Аждодларимиздан шундай нақл қолган: “Илм ов қилиб тутилган жониворга ўхшайди, уни китобат (ёзиб қўйиш) билан боғлаб қўйилади”. Яна бирлари эса: “Ҳар қандай илм дафтарингга ёзилмас экан, у зое бўлур”,‒деган эканлар.
Дарҳақиқат, илм эгаллашнинг ўзи бўлмайди. Уни асраш ва кейинги авлодларга тўлиқ етказиш янада масъулиятлироқдир. Зеро, илм омонатдир. Шу сабабли аждодларимиз олган илмларини ёдда сақлаш билан бир қаторда уни ўзларидан кейингиларга етказиш мақсадида китоблар ёзиб қолдирганлар. Китоблар тушунарли бўлишида ҳуснихат қонун-қоидаларига жиддий аҳамият берганлар. Ўн асрлардан буён илму ирфон муаллифларнинг қўлёзмалари ёки улардан кейинги моҳир хаттотлар томонидан кўчирилган китоблар орқали бизгача етиб келди. Ҳамма замонда ҳам ҳуснихатга жуда катта эътибор берилган. Бу анъана то бугунги кунгача давом этиб келмоқда. Аждодларимизнинг бебаҳо меросларини ўрганиш, улар қолдирган асарлар билан халқимизни таништириш эса катта шарафдир.
Хаттотлик ва китобат санъати машриқзамин аҳолининг узоқ асрлик маданий-тарихий меросида алоҳида ўрин эгаллайди. Марказий Осиё халқи томонидан ислом динининг қабул қилиниши араб ёзувининг ҳам кириб келишига сабаб бўлди. Натижада араб ёзуви VII асрдан бу халқ учун илм-фан ва давлат ишларида ягона расмий ёзув сифатида ўрин олади.
Машҳур хаттотлар хатларининг чиройли ва жозибадор бўлиши учун араб ҳарфларининг ҳар бирига оро беришга, ҳусн киритишга ва уларни гўзаллаштиришга ҳаракат қилганлар. Араб ҳарфи билан ёзиладиган 36 хат шакли мавжуд. Таъкидлаш жоизки, ҳуснихат билан битилган араб ёзуви кишиларни ҳаяжонга солиб, уларга юксак завқ-шавқ бағишлаши билан дунёдаги бошқа халқлар ёзувидан ажралиб туради. Бу санъат қадим замонлардан бери ҳуснихат (каллиграфия) номи билан шуҳрат қозонган. Ўрта асрларда ҳали китоб чоп этиш ихтиро этилмаган даврда ҳар қандай асар қўлда кўчирилиб, китобат қилинган. Китоб кўчириш илм даражасидаги ҳунар ҳисобланиб, бу иш билан шуғулланган кишилар хаттотлар ва котиблар номи билан машҳур бўлганлар. Уларнинг ҳар бири ўз замонасининг маърифатли маданият арбоби саналган. Табиийки, зарринқалам хаттотлар ёзган ҳар қандай хат санъат каби ўлмас асар ҳисобланган. Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” китобида таъкидланишича, хунук хат билан ёзилган матн кишининг кўзига катта зарар етказади. Шунинг учун ҳуснихат билан ёзилган китоблар ниҳоятда қадрланган, эъзозланган ҳамда табаррук саналган.
Ҳар бир замонда ҳам гўзал хат сирларини ўзлаштиришга тарғиб қилинган. Жумладан, Кайковус “Қобуснома” китобининг ўттиз тўққизинчи бобини “Дабирлик ва котиблик зикрида” деб номлаган ва шу бобнинг илк сатрларини шундай деб бошлаган: “Эй фарзанд, агар дабир(иш юритувчи) ва котиб бўлсанг, ёзма нутқни яхши эгаллағил, хатни яхши билғил ва кўп ёзмоқни одат қилғил, токи яхшироқ моҳир бўлғайсан”.
Дунёдаги барча қомусий, тарихий, илмий, адабий, маърифий асар ва тўпламлар мана шу хаттот(каллиграф)ларнинг сермашаққат меҳнатлари эвазига бизгача етиб келган, нодир меросимиз асрлар оша авлоддан-авлодга ўтиб, ўлмаган.
4-курс талабаси
Абдусатторов Абдулҳамид