islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ОЛИМЛАРНИ МАСХАРА ҚИЛИШ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим!

Сен: «Аллоҳни, Унинг оятларини ва Расулини истеҳзо қилаётган эдингизми?» деб айт. Узр айтманглар. Батаҳқиқ, иймонингиздан кейин куфр келтирдингиз”. ( “Тавба” сураси, 65-66-оятлар)

Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, Унинг Ўзидан ёрдам сўраймиз! Расулимизга салавотлар бўлсин! У зотнинг оилалари, саҳобалари ва қиёматга қадар яхшиликда уларга эш бўлганларга Аллоҳнинг раҳмати, нажоти ва нусрати ёғилсин!

Ва баъду:

1. Истеҳзо ва унинг луғавий ҳамда истилоҳий таърифи.

2. Сен: «Аллоҳни, Унинг оятларини ва Расулини истеҳзо қилаётган эдингизми?» деб айт. Узр айтманглар. Батаҳқиқ, иймонингиздан кейин куфр келтирдингиз”. Бу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби.

3. Истеҳзо ҳақида салаф ва халаф уламоларимизнинг демишлари.

4. Истеҳзонинг шариатдаги ҳукми.

5. Истеҳзо муаммосининг мусулмонлар орасида ёйилиши ва унинг олдини олиш учун таклифлар.

6. Хулоса.

1. Истеҳзо ва унинг луғавий ҳамда истилоҳий таърифи

Мусулмон шахснинг зиммасида вожиб бўлган нарсалардан бири Ислом уламоларини ҳурмат қилиш, солиҳ инсонларга муҳаббатли бўлишдир. Ислом шариати айнан ушбу муҳаббат ва ҳурматни ҳаддидан ошмаслик ҳамда сусткашлик қилмаслик шарти ила касб этиш лозимлигини уқтиради. Шубҳасиз, айнан уламоларни ва солиҳ инсонларни масхара қилиш, уларни камситиш, иймон тақозо қилган ҳурмат ҳамда муҳаббатга зид ахлоқ ҳисобланади. Истеҳзо камситишнинг бир туридир. (“Лисонул араб”, 1/183 ва “Ал Мисбаҳул Мунир”, 787-саҳифадаги истеҳзо моддасига қаранг!)

Олусий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Истеҳзо камситиш ва масхаралашдир”.

Имом Ғазолий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

“Дарҳақиқат, истеҳзо, пастга уриш, камситиш ва айб-нуқсонлар устидан кулиш орқали танбеҳ бериш гоҳ иш-ҳаракат, гоҳ сўз, гоҳида эса имо ишора билан ҳам бўлади. Истеҳзонинг асли енгилтакликдан келиб чиққан. Араблар туянинг тезлаб, енгил югуриб кетишига шу истеҳзо калимасини қўллашади. (“Руҳул маъоний”, 1/158)

Уламолар истеҳзонинг истилоҳида аҳли илм ва солиҳ зотларни истеҳзо қилиш кофирларнинг сифатларидан ҳамда мунофиқларнинг хислатларидан эканини алоҳида таъкидлашаган. Бунга Аллоҳ таолонинг бир неча оятлари очиқ ишора қилади (“Бақара” 212, “Мўъминун” 103 дан 111 гача бўлган оятлар, “Мутоффифин” 29 дан 33 гача бўлган оятлар. Булар кофирлар ҳақида. Мунофиқлар ҳақида эса “Бақара”, 14, 15, “Тавба”, 79 ва ҳоказолар).

Истеҳзонинг истеъмолидан асосан Исломга душман бўлган гуруҳлар ва уларнинг Ислом уммати орасига кириб олган “дум”лари фойдаланишади. Улар мусулмон уламоларни масхара қилиш сиёсатини қадимдан амалга ошириб келишади. Бу услуб билан мусулмон умматнинг қалбида илм улуғворлигини кетказишни хоҳлашади. Бунга эса уламоларни камситиш орқали эришишни исташади.

“Саҳюний донишмандларининг протоколлари” номли асар ҳақида кўпчилик эшитган. Бу асарнинг шаъни борасида турли гап сўзлар мавжуд бўлса-да, сионистларнинг ўз вакилларига берган кўрсатмалари маълум маънода ҳаётимизда инъикос топган. Зийрак мусулмонлар бу каби баёнотлардан ҳам ўз динлари манфаатига мос ҳикматлар топишлари эҳтимолдан холи эмас.

