islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Мотуридийя таълимотининг вужудга келиши ва ривожланиш босқичлари

Мотуридийя таълимотининг вужудга келиши ва ривожланиши бир неча даврга бўлиниб, уларнинг муҳимлари қуйидагилардир:

– Таъсис этилган даври (258-333/872-945). Бу Имом Абу Мансур Мотуридий яшаган давр бўлиб, бу мотуридийя таълимотининг юзага келган ва таъсис этилган даври ҳисобланади. Бу даврда, асосан, мўътазила фирқасининг ботил ақидасига қарши китоблар таълиф этилган.

– Шаклланиш даври (333-400/945-1010). Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳдан таъсирланган шогирдлари ва шогирдларининг шогирдлари яшаган давр. Бу даврда мотуридийя таълимоти таълимот сифатида юзага келган. Бу даврда Имом Мотуридийнинг шогирдлари шайхларининг, имомларининг фикрларини ёйганлари ва уни ҳимоя қилганлари билан ажралиб туради.

– Паздавий даври (400-500/1010-1107). Бу даврда таълиф ва нашр ишлари кенг олиб борилган. Бу даврнинг энг муҳим шахсларидан бири Абул Юср Паздавий (ваф. 493 йил) роҳматуллоҳи алайҳдир.

– Ўзгаришлар даври (500-700/1107-1301). Бу давр ўз номи билан ақида масалаларининг сифатларда салаф уламолар ақидасидан ўзгара бошлаган даври. Бу даврда кўплаб китоблар таълиф этилган ва мотуридийя ақидасининг далиллари жамланган. Бу даврни яна Насафийлар даври дейиш ҳам мумкин.

Бу даврнинг энг кўзга кўринган уламолари Абул Муъин Насафий (ваф. 508/1115 йил), Нажмиддин Умар Насафий (ваф. 537/1143 йил), Ҳофизуддин Абдуллоҳ Насафий (ваф. 710/1311 йил) лардир. Бу аввалги мотуридийя ақидасининг энг катта даври ҳисобланади.

– Собуний даври. Бу давр, бошидан, аввалгиларидан бошқа давр деб эътибор қилинади. Бу давр мотуридийя ва ашъария таълимоти ўртасида мунозаралар кўп бўлгани билан ажралиб туради. Бу даврнинг энг муҳим шахси – Абу Муҳаммад Нуриддин Аҳмад ибн Муҳаммад Собуний (ваф. 580/1185 йил).

Собуний усулуд дин илмидан дарс беришда Абул Муъин Насафийнинг «Табсиротул адилла» китобига таянади. Буни Имом Розий ўзининг мунозараларида зикр қилиб ўтган. Розий шундай дейди: “Менга Собуний: “Эй биродар, мен Абул Муъин Насафийнинг «Табсиротул адилла» китобини кўрдим ва унга таҳқиқ ва тадқиқ қилишда ҳеч қандан қўшимча киритиш керак эмаслигига ишонч ҳосил қилдим”, – деди”.

– Усмоний даври. Бу давр Усмонийлар давлати (700-1300/1398-1883)га нисбатан шундай деб номланган. Бу давр кўплаб мотуридийя уламоларининг даврларини ўзида жамлайди. Улардан:

– Содруш шариъа Абдуллоҳ ибн Масъуд даври (ваф. 747/1347 йил);

– Тафтазоний даври (712-792/1313-1390);

– Журжоний даври (740-816/1340-1413);

– Камол ибн Ҳумом даври (790-861/1388-1457). Бу кишининг асл исмлари Муҳаммад ибн Абдулвоҳид ибн Абдулҳамид Сивосий асли Сакандарий қоҳирий Ҳанафийдир. Камол ибн Ҳумом таълиф қилган китоблардан фиқҳга оид «Фатҳул қодир» (бу китоб «Ҳидоя»нинг шарҳи бўлиб, охирига етмай қолган ва ваколат бобига келиб тўхтаган), «Таҳрир фий усулил фиқҳ» (Усулул фиқҳда таҳрир), «Мусаяро фий ақоидил мунжия фил ахиро» (бу китоб бир неча бор нашр қилинган). Ушбу китоб мотуридийя ақидасини билишда, мотуридийя ва ашъария ақидалари ўртасидаги бир хил ва фарқли масалаларни билишда жуда муҳим ҳисобланади. Бундан бошқа Усмонийлар давлатига алоқадор даврлар ҳам мавжуд. Аммо бу даврларнинг барчаси ўзлари учун асос бўлган даврга қайтади. Бу давр унда мотуридийя таълимоти ўзининг энг юқори камолот босқичига чиққан усмонийлар давридир. Сабаби бу давр Усмонийлар сояси остида сояланди ва унинг яхшиликларидан манфаатланди. Чунки усмонийлар давлати фиқҳда ҳанафий мазҳабига ва ақидада мотуридийя таълимотига амал қилар эди. Мотуридийя султонлиги усмонийлар султонлиги кенгайганча кенгайди. Бу даврда мотуридийя таълимоти ва ҳанафий мазҳаби ўқитиладиган мадраса раислари, муфтий ва қозилар улуғ бўлди. Бу бир томондан. Иккинчи томондан эса, бу даврда калом илмининг турли мавзулари ва йўналишларида матнлар, шарҳлар, шарҳларнинг шарҳлари, хошиялар, хошияларнинг хошиялари битилди. Буларнинг самараси ўлароқ, мотуридийя ва ашъария таълимоти ажратиш қийин бўлган битта таълимотдек бўлиб қолди, гўё.

Бу даврда мотуридийя таълимоти ер юзининг шарқидаю ғарбида, ҳиндию туркида, форсию румида, арабию ажамида кенг ёйилди.

– Дейбанд даври (1283/1867 ҳозирги кунгача). Бу давр Шайх Муҳаммад Қосим Имоми Дейбандийя асос солган Дейбанд униварситетига нисбатан шундай номланган. Бу давр ҳадис илмида кўплаб шарҳ китоблар таълиф қилиниши билан ажралиб туради.

Бу жамоанинг мотуридийя даврларида ўзига хос хусусиятларидан бири улар тасаввуфий фикрларни ва мотуридийя ақидаси назарияларини ҳанафийлик йўли асосида тадрижий равишда илгари сурадилар. Бу ҳатти-ҳаракатлари билан улар кўплаб салафий ақида соҳибларини танлаган нотўғри йўлларидан қайтарганлар.

– Барлавий даври (1272/1856 ҳозирги кунгача). Йўлбошчилари Аҳмад Ризохон Афғоний Ҳанафий Мотуридий Суфий Қубурий (ваф. 1340/1922 йил) («Абдул мустафо» лақаби билан машҳур)га нисбатан шундай номланган. Бу давр унда очиқ ширк, қабрларга ибодат қилиш намоён бўлгани билан ажралиб туради. Бу ҳақиқий бутпарастликдир.

– Кавсарий даври (1296/1879 ҳозирги кунгача). Шайх Муҳаммад Зоҳид Кавсарий Жаркасий Ҳанафий Мотуридий (ваф. 1371/1952 йил)га нисбатан бу давр шундай номланади. У киши салафийларга қаршилик қилган энг катта уламолардан. Бу давр аҳли сунна вал жамоа уламоларининг мужассима, мушаббиҳа, бутпарастларга катта қаршилик кўрсатгани билан ажралиб туради.

– Фанжфирий даври (1370/1951 йилдан). Бу давр Шайхул Қуръон Муҳаммад Тоҳир ибн Осиф Ҳанафий Мотуридий Дейбандий Нақшбандий (ваф. 1407/1987 йил)га нисбатан шундай номланган.

Мана шулар мотуридийя таълимотининг муҳим даврларидир.

Хулоса қилиб айтганда, мотуридийя таълимоти ривожини тўртта умумий босқичга ажратиш мумкин:

– юзага келиш босқичи. Унда мўътазилалар билан шиддатли мунозаралар олиб борилган ва бу босқичнинг соҳиби Имом Абу Мансур Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳнинг ўзи бўлган.

– шаклланиш босқичи. Имом Мотуридийнинг шогирдлари ва улардан таъсирланган уламолар яшаган давр. Бу даврда мотуридийя ақидаси таълимот сифатида Самарқандда пайдо бўлган, шогирдлари имомнинг ақидасини илгари сурган, ундан ёт ақидавий қарашларни даф қилган ва Имом Абу Ҳанифа фиқҳида кўплаб китоблар тасниф қилинган. Айни шу даврда мотуридийя ақидаси Самарқанддан бошқа шаҳарларга ҳам тарқала бошлаган.

Бу босқичнинг йирик калом уламоларидан: Абулқосим Исъҳоқ ибн Муҳаммад ибн Исмоил Ҳаким Самарқандий (ваф. 342/954 йил) ва Абу Муҳаммад Абдулкарим ибн Мусо ибн Исо Паздавий (ваф. 390/1000 йил)лардир.

– мотуридийя ақидасининг таълиф этилиш ва мустаҳкамланиш босқичи. Бу давр кўп китоблар таълиф этилгани ва мотуридийя ақидасининг далиллари жамлангани билан алоҳида аҳамиятлидир. Шунинг учун ҳам бу давр мотуридийя таълимоти юзага келиши ривожланишидаги энг муҳим давр ҳисобланади.

Бу даврда мотуридийя таълимоти ривожида энг кўзга кўринган калом уламолари: Абул Муъин Насафий (438/1047 508-1115); тўлиқ исмлари – Маймун ибн Муҳаммад ибн Муътамид Насафий Макҳулий. Доктор Фатҳуллоҳ Холиф у ҳақида шундай дейди: “Улуғ имом! Абул Муъин Насафий мотуридийя мазҳаби ҳимоясида турган энг катта имомлардан. У худди Боқилоний ва Ғаззолий каби мотуридийя ва ашъария ўртасида бўлган. Унинг энг муҳим китоби «Табсиротул адилла» (Далиллар ҳақида мулоҳаза)дир”. Нажмиддин Умар Насафий(462-1070/537-1143); тўлиқ исмлари – Абу Ҳафс Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Луқмон Ҳанафий Насафий Самарқандий. У кишининг ақида борасидаги энг машҳур асари «Ақоиди насафийя» (Насафий ақидаси)дир.

– мотуридийя таълимотининг кенгайиш ва тарқалиш босқичи. Бу босқич шуниси билан аҳамиятлики, унда мотуридийя таълимоти ўзининг энг кенг ёйилиш ва тарқалиш чўққисига етган. Бунинг асосий сабаби Усмонийлар давлати султонлигининг ёздами бўлган.

4-курс талабаси
Нуриддин Муҳаммаджон

87330cookie-checkМотуридийя таълимотининг вужудга келиши ва ривожланиш босқичлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: