Ислом ҳуқуқшунослиги ўзида мукаммал ҳукмларни мужассам этган тизим сифатида замонлар оша давлат ва ҳуқуқ, айниқса, инсон ҳуқуқлари муносабатларни таъминлашга чуқур таъсир кўрсатган. Унинг ҳуқуқий омил сифатида амал қилиш соҳаси бизнинг замонда ҳам жуда кенг бўлиб қолмоқда. Хусусан, нафақат аҳолиси мусулмон бўлган мамлакатларда, балки бутун дунёда сўнгги асрда одамларнинг иқтисодий муносабатларида юзага келган эгалик ҳуқуқи билан тугайдиган ижара шартномасининг шаръий меъёр ва талабларини белгилаб беришда, унинг ҳалол ва ҳаром бўлган нуқталарини баён қилиб беришда ислом ҳуқуқшунослигига барча мусулмон ҳалқлар муҳтождир.
Келинг, дастлаб ижаранинг ўзи ҳақида озгина сўз юритайлик. Ислом фиқҳида ижара-бир шахснинг иккинчи бир шахсга муайян муддатга, келишилган пул эвазига бирон ашёни ёки ўз иш кучини фойдаланиш учун беришидир.
Куръони каримнинг “Қасос” сураси 27-ояти, “Бақара” сурасининг 275-ояти, “Нисо” сурасининг 29-ояти, “Нахл” сурасининг 64- ояти, “Моида” сурасининг 3-оятида келтирилган ижара лафзлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «ижарага ёллаган ишчингизнинг тери қотмасдан ҳақини беринг», деган ҳадислари ҳамда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги қудсий ҳадис ижаранинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилади: “Аллоҳ таоло деди: Уч хил инсон борки, Мен қиёмат кунида улар билан хусуматлашаман; Менинг номимни ўртага қуйиб (қарз ва ҳоказо) олган, сўнгра хиёнат қилган киши, озод кишини қул қилиб, сотиб юбориб, пулини еган киши ва хизматчини ёллаб (ижарага олиб), ундан ишни тўлиқ ундирган, лекин ажрини (ҳақини) бермаган киши[1]”. Ижарага тааллуқли қолган барча қоидалар мужтаҳид уламолар томонидан Китобу Суннатдаги далиллардан ижтиҳод йули билан ишлаб чиқилган.
Эгалик ҳуқуқи билан тугайдиган ижара эса сўнгги асрларда пайдо бўлган битим бўлиб, аввалги фиқҳ олимларининг асарларида бу ҳақида хеч нарса ёзиб қолдирилмаган. Аммо кўплаб замондош ислом уламолари бу турдаги битимга аниқ таъриф беришга ҳаракат қилганлар. Жумаладан Холид Ҳофий унга қуйидагича таъриф беради: “У – икки томон ўртасида тузиладиган шундай битим бўлиб, унда томонларнинг бири иккинчисига муайян молни муайян ҳақ эвазига ижарага беради. Ижарачи мазкур тўловни муайян муддат ичида бўлиб-бўлиб тўлайди. Ва ниҳоят, сўнгги улуш тўлангач, молнинг эгалиги унга ўтади[2]”. Ижаранинг бу турига Фаҳд бин Алий ал-Ҳасун бундай таъриф беришни таклиф қилади: “Муайян ашёдан ҳосил бўладиган манфаат эгалигини маълум муддатга бировга бериш. Мазкур муддат тугагач, махсус холатда ва маълум тўлов эвазига мазкур ашёнинг ҳам эгалиги ижарага олувчи томонга ўтади”. Бу таърифнинг биринчи банди ижарани англатса, кейинги банди савдони ифода қилади[3].
Эгалик ҳуқуқи билан тугайдиган ижара шартномасининг тугатилишидаги ҳолатлари.
Шартноманин ниҳояси белгиланган муддатнинг тугаши билан бўлади. Яъни, сотувчи ва олувчи чегаралаган муҳлатда ниҳояланади. Келишилган бўлаклар чегараланган вақтда тугайди. Агар келишилган муддат келганда қарздор қарзини тўламаган бўлса, ҳақдор қарзни талаб қилиши мумкин бўлади. Қарздорга эса, қолган бўлакларни тўлашга қўшимча муддат сўрамасдан ўша заҳоти бериши вожиб бўлади. Чунки қарзини бериш ўша муддатга келишилган эди. Шунинг учун ҳам келишилган вақтдаги пулдан бошқасини талаб қилиши мумкин эмас.
4-курс талабаси
Раҳимов Неъматуллоҳ
[1] Бухорий Абу Абдуллох Муҳаммад ибн Исмоил. Ал-жомеъ ас-саҳиҳ ал-мухтасар. -Байрут: Дор Ибн Касир. 1407-1987. Т. II. Байълар китоби. Ҳадис рақами -2227
[2] Хофий Холид иби Абдуллоҳ. Ал-ижара ал-мунтаҳия бит-тамлик фий завъил фиқҳ, ал-исламий (ислом фиқҳи нигоҳида эгалик билан якунланувчи ижара). – Ливан: муассаса ар-райён. 2-босма. Б.60
[3] Ал Ҳасун Фаҳд бин Али. Ал-ижара ал-мунтаҳия бит-тамлик фи-л-фиқҳ ал-исламий (эгалик билан тугалланувчи ижара ислом фиқҳида). -Саудия Арабистони. Дорул-қибла. 1426х. Б.-8.