Шу протоколларнинг ўн еттинчисида диндор илм аҳлларини обрўсизлантириш ҳақида сўз юритилиб, қуйидагилар айтилади:

“Хой (яъни, яҳудий бўлмаганларнинг) руҳонийларини обрўсизлантириш йўли билан айни вақтда уларнинг бизга ҳалал бериши мумкин бўлган миссиялари ҳам барбод бўлади. Кун сайин дин уламоларининг халққа бўлган таъсирлари пасайиб боради. Ҳамма ерда виждон эркинлиги эълон қилинади, энди насроний динининг барбод бўлишидан бизни фақат вақт ажратиб турибди, холос: бошқа динларнинг инқирозига бундан ҳам осон эриша оламиз, бироқ бу ҳақда ҳозир бирор нарса айтиш жуда эрта”.

Демак, протоколдаги кўрсатмага биноан, барча дин уламоларини, бу ўринда мусулмон уламоларни, камситиш, таҳқирлаш, ҳайбатини йўққа чиқариш, туҳмат ва бўҳтонлар орқали гапларини қадрсиз ҳолга келтиришга уриниш сионизм даҳоларининг муҳим кўрсатмаларидан бири экан. Туҳматлар асоссиз бўлса-да тарқатилаверилса, ҳеч бўлмаганда уларнинг таъсиридан айрим эътиборли олимлар ёмонотлиққа чиқиб қолади. Ҳаётимизда бу услубга ўзи билиб-билмай хизмат қилаётган ақли калта бир қанча ёш ва ғўр мусулмонларни кузатиб турибмиз. Айрим ўринларда ўша ақли ноқис болапақирлар очиқчасига уммат эҳтиром қиладиган уламоларнинг номини айтиб, хоин, зулм малайи, динфуруш, дин монополисти, ширкка чақирганига исбот бор, зино ва фаҳшга фатво берган дея ёзмоқдалар. Бир ерда олим инсонни номининг олдига “эшшак” калимасини қўйиб ёзган нусхани ҳам кўрдик!!

Бу ишларини амалга оширар эканлар, бўйинларига “ҳақни гапиряпмиз” деган шиорни осиб олишган.

Ажиб!! Илм ўқимаганларини очиқчасига тан оладиган бу тоифалар ҳақни гапираётганларини қаердан билишади экан?! Жоҳилнинг ҳақни айтяпман дейиши туғма кўрнинг: “Карвонга ўзим йўл кўрсатаман!” – дейишига ўхшайди.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўлжа тақсим қилаётганларида бир нобакор келиб безрайганча: “Эй Муҳаммад, адолат қил!” деганида ичидан қандай ғурур ўтган экан а!? Ўша ножинсни бундай гапиришга ундаган омил ўзини кўрсатиш бўлган, холос, менимча. Бугун ҳам қуруқдан қуруқ уламоларни айблаётган нобакорларнинг ушбу ножинсдан нима фарқи бор?!

Умар розияллоҳу анҳуни пичоқлаган нусха хотин савдосида ушбу жирканч ишга қўл урмаганмиди?! Унинг ҳам наздида қанадайдир “ҳақиқат” даъвоси бор эди, балки. Лекин у ростдан ҳам ҳақиқатмиди?!

Усмон розияллоҳу анҳуга қилич урганлар мансаб савдосида ёнганлар эмасмиди?! Улар ҳам шиор сифатида “ҳақни айтаяпмиз” деган даъвони кўтариб олишмаганмиди!?

Алий розияллоҳу анҳуга: “Ҳукм ёлғиз Аллоҳникидир!” – деганлар ҳақни айтган бўлсалар-да, мақсадлари ботил эмасмиди?! Бу хаворижлар дастлаб Алий тарафида туриб жанг қилишган, кейинроқ эса таҳким ҳодисасидан баҳона чиқариб Алий розияллоҳу анҳуни ҳам, Муовия розияллоҳу анҳуни ҳам кофир эълон қилишган эди. Булар ҳақпарвар эканларини бақириб айтишар, шу шиор билан Алийдек зотни қатл қилишмаганмиди!?!

Эътибор бериб қаранг-а! Ушбу жиноятларнинг барчаси “ҳақни айтаяпмиз” деган даъво ила амалга оширилган. Бугунги кунимизгача бу руҳият давом этмоқда, балки қиёматга қадар ўзгармаса ҳам керак. Сионист донишмадлар эса ушбу руҳиятнинг зарурий фактор бўлишини ҳисобга олиб, фитна санъатини қандай ижро қилиш мумкинлигига тавсиялар беришган. Яна протоколга қараймиз:

“Умуман олганда, фақат бизнинг танланган халқимиз қўлидан келадиган ишлардан бири замонавий матбуотимиз орқали давлат ишларини ёмонлаш, динни, гойлар (яҳудий бўлмаган халқлар)нинг уқувсизлигини энг тутуриқсиз, бемаъни сўзлар билан қоралаш, яъни ҳар қанақасига уларни пастга уриш бўлиши керак” (17-протоколдан).

Сеҳрли сўзлар: сўз эркинлиги, виждон эркинлиги, зулмга хизмат қилаётганлар, золим давлатлар, сиёсий маҳбуслар, сарой олимлари ва ҳоказо…

Қадрли зукко дўстим! Бу тавсиялар дунё саҳнасида нақадар ишлаётганини очик кўз билан кўраётганингизга, зийрак қалб ила англаётганингизга заррача шубҳам йўқ. Ижтимоий тармоқларда, дунё оммавий ахборот воситаларида эътиборли инсонларни очиқчасига бўҳтон, туҳмат ва ҳақорат қилаётганларга қараб ушбу протоколга нақадар амал қилинаётганини хулосалаш мумкин.

Аммо ҳар қандай фитна унсурларига қарши бизнинг илоҳий дастуримиз энг маъқул кўрсатмаларни берганини ҳам унутмаслигимиз керак. Шариатимиз масхара, истеҳзо, камситиш, таҳқирлаш каби мазаммат қилинган сифатларни қоралар экан, булар орқали юзага чиқадиган худди шундай салбий вазиятларнинг олдини олган эди. Хусусан, ушбу хулқлар уммат ичидаги эътиборли зотларга қаратилса, унинг жиноят кўлами янада катталашиб кетишини алоҳида таъкидлаш лозим. Келинг, шу ўринда бир оят ва унинг нозил бўлиш сабабини ўрганиб чиқамиз:

2. “Сен: «Аллоҳни, Унинг оятларини ва Расулини истеҳзо қилаётган эдингизми?» деб айт.

Узр айтманглар. Батаҳқиқ, иймонингиздан кейин куфр келтирдингиз”. “Тавба”, 65, 66. Бу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби.

Ҳақ таоло марҳамат қилади:

: – وَلَئِن سَأَلْتَهُمْ لَيَقُولُنَّ إِنَّمَا كُنَّا نَخُوضُ وَنَلْعَبُ قُلْ أَبِاللّهِ وَآيَاتِهِ وَرَسُولِهِ كُنتُمْ تَسْتَهْزِؤُونَ لاَ تَعْتَذِرُواْ قَدْ كَفَرْتُم بَعْدَ إِيمَانِكُمْ [التوبة:65- 66

65. Агар улардан сўрасанг, албатта: «Биз фақат ўзимизча гап қилиб ўйнаётган эдик, холос», дерлар. Сен: «Аллоҳни, Унинг оятларини ва Расулини истеҳзо қилаётган эдингизми?» деб айт.

66. Узр айтманглар. Батаҳқиқ, иймонингиздан кейин куфр келтирдингиз.

Ушбу ояти карималарнинг нозил бўлиши сабабини муфассирларимиз шундай келтиришади:

“Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Табук ғазоти сафарида дам олиб ўтиришганда бир киши: “Анави қориларимизга ўхшаган қорни каттасини, тили ёлғончисини ва душманга йўлиққанда қўрқоғини кўрмадик!” – деди. Ўша мажлисда ўтирганлардан бири унга қараб: “Ёлғон айтдинг, лекин сен мунофиқсан! Албатта бу гапингни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга етказаман!” – деди ва уни Набий саллаллоҳу алайҳи васалламга етказганида у зотга ушбу оятлар нозил бўлган эди”.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади:

“Мен ўша одамни кўрдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг туялари жабдуғига осилиб олиб, суриниб, тошларга қоқилиб: “Эй Аллоҳнинг Расули! Биз фақат гапга киришиб кетиб, ўйнашиб бу гапни айтиб юбордик!” дея зорланарди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам эса ушбу оятни такрорлардилар: “Сен: «Аллоҳни, Унинг оятларини ва Расулини истеҳзо қилаётган эдингизми?» – деб айт. Узр айтманглар. Батаҳқиқ, иймонингиздан кейин куфр келтирдингиз…” (“Тавба”, 65-, 66-оятлар)

3. Истеҳзо ҳақида салаф ва халаф уламоларимизнинг демишлари.

Салаф ва халаф уламоларимиз шу ўринда қуйидагиларни айтишади: “Ушбу оятнинг нозил бўлиш сабабига кўра инсон бир сўз билан ёки бир амал билан ҳам кофир бўлиб қолиши мумкин экан. Илмни ва унинг аҳлини истеҳзо қилиш, уламоларни беҳурмат этиш айнан куфрга тушириб қўювчи хатарли ишлар жумласидандир”.

Шайх Ҳамд ибн Атийқ раҳимаҳуллоҳдан фуқаҳоларнинг: “Ким фақиҳ инсонни камситиб, “фақиҳча” деса кофир бўлади” – деган гаплари маъноси сўралди. У киши бунга шундай жавоб берди: “Билгин! Уламолар Аллоҳни ёки Унинг Расулини ёхуд Унинг китобини истеҳзо этишнинг куфр эканига ижмо қилишган. Шунингдек, бу истеҳзо гап билан бўлса ҳам, очиқ-ойдин амал билан бўлса ҳам, куфрий иш ҳисобланади. Бунга далил Аллоҳ таолонинг ушбу оятидир:

“65. Агар улардан сўрасанг, албатта: «Биз фақат ўзимизча гап қилиб ўйнаётган эдик, холос», – дерлар. Сен: «Аллоҳни, Унинг оятларини ва Расулини истеҳзо қилаётган эдингизми?» – деб айт.

66. Узр айтманглар. Батаҳқиқ, иймонингиздан кейин куфр келтирдингиз…”

Ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби машҳурдир. Аммо бирон киши фақиҳни “фақиҳча”, олимни “олимча”, обидни “обидча” деса, бу билан фиқҳни, илмни ёки ибодатни истеҳзо қилган бўлса куфр амали содир этган бўлади ва тавба қилиши вожибдир”.

Шайх Абдурраҳмон ибн Қосим раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ояти каримада Аллоҳ таоло: “Сен: «Аллоҳни, Унинг оятларини ва Расулини истеҳзо қилаётган эдингизми?» деб айт”, – деганда ортидан истеҳзо қилувчиларнинг узри қабул эмаслиги алоҳида таъкидлаган.

“Узр айтманглар. Батаҳқиқ, иймонингиздан кейин куфр келтирдингиз”.

Чунки Аллоҳга, Унинг Расулига ва китобларига иймон келтириш, бу тушунчаларни эҳтиром қилишни, улуғлашни ҳар ҳолатда ҳам юксак мақомда эътибор қилишни тақозо этади. Ислом шиорларини ҳазил қилиб устидан кулиш, истеҳзо этиш, камситиш эса иймонга зид амалдир. Шу ўринда уламоларни, илмни камситиш, беҳурмат қилиш ҳам куфр амаллари жумласидан саналади. Чунки Илм Аллоҳнинг сифатларидан биридир.

Уламоларни истеҳзо қилиш, солиҳ инсонларни камситиш, уларнинг илми ва салоҳиятини таҳқирлаш ҳақиқатда Аллоҳнинг оятларини таҳқирлаш, шариатнинг устидан кулишдир. Шунинг учун ҳам салафларимиз бу маънога ишора қилиб: “Олимларни ёмон кўриш нифоқдир, уларни сўкиш ва масхаралаш куфрдир”, – дейишган.

Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ айтади: “Кимда ким Аллоҳ таолони, бирор фариштани, бирон Пайғамбарни, Қуръондан бирор оятни, дин фарзларидан бирортасини Аллоҳнинг оятларидан эканини била туриб истеҳзо қилса, унинг кофирга айланиши насс (матн) ила собит бўлган”.

4. Истеҳзонинг шариатдаги ҳукми.

Уламолар истеҳзонинг сабабларини текшириб, у орқали содир бўладиган ҳукмларга алоҳида тўхтаб ўтишган.

«Баззозия» китобида бундай ворид бўлган: “Шарафли зотларга ва олимларга нописандлик қилиш куфрдир*. Бир олимни «олимча» демоқ ёки фазилат аҳлидан бирини истихфоф этиш (камситиш, таҳқирлаш) қасди билан «олий одамча» демоқ – куфр. Шариатни ва шариатдаги муҳим масалаларни писанд қилмаслик – куфр. Сабабсиз равишда бир олимга буғз этадиган (уни ёмон кўрадиган) кишининг куфридан қўрқилади**.

*(«Олимни… ёки фазилат аҳлидан бирини камситиш»). Олимлар олим бўлганликлари учун уларга нописандлик қилиш илмга нописандлик қилиш демакдир. Илм эса Аллоҳнинг сифати. Бу сифатини хайрли-яхши бандаларига Ўз лутфи билан беради, токи булар пайғамбарларнинг ўрнига шариатнинг далиллари бўлсинлар.

**(«Сабабсиз равишда бир олимни ёмон кўриш»). Олимларга буғз этиш (уларни ёмон кўриш, уларга ёмонлик қилиш) – куфр. Чунки ҳеч бир сабабга асосланмасдан уларга буғз этиш шариат илмига буғз этишдир ва куфрдир. Бу Алий Қорий ҳазратларидан нақл қилинган (“Жомиъул мутун” китобидан).

Лекин масахара қилиш кишининг илмига ва салоҳиятига эмас, унинг хилқатига қаратилган бўлса, бу оғир гуноҳлардан, яъни кибр амалидан ҳисобланади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам кибрнинг таърифида ҳақни танолмаслик билан бирга айнан шу сифатни, яъни инсонларнинг хилқати устидан кулишни алоҳида зикр қилганлар!

5. Истеҳзо муаммосининг мусулмонлар орасида ёйилиши ва унинг олдини олиш учун таклифлар.

Афсуски, ушбу разил сифатлар ўзларини мусулмон дейдиган айрим тўдалар орасида анча урчиб қолди. Бир жамият вакиллари орасида истеҳзо ва камситиш ахлоқининг ёйилишига иккита сабаб бўлиши мумкин:

1. Мусулмонлар орасида жоҳиллар ғолиб бўлиб кетса.

2. Ушбу жоҳиллар ҳақли жазосини олмаса.

Демак, бу муаммонинг биринчи навбатдаги ечими маърифатни ўстириш билан бўлса, иккинчи навбатда, жоҳилларнинг ўзлари билмаган илмий баҳсларга аралашишларининг олдини олиш ва бунинг учун жиддийроқ чоралар кўриш лозим.

Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саодат давридаги таълимлари муаммо туғдирмайдиган таълим системаси бўлди. Йигирма уч йилда саҳро бадавийларидан дунёни забт этадиган оламшумул зиёлиларни етиштириб чиқардилар. Қийинчиликлар, тазйиқлар, оғир сиёсий ижтимоий босимлар бу таълимнинг олдига тўсиқ бўла олмади. Натижа эса Исломнинг забардаст тарихида олтин сатрлар битикдир.

Умар розияллоҳу анҳу ўз даврларида жоҳилларнинг илмий баҳсларда қўзғайдиган фитнали гапларининг олдини олиш учун кескин чоралар кўрдилар. Бунинг мисоли ўлароқ марҳум устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Очиқ хат” китобидан иқтибос келтираман:

“Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу олим сифатида ўзлари билмаган нарсани гапиришдан қаттиқ қўрқар эдилар. У киши илмни даъво қилиб, одамлар ичида турли масалаларни ўринсиз қўзғайдиган кимсаларга қарши эдилар. Уларни доимо таъқиб қилар эдилар.

Имом Доримий ва бошқалар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг мавлосидан қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Субайғ ал-Ироқий мусулмон жангчилар ичида Қуръондаги турли нарсалардан сўрай бошлади. У Мисрга келганида Амр ибн Ос уни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга юборди.

Чопар мактубни олиб кирган эди, уни ўқиб бўлиб:

«Бу одам қани?» – деди.

«Юклар билан», – деди у.

«Тез топ! Агар кетиб қолган бўлса, сенга аламли уқубат етади!» – деди.

Уни олиб келди. Умар унга:

«Нималар ҳақида сўрайсан?» – деди. У айтиб берди. Умар менга хурмо шохи сўраб одам юборди. Ўша билан унинг орқасини уриб яра қилди. Кейин уни қамаб қўйди ва тузалганидан кейин яна урди. Сўнгра уни қамаб қўйди ва тузалганидан кейин яна урди. Кейин уни яна уриш учун олдириб келди. Шунда у:

«Эй мўминларнинг амири, агар мени ўлдирмоқчи бўлсангиз, чиройли қилиб ўлдиринг.

Агар даволамоқчи бўлсангиз, Аллоҳга қасамки, тузалдим», – деди.

У киши унга ўз юртига кетишга изн берди ва Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳуга:

«Мусулмонлардан ҳеч ким у билан ўтирмасин», – деб мактуб ёзди. Бу ҳалиги одамга ниҳоятда оғир бўлди. Абу Мусо Умарга:

«У ҳолини ўнглади», – деб ёзди. У ҳам ўз навбатида:

«Одамларга у билан ўтиришларига изн беравер», – деб ёзди».

Бу одам Бану Тамимлик Субайғ ибн Асал бўлиб, Қуръондаги баъзи оятлардан ихтилофли муаммо чиқаришга уринар эди. Ҳазрати Умар кўрган чорадан кейин у юз кишининг олдига келса ҳам, ҳаммаси тарқалиб кетар эди. Авваллари у ўз қавмида саййид эди. Бундан кейин ҳақир бўлди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг фитначиларга қарши кўрган ана шу чоралари ҳозиргача иш беради” (Иқтибос тугади).

Демак, Субайғ ибн Асал каби инсонларнинг муолажаси ҳам ҳар доим қилиб турилиши керак. Афсуски, ҳозирда субайғлар жамоаси кўпайиб, Исломга душман бўлган сиёсатчилар уларни орқадан туриб дастаклашмоқда. Бизнинг қўлимизда эса бундайларни жазолай оладиган имкон ва иқтидор йўқ. Лекин биз мусулмонлар уламоларни ҳақорат қиладиган субайғбаччаларни яккалаб қўйиш имконига эгамиз. Уларни Умар розияллоҳу анҳунинг тавсияларига кўра яккалаб қўйишимиз, гаплашмаслигимиз, тавба қилмагунича орамизга киритмаслигимиз лозим. Бу иш жамоавий суратда амалга оширилса, зора, тавбаларига таянсалар, уламоларни ҳақорат қилишдан тўхтасалар, зора!

“Очиқ хат”дан иқтибос:

Ибн Жарир Тобарий Ҳасандан ривоят қилади:

«Мисрда бир гуруҳ кишилар Абдуллоҳ ибн Амрга учраб:

«Аллоҳнинг Китобида амал қилишга амр қилинган, аммо амал қилинмаётган нарсаларни кўрмоқдамиз. Бу ҳақда амирал мўминин билан бир учрашмоқчи эдик», – дедилар. Абдуллоҳ ибн Амр ўзи билан уларни олиб келди. Кейин Умарга учраб:

«Эй мўминларнинг амири, Мисрда менга бир гуруҳ одамлар учраб: «Аллоҳнинг Китобида амал қилишга амр қилинган, аммо амал қилинмаётган нарсаларни кўрмоқдамиз», – дедилар ва сиз билан бу ҳақда учрашмоқчи бўлдилар», – деди. У киши унга:«Уларни менга жамла», – дедилар.

Абдуллоҳ ибн Амр жамлади. Умар уларнинг ўзига энг яқин ўтирганидан:

«Аллоҳ ҳаққи ва Исломнинг сенда бўлган ҳаққи ила сўрайман: Қуръоннинг ҳаммасини ўқидингми?!» – деб сўрадилар.

«Ҳа», – деди.

«Уни ўз нафсингга сингдирдингми?!» – дедилар Умар.

«Йўқ», – деди.

«Уни ўз қарашингга сингдирдингми?!» – дедилар.

«Йўқ», – деди ҳалиги одам.

«Уни ўз лафзингга сингдирдингми?! Уни ўз изнингга сингдирдингми?!» – дедилар Умар.

Сўнгра уларнинг ҳаммасидан шунга ўхшаб сўраб чиқдилар ва:

«Умарнинг онаси кўкини кийсин! Унга сизлар одамларни Аллоҳнинг Китобида қоим қилишни таклиф қиласизлар! Батаҳқиқ, Роббимиз гуноҳларимиз бўлишини билган», – дедилар ва «Агар қайтарилган нарсаларнинг катталаридан четда бўлсангиз, ёмонликларингизни ўчирурмиз ва сизни карамли манзилга киритурмиз»ни тиловат қилдилар. Сўнгра улардан:

«Мадина аҳли нимага келганингизни билдими?» – деб сўрадилар.

«Йўқ», – дейишди.

«Агар билганларида, сиз ҳақингизда ваъз қилар эдим», – дедилар».

Бундан йўқ ердаги нарсаларни титкилаб топиб, одамларни динга амал қилмасликда айблаб юрадиганлардан ҳам ҳушёр бўлиш кераклиги келиб чиқмоқда (Иқтибос тугади).

