Шайх Мулла Жийван ҳазратлари ижодининг гултожи бўлган ва илм фан оламида ғоятда кенг танилган «Тафсироти Аҳмадийя» асари Қуръони каримга ёзилган машҳур тафсирдир. Асарни тўлиқ исми «Тафсироти Аҳмадийя фий баянил аятиш шаръийя» («Шаръий оятлар баёни борасида Аҳмаджон таъфири») бўлиб, ғоят қизиқиш билан ўқилади. Шайх Мулла Жийван роҳимаҳуллоҳнинг ушбу асарлари ҳанафий мазҳабига мувофиқ келади. Ушбу китоб Ҳиндистонда бир неча маротаба нашрдан чиққан.
Шайх Мулла Жийван бу китобни таълиф қилишни ҳижрий 1064-йилда, ўн олти ёшлигида бошлаганлар. Ҳамда беш йил мобайнида ёзиб, 1069-йил йигирма бир ёшида тугатганлар. Сўнгра ўн олти йил давомида асарни қайтадан кўриб чиқиб, 1085-йил ишончли ҳолга келтирганлар.
У киши ёзган муқаддималарининг аввалида ҳамду сано ила бошлаб, Қуръон Карим илмларининг шаъни ҳақида тўхталиб ўтганлар. Сўнгра Қуръони Карим ўрганишни тақозо қилган қироат, луғат, сарф, наҳв, баён, тафсир, калом, усул ва фиқҳ каби илмлар ҳақида тўхталганлар.
Сўнгра китобдаги шаръий ҳукмларни қамраб олган ояти карималарни ва уларни тафсир қилиш учун танлаб олганликларининг сабабини, тафсир қилишдаги йўлларини, ҳамда фойдаланган манбааларини маълумот сифатида бериб ўтиб, шундай деганлар: “Қуръондаги шаръий ҳукмлар Қуръон илмларининг энг олийси, ҳақ билан ботилни ажратувчи маълумотларнинг асалидир. Бундай шаръий ҳукмлардан яна кўплаб фаръий ҳукмлар чиқариб олиш мумкиндр. Аввалда ўтган кўпгина устозлар сўзларидан эшитганманки, ислом уламоларининг энг улуғи бўлмиш имом Ғаззолий роҳматуллоҳи алайҳ бор куч ғайратларини сарфлаб Қуръондаги шаръий ҳукмларни ҳисоблаб чиққанларида, уларнинг адади ҳеч қандай зиёдасиз ва нуқсонсиз беш юз ҳукмга етган экан. Мен бу ривоятни катта-катта уламоларнинг усул китобларидан ўқиган пайтимда иймоним зиёда бўлиб, ишончим комил бўлди. Шундан сўнг мен ўша оятларни ўтирганимда ҳам, турганимда ҳам излай бошладим. Натижада фиқҳий ҳукмлар, усулий қоидалар ва эътиқодий масалаларни қамраб олган оятларни Қуръон тартибига асосан жамладим. Сўнгра уларни уламоларнинг китобларидан фойдаланган ҳолда, гўзал услубда тафсир қилиб, шарҳ бердим. Хусусан, тафсир илми борасида Байзовийнинг “Анворут танзил ва асрорут таъвил”, Имом Насафийнинг “Мадорикут таъвийл”, имом аз-Замахшарийнинг “Кашшоф ан ҳақоиқи ва уйунил ақовили фий вужуҳит-таъвийл”, имом Суютийнинг “Итқон фи улумил Қуръан”, шунингдек, Ҳусайн воъиз Кошифийнинг “Тафсири Ҳусайний” каби тафсирларидан фойдаландим.
Фиқҳ илми борасида “Виқоятур ривоя” китобининг шарҳ ва ҳошияларидан, Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” ва унинг шарҳларидан, “Фатовои Ҳаммодийя фий масаилил фиқҳийя” асарларидан фойдаландим.
Усул илми борасида Али Паздавийнинг “Усулул Паздавий”, шайх Ҳаддоқ Баҳорийнинг, имом Ҳафизуддин Бухорийнинг асарларидан, “Ат-Тавзиҳ” ва унинг шарҳи “Ат-Талвиҳ” ҳамда машриқу мағрибда машҳур “Мухтасари усули Ибн Ҳожиб” ва унинг шарҳларидан иборат кўпгина китобларидан фойдаландим.
Калом илми борасида имом Тафтазонийнинг асарлари ва уларга ёзилган шарҳлардан истефода олдим.
Ушбу маълумотларга яна сийрат ва ҳадис китобларида келган маълумотларни, ажойиб баҳсларни, муфассирлар баён қилмаган баъзи нозик нуқталарни қўшиб зиёда қилдим.
Бу мен учун Аллоҳ таолонинг катта неъмати бўлди. Зеро мен қисқа давр ичида Қуръони Каримни ёдладим, ўн олти ёшга етганимда ақлий ва нақлий илмларда машҳур бўлдим. Йигирма бир ёшимда эса ушбу китобни ёзиб тугатдим”.
Тафсироти Аҳмадийя китоби асосан фиқҳий масалаларни ёритиш услубида ёзилган тафсир китоблари сарасига киради. Аллома Муллажийван ҳазратлари ушбу китобда асосан фиқҳий (шаръий) ва бир қанча эътиқодий масалаларни ўз ичига олган сураларнинг тафсирига тўхталиб ўтган. Ҳамда улардан шаръий ҳукмларни чиқариб олган. Шунинг учун ҳам китобнинг номини “Ат-тафсироти Аҳмадийя фий баянил аят аш-шаръийя” деб номлаган.
Шаръий ҳукмлардан холи бўлган сураларга дуч келганда, “Бу фалон сура. Шаръий масалалардан холи” деб ўтиб кетиб, мазкур сурани умуман тафсир қилмаган. Раъд, Ҳижр, Анкабут, Сабаъ, Фотир, Ҳамим Сажда, Жосия, Қоф, Ҳадид, Соф, Тағобун, Қалам, Ал-Ҳаққо, Маъориж, Даҳр, Мурсалат суралари, ўттизинчи жуздан Иншиқоқ, Аъла ва Кавсар сураларидан бошқа барча суралар шулар жумласидандир.
4-курс талабаси
Асатуллаев Фарҳод