Бугунги кунда ёшлар тарбияси, илмий саводхонлиги, буюк аждодлар меросига муносиб ворис қилиб тарбиялаш уларга соғлом ижтимоий муҳитни яратиш – давлатимиз ва миллатимизнинг эртанги куни, келажагини мустаҳкам пойдеворидир. Бу мақсад йўлида қилиниши лозим ва долзарб бўлган ишлардан – ёшларга муқаддас динимиз таълимотларини асл ҳолатида, омонатдорлик билан етказиш, бу йўлда буюк аждодларимизнинг беназир меҳнати, уларнинг дину-диёнат, илм-фан йўлидаги самарали ижодларидан хабардор қилиш, айниқса, Қуръони карим ва унга доир илмлар борасида олиб борган шарафли фаолиятлари билан таништириш ҳисобланади. Бинобарин, уларнинг тафсир илми, бу илмнинг юртимиздаги ривожига қўшган ҳиссалари беқиёс. Тафсир илмнинг қадри олийлиги, фазилати бошқа илмлардан юксаклиги туфайли ҳам кўплаб олимлар тафсир илми билан шуғулланиб келган, хусусан, юртимиздан ҳам бир қанча муфассир уламолар етишиб чиққан. Иккинчи ҳижрий асрда тафсир илми ҳадисдан ажраб, алоҳида илм бўлгандан сўнг Мовароуннаҳрдан улкан муфассирлар етишиб чиқдилар ва шуҳратлари бутун жаҳонга таралди. Улардан баъзиларини зикр қилиб ўтамиз:
- Имом Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий. Самарқанд яқинидаги Мотурид қишлоғида таваллуд топганлар ва 333 ҳижрий йилда вафот этганлар. У зотнинг аксарият асарлари тавҳид – калом илмида бўлган. Имом Мотуридий ўзларининг “Таъвийлоту аҳлис-сунна” номли тафсирларида илми калом уламолари йўлидан борганлар ва Қуръони карим оятларини ақидада Аҳли сунна ва жамоа мазҳабини қўллаб тафсир қилганлар.
- Имом Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Самарқандий. У зот Имом Ҳодий номи билан машҳур бўлганлар, 373 ҳижрий санада вафот этганлар. Имом Абу Лайс Самарқандий кўплаб китоблар таълиф қилганлар. Тафсир китобларини эса “Баҳрул улум” деб номлаганлар ва бу тафсир “Тафсир бил маъсур” тоифасидандир.
- Имом Жоруллоҳ Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Умар Замахшарий. Имом Хоразмнинг Замахшар қишлоғида 467 ҳижрий санада таваллуд топиб 538 ҳижрийда вафот этганлар ва туғилган юртларида дафн қилинганлар. Имом Замахшарий турли илмларга доир кўплаб китоблар тасниф қилганлар ва энг машҳур муаллифотларидан бири “Кашшоф ан ҳақоиқи ва уюнил ақовили фий вужуҳит-таъвийл” номли тафсир китоби бўлиб, у кўпчиликка “Кашшоф” номи билан машҳурдир.
- Имом Фаҳриддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳусайн Розий 534 ҳижрий санада Рай шаҳрида таваллуд топганлар ва умрларининг кўп қисмини Хоразмда ўтказганлар.
У кишининг “Мафотиҳул ғайб” номли тафсир китоблари илм аҳли ўртасида оятлар орасидаги муносабатларни ва суралар ўртасидаги боғланишларни баён қилиш ва бошқа бир қанча имтиёзлари билан машҳур бўлган. Имом Розий 606 ҳижрий санада вафот этганлар.
- Имом Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий. Бу улуғ имом Насаф шаҳрида таваллуд топганлар. Имом Насафий 701 ҳижрий санада вафот этганлар. Имом Насафий ўзларининг “Мадорикут-танзил” номли тафсир китобларини таълиф қилишда имом Замахшарийнинг “Кашшоф” тафсирларидан истифода қилганлар. Имом Насафийнинг “Мадорикут-танзил” номли бу китоблари ҳозирги кунимизгача уламолар ва толиби илмлар орасида зўр эътибор билан шуҳрат топиб келмоқда ва кўпгина Ислом ўқув юртларида қўлланма сифатида ишлатиб келинмоқда.
Бундан ташқари, Мовароуннаҳрда “Итқон”, “Тафсири Нўмоний”, “Тафсири Тибён”, “Тафсири Мавлоно Чархий” каби маҳаллий тилларда таълиф қилинган кўплаб тафсирлар мавжуд. Улар тожик, ўзбек, татар ва бошқа тилларда ёзилган. Шунингдек, мазкур машҳур муфассирларнинг китоблари ҳозирги вақтда Ўзбекистоннинг кутубхона ва музейларида мавжуддир. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги кутубхонада ҳам бор. Бу китоблардан уламолар ва илм толиблари Ислом ва мусулмонлар хизмати учун бўлаётган илмий баҳсларида истифода қилмоқдалар. Аллоҳ таоло уларнинг барчаларини Ўзи хуш кўрган ва рози бўлган хайрли ишларга муваффақ қилсин.
4-курс талабаси
Аҳмадалиев Сирожиддин