Демак, бу ҳодисадан ўзимизга тўғри хулоса чиқаришимиз даркор. Бошқаларнинг амал қилиш ёки қилмаслигини тафтиш этиш мақтовга сазовор иш эмаслиги маълум бўлмоқда. Ғарб давлатларига бориб, уларнинг махсус хизматлари суҳбатидан ўтиб, бошпана олган айрим жоҳиллар очиқчасига уламоларни амалсизликда, хоинликда айблашмоқда. Ҳозир Умар розияллоҳу анҳу бўлганларида, бу сафсата тужжорларининг адабини берган бўлардилар! Афсуски, Умар йўқ, субайғлар, фитначи жоҳиллар урчиб ётибди!

“Очиқ хат” китобидан иқтибос:

“Шу билан бирга, ҳазрати Умар илмига амал қилмайдиган бетавфиқлардан ҳам ҳушёр бўлиш кераклигини қаттиқ таъкидлар эдилар. Ибн Абдулбаррнинг ривоятида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу:

«Мен сизлар учун икки одамдан қўрқаман, холос: Қуръонни асл таъвилидан ўзга таъвил қиладиган одамдан ва ўз биродари билан мулк талашадиган одамдан», – деганлар.

Мусаддад ва Жаъфар ал-Фирёбийлар Абу Усмон ан-Наҳдийдан ривоят қиладилар:

«Умар ибн Хаттобнинг минбарда туриб: «Ушбу уммат учун энг кўп қўрқадиган хавфли нарсам илмли мунофиқдир», – деганини эшитдим. Одамлар:

«Эй мўминларнинг амири, мунофиқ қандай қилиб илмли бўлади?» – дедилар.

«Тили илмли бўлади, қалби ва амали жоҳил бўлади», – деди». (Иқтибос тугади).

Демак, шу ўринда илмга амал қилиш масаласи ҳам муҳим экани кўрилмоқда. Яъни илмли инсон имкон қадар ўз илмига амал қилиши лозим. Лекин бу ерда бир нозик нуқтага эътибор қаратиш керак. Яъни илмли инсон илмига амал қилиши, жоҳил инсон эса илмлиларга эргашиши шарт. Ҳаргиз жоҳил инсонлар илм аҳлининг устидан тафтиш механизмини қуришга уринмаслиги керак. Чунки жоҳилнинг жаҳолати ҳақнинг аслини англашга имкон бермайди. Ҳақиқатнинг соҳиби ёлғиз Аллоҳдир. Ҳеч ким мутлақ ҳақиқатга соҳиб эканини даъво қила олмайди. Балки ҳар кимнинг ҳақиқат борасида ўз илмига яраша тушунчалари бўлади. Яъни ҳар ким ҳақиқатга соҳиб эмас, балки ҳақиқат борасидаги тушунчаларга соҳиб! Шундай экан, ҳақиқат борасида олимларнинг тушунчалари жоҳилларникидан кўра ҳаққа яқинроқ бўлади ва шунинг учун ҳам олимларга эргашиш омилар учун вожибдир!”

“Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўрангиз”. “Наҳл” сураси, 43, Анбиё сураси, 7.

“Очиқ хат” китобидан иқтибос:

“Ҳозирги кунимизда динимизни яхши ўрганмаган, устозлардан етарли дарс олмаган, диний ўқув муассасаларида таҳсил олмаган ўзбошимча кишилар ўзларига турли ишларни раво кўрмоқдалар. Жиҳод ва халифалик эълон қилишдан тортиб, мўмин-мусулмонларни фосиқ, бидъатчи, кофирга чиқариш, уларни қатл қилишга фатво бериш ва бошқа бедодликларни амалга оширмоқдалар. Ўзларича баъзи нарсаларни чала билиб олган чаласаводлар мазҳаббоши имомларни, катта мужтаҳидларни, забардаст уламоларни «Уни билмайди, буни билмайди», – дея танқид қилишгача бориб етмоқдалар.

Улар ўзбошимчалик билан турли гап-сўзлар, фатволар тарқатиб, оддий мўмин-мусулмонларнинг бошларини айлантирмоқдалар. Мазкур нусхалар бу борада имконлари борича барча воситалардан фойдаланмоқдалар. Интернетдаги ижтимоий тармоқларга уя қуриб олганлар. Содда одамлар эса уларнинг гапларига ишонмоқдалар.

