўлган. Шунингдек, ҳар бир Набийнинг уммати қилган савоб амалидан Пайғамбари учун ҳам савоб бориб туради. Мусо алайҳи саломнинг уммати узоқ муддат давом этган бўлсада, адад жиҳатидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматидан камроқ эди”.
Анас розияллоҳу анҳу Молик розияллоҳу анҳудан, у эса Ибн Соъсоъа розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Мусо алайҳи салом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни “Ғулом” деб айтишлари камситиш маъносида бўлмаган. Балки Аллоҳ таолонинг қудрати ва карамининг кенглигига шундай деганлар. Чунки Аллоҳ таоло Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламни ёш бўлишларига қарамай гарчи у зотдан олдин ёши анча улуғ бўлган Пайғамбарлар ўтган бўлса ҳам у зотдан олдин ҳеч кимга бермаган неъматларини берди. Мусо алайҳи саломдан эса биз – уммати Муҳаммадийяга намоз борасида бошқа ҳеч кимдан етмаган жудаям катта ёрдам етди. Яъни айнан Мусо алайҳи салом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга намозни камайтиришни сўрашга буюрдилар. Чунки, Аллоҳ таоло сизу бизга эллик вақт намоз фарз қилган эди, Мусо алайҳи саломнинг таклифлари билан беш вақт намозга тушурилди. Бунга Имом Табароний ва Баззор раҳимаҳуллоҳлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда ишора қилинган: “…Мусо унинг олдидан ўтганимда энг қаттиғи эди ва унга қайтганимда энг яхшироғи эди…”[2], – деганлар.
Абу Саъид раҳимаҳуллоҳнинг ҳадисида эса: “…Қайтувчи ҳолда юзландим ва Мусонинг олдидан ўтдим, у сизлар учун қандай ҳам яхши соҳиб эди. Ва у мендан: “Сизга Роббингиз қанча (намоз) фарз қилди?”, – деб сўрадилар…”, – дейилади.
Имом Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
“Менга зоҳир бўладики, Мусо алайҳи салом Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ қандай неъматлар билан неъматлантирганига ишора қилдилар. Ёши улуғ бўлганларида ҳам қувватлари бардавомлиги ва ҳатто шайхлик ёшига етган бўлсалар ҳам баданларига қувватсизлик кирмаган эди. Ҳатто Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилганларидек Мадинага Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан бирга кириб борганларида Абу Бакр розияллоҳу анҳуни “шайх” деб айтганлар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни эса “шааббун” – “йигит” деб айтишган эди”.
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
“Мусо алайҳи салом намоз борасида мурожаат қилинишда хосланганликларидаги ҳикмат балки Мусо алайҳи саломнинг уммати намоз билан мукаллаф бўлганликларида бўлса керак. Улардан бошқа умматга эса намоз таклиф қилинмаган эди. Улар эса бунинг уддасидан чиқишмади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматига шафқат қилдилар. Ва у зотга “… мен сиздан олдин инсонларни синадим …” деб айтган сўзлари ҳам ишора қилади”[3].
Бошқа бир олим эса: “Балки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Мусо алайҳи саломнинг умматидан кўпроқ уммат соҳиби ва улуғроқ китоб соҳиби ҳам бўлганликлари, ҳукм жиҳатидан ҳам кўпроқ ҳукм соҳиби бўлган Пайғамбарлиги учундир. Бу жиҳатлардан эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Мусо алайҳи салом энг кўп ўхшаганлар. Шунинг учун ҳам Мусо алайҳи салом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган неъматларни ўзларида ҳам бўлишини умид қилишлари муносиб. Ва ўзларининг бошидан ўтганини айтиб беришлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга тааллуқли бўлган масалаларда насиҳат қилишлари ҳам шу сабабдан муносиб бўлди.
Ва яна шунингдек бошида Мусо алайҳи салом ўз умматларига Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига нисбатан камроқ берилган неъматларга кўзларига ёш олган бўлсалар, биринчи кўришганларида ўзларида содир бўлган ҳолатни кетказиш учун Пайғамбаримиз Аллоҳнинг ҳузуридан қайтганларида у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга насиҳат қилишлари ва умматига шафқат қилишлари билан биринчи ҳолатнинг ўрнини тўлдириб қўйганликларини ҳам эҳтимол қилади”.
Имом Суҳайлий раҳимаҳуллоҳ эса:
“Бу борадаги ҳикмат Мусо алайҳи салом Аллоҳ таолога муножот қилганларида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаламнинг умматинининг неъматларини кўргандилар. Ва Уммати Муҳаммадийядан бири бўлишни Аллоҳдан дуо қилиб сўрагандилар. Ва меърожда шафқат қилишлари ҳудди улардан бири ўлароқ шафқат қилишлари каби бўлди”, – дейдилар[4].
Хулоса:
Юқорида айтиб ўтилган Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мусо алайҳи саломлар ораларида бўлиб ўтган ҳодисалардан ўзимизга гўза ибрат олсак бўлади. У бўлса:
Қаранг, ҳатто Пайғамбар бўлган зот, Пайғамбар бўлганларида ҳам энг улуғ Пайғамбарлардан бирлари бўлмиш Мусо алайҳи салом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даражотлари ва у зотга берилган неъматларни билган ҳолда биз – уммати Муҳадайиянинг ўрнида бўлишни орзу қилганлар. Бу эса бизнинг даражотимиз Раббоний оламда нақадар баланд эканлиги кўрсатади.
Бироқ, бу даражот қуруқ уммат бўлиш билангина бўлиб қолмайди. Шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилишимиз керак. Ўшандагина бу даражотларнинг соҳибларидан бири бўлишимиз мумкин. Чунки маҳшаргоҳда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қўлларидан ҳавзи Кавсардан сув ичиш учун умматларидан бир гуруҳи борганларида фаришталар уларни қувади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматим, умматим”, – деганларида фаришталар: “Ё Расулуллоҳ, булар сиздан кейин нима қилишганини билмайсиз…”, – деб айтадилар. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари уларни қувадилар. Ваҳоланки улам ҳам уммати эдилар…
Тошкент ислом институти талабаси
Бахтиёр Нажмиддинов
[1] Аҳмад ибн Ҳажар Асқалоний. “Фатҳул Борий шарҳу Саҳиҳил Бухорий”, “Дорур-райён лит-турос”, Қоҳира, 1986.
[2] Аллома Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний. “Исро ва Меърож”, Қоҳира, “Дорул ҳарройн”, нашриёти, 2002.
[3] Аҳмад ибн Абу Бакр Қуртубий. “Жомеъу аҳкамил Қуръон”, “Ал-Рисола” нашриёти, Байрут, Лубнон. 2006.
[4] Аллома Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний. “Исро ва Меърож”, Қоҳира, “Дорул ҳарройн”, нашриёти, 2002.