islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ҚУРЪОНДА ЗИКРИ КЕЛГАН ПАЙFАМБАРЛАР

3-қисм

Нуҳ алайҳиссалом

“Нуҳ” эски яҳудийча исм- ақлли, зеҳн ёки овунч, доно, тасалли, таскин, юпанч, сокинлик, ором, роҳат, тинч ва вазмин деган маъноларда келган.[1]

Нуҳ  алайҳиссаломнинг исмлари Қуръони Каримда 43 марта зикр қилинган. [2]

Сура номи Суранинг тартиб рақами Оят рақами
Оли имрон 3 22
Нисо 4 163
Анъом 6 84
Аъроф 7 59, 69
Тавба 9 70
Юнус 10 71
Ҳуд 11 25, 32, 36, 42, 45, 46, 48, 89
Иброҳим 14 9
Исро 17 3, 17
Марям 19 58
Анбиё 21 86
Ҳаж 22 42
Муъминун 23 23
Фурқон 25 37
Шуаро 26 105, 106, 116
Анкабут 29 14
Аҳзоб 33 7
Соффат 37 75, 79
Сод 38 12
Ғофир 40 5, 31
Шуро 42 13
Қоф 50 12
Зарият 51 46
Нажм 53 52
Қомар 54 9
Ҳадид 57 26
Таҳрим 66 10
Нуҳ 71 1, 21, 16

Қуръони Каримда исми кўп зикр қилинган пайғамбарлардан бири Нуҳ алайҳиссаломдир. Нуҳ алайҳиссаломнинг қиссалари Қуръони Каримнинг бир қанча сураларида муфассал равишда тилга олинган. Бунинг устига каломи шарифнинг бутун бир бошли сураси У зотга аталиб, «Нуҳ» сураси номини олган.

Бу сура бошидан охиригача Нуҳ алайҳиссалом қиссасига бағишланган. Бу ҳолат Қуръони Каримда бошқа такрорланмайди. Фақат Юсуф сурасида шунга ўхшаш ҳолат бор, холос. Аммо Юсуф алайҳиссаломнинг қиссалари бир сурада келган. Нуҳ алайҳиссаломнинг қиссалари эса, бир неча сураларда  келган.

Идрис алайҳиссалом Нуҳ алайҳиссаломга катта бобо бўладилар. У кишининг оталарининг исми Ломак, боболарининг исми Мутушлахдир. Нуҳ алайҳиссаломни ажнабийлар «Ахнух» деб номлайдилар.

Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича у киши:

«Одам билан Нуҳ орасида ўн аср бўлган эди. Ҳаммаси Исломда», деганлар.

Бундан Одам алайҳиссалом билан Нуҳ алай­ҳиссалом ўрталарида минг йил ўтган бўлади.

Аллоҳ таоло айтади:

«Бас, у улар ичида эллик йили кам минг йил турди»[3]

Нуҳ алайҳиссалом қавмини тўққиз юз эллик йил давомида иймонга даъват қилдилар. У зотнинг пайғамбар бўлгунча ҳам, тўфон балосидан кейин ҳам яшаганлари эътиборга олинса, умрлари бундан ҳам узоқ кечгани ойдинлашади.

Бу ҳақда имом Жалолиддин Суютий «Ад-Дуррул Мансур фит-тафсири бил маъсур» китобида Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни қирқ ёшлигида пайғамбар қилиб юборди. У ўз қавмини эллик йили кам минг йил Аллоҳга даъват қилди. Тўфондан кейин олтмиш йил яшади, ҳатто одамлар кўпайиб, кенг дунёни тор қилдилар».[4]

Нуҳ алайҳиссаломнинг маскани Ироқда эди.[5] У зот Вадд, Сувоъ, Яғус, Яъуқ, Наср сингари санамларга топинувчи қавмга уларни бошига тушиши мумкин бўлган азобдан қўрқитиш ва уларни ҳидоятга бошлаш учун пайғамбар сифатида юборилди.[6]

У кишининг мўъжизалари – яқин масофада денгиз ҳам, дарё ҳам йўқ бир жойда фалокатни бўлишини олдиндан билиб кема ясашга уринишлари ва мисли кўрилмаган ҳажмдаги катта кемани эски усталардек ясашлари Нуҳ алайҳиссаломнинг мўъжизалари эди.[7]

         405 – гуруҳ талабаси
Шодиев Юсуф

[1] Аҳмад Муслиҳ Ҳусайн Дурайдий. “Ал-Аълам фил-Қуръан ал-Карим”.

[2] Доктор Шавқий Абу Ҳалил. “Қуръон атласи”.

[3] Анкабут сураси,  14-оят.

[4] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва Ҳаёт 20-жуз”.

[5] Қаранг, 3- илова

[6] Анвар қори Турсунов. “Пайғамбарлар тарихи”.

[7] Раҳматиллоҳ қори Обидов “Пайғамбарлар тарихи исломият тарихидир 1-жуз”.

85000cookie-checkҚУРЪОНДА ЗИКРИ КЕЛГАН ПАЙFАМБАРЛАР

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: