Исломдаги турли хил фиқҳий мактаблар-мазҳабларнинг мавжудлиги мусулмонларга муқаддас манбаларда кўрсатилган вазифаларни бажариш учун энг мақбул йўлни танлаш имкониятини очиб беради. Бу йўллардан бири, Имом Молик ибн Анас асос солган Моликийлик мазҳабидир.
Имомнинг таржимаи ҳоли
Сунний йўналишига мансуб фиқҳий мактаб асосчиси Молик ибн Анас 93-ҳижрий (милодий 717) йилда Мадинада туғилган. Унинг ота-боболари илмли кишилар бўлиб, хусусан, Имом Моликнинг бобоси Амир ансорлардан эди. Умуман олганда, мазҳаб асосчиси бутун умр Мадинада яшаб, «Имом» ёки «Имомуд дарул ҳижр» тахаллусига эга бўлди.
Молик ибн Анас болаликданоқ асосий вақтини таълим олишга бағишлади, устозлари берган вазифаларга диққат билан эътибор қилди ва ҳадисларни ўрганишда қалбида улкан завқни туйди. Мадинада яшаб таълим олиш уни қаноатлантирар эди, чунки саҳобалар ва тобиъйнлардан ҳадис ривоятларини тинглаш учун доимий Мадинада бўлиш талаб этилар эди.
Шу билан бирга, у ақида ва ислом ҳуқуқи каби бошқа соҳалардаги илмларни эгаллашни ҳам назардан қочирмади. Имом Молик Қуръон илмларидан ҳам яхши билимга эга бўлиб, шу орқали фиқҳий қоидаларни ишлаб чиқди. Унинг кенг қамровли ишларининг тожи сифатида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг қимматли сўзлари ва у зотнинг шахсияти билан боғлиқ ривоятлардан иборат бўлган ҳадис тўплами бўлган “Муватто” китобини кўрсатиш мумкин.
Молик ибн Анас илмий изланишлари билан бир қаторда савдо билан шуғулланган. Буюк имом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳарларига бўлган юксак муҳаббати сабаб Мадинадан узоқ кетмай яшади, Мазҳаб асосчиси Молик ибн Анас касаллик туфайли 179-ҳижрий (милодий 803) йилда 86 ёшида вафот этди.
Имом Молик мазҳаби
Имом Молик ибн Анас мазҳабининг характерли хусусияти шундан иборатки, унда ансорларнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган чексиз ҳурмат ва эҳтироми уфуриб туради. Ушбу фиқҳий мактабда имомнинг Мадинада яшаганлик тажрибаси катта аҳамиятга эга.
Қуръони карим ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига қўшимча равишда, моликийлар илмий ва оддий ҳаётга оид амалий саволларга жавоб топиш учун кўплаб бошқа усул ва манбаларга таянадилар:
- Биринчи навбатда ҳукм чиқаришда Қуръонда муҳкам, яъни маъноси аниқ ва равшан бўлган оятларга эътибор берилади.
- Ҳукм олишда Молик ибн Анас фақатгина суннатнинг ўзигагина суянишни қоида қилиб олган. Мисол учун, агар оход (мутавотир даражасига етмаган) ҳадис Қуръон оятларига зид бўлмаса, у ҳам ҳукмнинг манбаи сифатида қабул қилинган.
- Мадиналикларнинг кундалик ишлари. Ансорлар, мадина аҳлининг Қуръон ва суннатга зид бўлмаган анъанавий ҳаракатлари Моликий мазҳабига кўра оход ҳадисга қараганда афзалроқдир.
- Саҳобалар ва тобиъйн қавллари. Агар юқоридаги 3 та бўлимларга зид бўлмаса, манба сифатида қаралиши мумкин. Бироқ улар суннатга тенглаша олмайди.
- Қиёс – мавжуд қоида ва ҳукмларга асосланиб қарор қабул қилиш. Лекин, қиёсни бошқа илож қолмагандагина ишлатиш лозим, деганлар.
- Истиҳсон – қиёсга кўра чиқарилган фиқҳий ечимни тузатиш ва янги шароитларга мослаштириш.
- Истислоҳ – жамият ҳаётида фойдадан ҳоли бўлмаган ижтимоий қарашлар. Агар ислом фиқҳининг асосий манбаларида ушбу долзарб муаммо бўйича зарур кўрсатмалар бўлмаса, мавжуд жамият аъзолари томонидан урфда бўлган масаларга мурожаат қилинади. Бу усул биринчи Имом Моликнинг ўзи томонидан таклиф қилинган.
Мадина шаҳрида пайдо бўлган имом Молик ибн Анаснинг мазҳаби дунёнинг бошқа ҳудудларига ҳам тарқалди. Ҳозирги вақтда ушбу фиқҳий мактаб тарафдорлари асосан Шимолий (Миср, Тунис, Жазоир, Марокко) ва тропик Африка (Нигерия, Мали), шунингдек Форс кўрфази (Баҳрайн, Қатар, Қувайт) мамлакатларида яшайди. Мазҳаб, давом этаётган миграция оқимлари туфайли Европада ҳам аста-секин тарқалмоқда.
Ҳадис ва ислом тарихи кафедраси
ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев
Манба: https://islam.global/obshchestvo/islamskoe-pravo/imam-malik-ibn-anas-vozhd-mediny/