Закот инсоният учун кўпгина моддий ва маънавий манфаат келтириб, уларнинг асосийларини куйидагича таснифлаш мумкин:
- Закот инсонларни ҳасисликдан сақлайди, уларни мардликка чақиради ва уларга берилган неъматлар учун шукр килишларига имконият беради. Зеро, Аллох таоло Қуръони каримда шундай мархамат килган:
“Кимки ўз нафси баҳиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар иқболлидирлар” (“Хашр” 9).
- Закот инсонлар дунёни ҳаддан ортиқ севишларининг олдини олиши билан бирга, уларнинг қалблари қотишидан сақлайди ҳамда турли хил қалб касалликларидан поклайди.
- Закот бойларнинг камбағалларга нисбатан шафқат ва мархамат туйғуларини оширади. Закот бериш натижасида саҳоватли бойларнинг жамиятдаги этиборлари юксалади. Бу ҳолат эса бойлар орасида яхшилик қилишга рағбат уйғотади.
- Ер юзида ҳузур-ҳаловат, тинчлик-осойишталикни бузувчи тиланчи ва ишсизлар сонини камайтиради ва шу йўл билан жамиятда ночорлик ва беқарорлик каби салбий ҳолатларнинг олдини олади. Чунки муҳтож бўлган камбағал оч колгандагина жамиятда беқарорликларни келтириб чикаришга, бошқаларнинг мулкига тажовуз қилишга интилади. Агар ўша фақир бойларнинг закот сифатида берган молларини олиб ишлатса, инсонларга ёмонлик килишдан, бошқаларга зарар етказишдан, беқарорликни юзага келтиришдан воз кечади ҳамда фойдали ишларни қилишга интилади.
- Закот камбағалларнинг эҳтиёж соҳиби бўлишларидан қутқаради, уларнинг нормал яшашларига замин яратади. Бошкача қилиб айтганда, закот ижтимоий суғурта ҳисобланади.
- Закот бериш билан бойлар ўзларининг бойликларини турли хил бало ва офатлардан сақлайдилар, камбағалларга берган садақалари сабабли мулкларига барака берилади. Зеро, Мухаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Молларингизни закот билан қутқаринглар, хасталарингизни садақалар билан даволанглар, бало тўлқинларини дуо ва тазарру билан қаршиланглар”.
- Закот жамиятни бойларнинг катта миқдордаги бойлик йиғиб камбағалларни булардан маҳрум килишлари натижасида юзага келадиган инқилоб ва муҳолафатлардан саклайди. (закот бойларнинг жуда катта маблағлар йиғиб, камбағалларнинг иқтисодий маҳрум бўлишлари натижасида юзага келадиган тўнтариш каби тартибсизликлардан жамиятни ҳимоя қилади).
- Закот молнинг сабабсиз йиғилиб туришининг олдини олади.
Хулоса қилиб айтганда, закот жамиятда инсонлар томонидан тўпланадиган бойликнинг оқилона тақсимоти орқали муайян ижтимоий-иқтисодий балансни сақлаб туриш имконини беради.
4-курс талабаси
Ҳабибуллаев Сирожиддин