Ҳозирги ўта нозик вазият ҳар бир мусулмондан хҳушёрликни, огоҳликни талаб қилади. Бу каби нусхаларга аввало: «Ўзинг кимсан? Қаерда, кимдан илм ўргангансан? Шаҳодатноманг борми?» – деган саволлар билан мурожаат қилиш лозим. Аҳли илмлар ҳам бу соҳада фаол бўлишлари, кишиларнинг диний илмлар борасидаги эҳтиёжларини турли воситалар билан қондиришга ҳаракат қилишлари лозим. Иғвогарларнинг оғзига уриш, уларнинг нотўғри гапларига илмли равишда, далил-ҳужжатлар асосида раддия бериш, кўпчиликка уларнинг кирдикорларини фош қилиш лозим. Токи ҳамма улуғ динимиз ҳақида тўғри маълумотга эга бўлсин!” (Иқтибос тугади).

Демак, юзага келган вазият анча жиддий.

Жоҳилларнинг мусулмонлар орасидаги фитналари олдини олиш кўпчиликнинг ҳамжиҳатлик билан қиладиган иши экан. Бу масъулиятга лоқайдлик қилиш яхшиликка олиб бормайди. Кишининг фитначи эканини биронта олимни камситишидан билиш мумкин. Шунга қараб унинг фитнасига яраша муомала қилиш керак. Олим инсон раддиясини бериши, оми инсон эса ундай безбетни тарк этиши лозим!

Ўрни келганда истеҳзо масаласида яна бир муҳим нарсани таъкидлашимиз зарур. Аллоҳнинг динини масхара қилиш турларидан яна бири айнан мана шу жоҳилларнинг оят ва ҳадислардан тўғридан тўғри ҳукм олишни даъво қилишларидир. Бу даъвони қилаётганлар шаръий билимлардан бошланғич маълумотга ҳам у қадар эга бўлмайдилар. Лекин мужтаҳидларнинг орасидаги: “Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, ўша менинг мазҳабимдир!” – каби гапларини мисол қилишиб: “Мана, биз ҳам ҳадис саҳиҳ бўлса амал қилаверишимиз керак!” – дейишади. Бу гапни айтаётган шахс кўпинча илмдан узоқ жоҳил кимса бўлади. Унинг бу гапи эса Ислом дини таълимотлари устидан мазаҳ қилиш, ўтган уламоларнинг мисли кўрилмаган хизматларини оёқ остига олишдир! Чунки, мужтаҳидлар бунга ўхшаш гаплари ўзлари каби мужтаҳидларга, илмда дарё бўлган алломаларга қарата айтилган.

Энди жоҳил инсон ўртага чиқиб: “Мен ҳам саҳиҳ ҳадисни кўрсам амал қилавераман”, – дейиши ўзини мужтаҳидларга тенглаштириши бўлади. Яъни гапи тўғри-ю, аммо бу сафсатабознинг мақсади ботил! Яна ҳақни айтаяпман дейиши, бошқаларни ҳақни олмасликда айблаши айнан масхарабозликнинг ўзидир. Ҳадис саҳиҳлигининг ўзини асос қилиб олиб, бошқа бир қанча критерийларни беэътибор қолдириш бир минг тўрт юз йиллик Ислом таълимотлари устидан кулишдир. Буни мутахассис инсонлар теран англаб туришибди.

Хулоса:

Ушбу мақоладан қуйидаги хулосаларни оламиз:

1. Истеҳзо амалининг жирканч экани.

2. Оддий мусулмонларни ҳам масхара қилиш тўғри эмаслиги.

3. Уламоларни мазаҳ қилиш куфрий амал экани.

4. Ихтилофларнинг асоси жоҳиллар экани.

5. Жоҳилларни илм ишига аралаштирилмаслик лозимлиги.

6. Уламоларни ҳақорат қилиши оғир жиноят экани.

7. Халқлар орасида ёйилган фитналарнинг олдини олиш учун ҳамма бир ёқадан бош чиқариши лозимлиги.

8. Исломий маърифатнинг зарурлиги.

9. Жоҳилларга ҳаддини билдириб қўйиш лозимлиги.

10. Шаръий масалаларда уламоларга эргашиш вожиблиги… ва ҳоказо!

Салоту саломларимиз Ҳабибимиз Муҳтарам Муҳаммад Мустафога бўлсин!

ТИИ Ахборот маркази раҳбари
Аброр Мухтор Алий

78160cookie-checkОЛИМЛАРНИ МАСХАРА ҚИЛИШ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: