islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ асос солган мазҳаб

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ асос солган мазҳаб саккизинчи аср ўрталарида, унинг ҳаётлик чоғиданоқ тарқала бошлаб, шу асрнинг охирларида узоқ-яқин ўлкалар, жумладан, Мовароуннаҳрга етиб келган эди.

Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг мумтоз шогирдлари­дан бири бўлмиш Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс ал-Кабир ал-Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ (в. 832 й.) биринчи бўлиб, IХ аср бошларида ушбу мазҳаб таълимотининг ҳақиқий ташувчиси сифатида ўз ватанига кайтиб келди. Бухоро шаҳрини ҳанафийликнинг муҳим марказларидан бирига айлантирди. Унинг тарбияси остида бир гуруҳ фақихдар, жумладан, ўз даврида Ҳанафий мазҳабининг шайхи ва салоҳиятли вакили бўлган унинг ўғли Абу Ҳафс Сағир Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳафс[1] юксак даражали фақиҳ мартабасига етганди[2].

Абу Ҳафс Кабирнинг замондоши, ҳадис илмининг буюк имоми Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (в.256 ҳ./870м.) «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» китоби ва «Фиқхул-Бухорий» деб аталган ўзига хос фикхий йўналиши билан ушбу фан ривожига катта ҳисса қўшган эди.

Бухоролик фақиҳлар ўша даврдан бошлаб ҳам усулул-фиқҳ ва ҳам фуруъул-фиқҳ бўйича муҳим ва эътиборга лойиқ асар­лар ёзиб келдилар. Ибн Халдун «Ал-Муқаддима»да таъкидлашича, Абу Зайд Дабусий ушбу мавзуда ёзган китоб энг муҳим асарлардан бири ҳисобланади. Шунингдек, кейинроқ Содруш-шариа Иккинчи Убайдуллоҳ ибн Масъуд ёзган “Танқиҳ ул-усул” номли китоб ва унинг устидан ёзган “ат-Тавзийҳ” номли шарҳи катта эътибор ва илмий аҳамият касб этиб келган.

IХ асрдан бошлаб Ҳанафий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари Марказий Осиёда ўз нуфузини ўтказа бошлади. Хуросонда Ҳанбалий мазҳабининг йирик намоёндаси шайхул-ислом Абдуллоҳ Ансорий (ХI аср) эди.

Шофеъий мазҳабининг атоқли вакили, Ўрта Осиё бўйича шофеъийлар имоми тошкентлик Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил ал-Қаффол аш-Шоший (291—365 ҳ.й.) эди. У ўз даврининг машҳур кишиси фақиҳ, муҳаддис, муфассир, усулий (усулул-фиқҳ буйича олим), адиб ва шоир бўлиб, кўп асарлар ёз­ган. “Усулул-фиқҳ” ва “Шарҳур-рисола” номли асарлари катта шуҳрат қозонган. Ибн Халликоннинг таъкидлашича, ўша даврда Мовароуннаҳр ҳудудида унга тенг келадиган олим ва фақиҳ бўлмаган. Заркалийнинг ёзишича, у фиқҳ, ҳадис, луғат ва адабиёт бўйича ўз даврининг атокли олими ҳисобланган. Олим кўп сафарлардан кейин ўз шаҳри Тошкентга қайтиб келиб, шу ерда ҳаётдан кўз юмган. Унинг қабри Ҳастимом ёнида бўлиб, мухлислар мозорига айланган.

Котиб Чалабийнинг ёзишича, унинг ўғли шайх Қосим ибн Муҳаммад ал-Қаффол аш-Шоший шофеъий мазҳабида энг муҳим, мукаммал ва эътиборли китоблардан бири бўлмиш “Ат-Тақрийб фил-фуруъ” номли асарнинг муаллифи эди[3].

Ўша даврларда шофеъий мазҳаби Хуросон, Туркистон ва Эронда катта эътибор қозонган эди. Хожа Низомулмулк ўзининг “Сиёсатнома” асарида таъкидлашича, Султон Маҳмуд Ғазнавий ҳанафий мазҳабида бўла туриб, ибодатларни шо­феъий мазҳаби қоидаларига асосланиб адо этарди. Салжуқийларнинг машҳур вазирларидан бири Амидул-Мулк Абу-Наср ал-Кундурий ҳанафий мазҳабида шунингдек “Сиёсатнома” китобининг муаллифи Хожа Низомул мулк (1018—1092) шофеъий мазҳабида эдилар[4].

Шунингдек, ушбу даврда мўътазилийлар кенг қамровли ақидавий курашни йўлга солиб, ўз ғояларини тарқатишга уринган  ақидавий усулларига таянган шиялар айниқса Исмоилийлар ва уларнинг турли гуруҳлари (Ботинийлар, Қарматийлар) билан суннийлар орасида кескин кураш авж олган бир пайтда, Абу Мансур Мотуридий ҳанафий мазҳабининг яловбардори сифатида қад кўтариб, ўзининг кўп сонли асарлари, жадал ва мунозаралари билан мўтазила, ботиния ва қарматия қарашлари нотўғри эканлигини исботлаб берди, аҳли сунна вал жамоа, айниқса, ҳанафий мазҳабининг мус­таҳкамланишига катта ёрдам кўрсатди. Халқ у қозонган бун­дай ғалабаси билан табриклаб, Қорахонийлар томонидан ка­лом илмида у яратган йўналиш (Мотуридий ақоид мазҳаби), аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодий асоси, деб эълон қилинди.

 Имом Мотуридийнинг илмий фаолияти ва тинимсиз кураши окибатида мўътазила мазҳабига зарба берилиб, Қарматийлар ва Ботинийлар мағлубиятга учраб, Ботинийлар тоғли Бадахшон (ҳозирда Тожикистон ва Афғонистон) ҳудудларига чекинди.

Бухоро фақиҳдари томонидан усул ва фуруъ бўйича яратилган кенг қамровли асарлар, шунингдек, калом илми (усулуд дин) соҳасида ёзилган бир қатор китоблар (масалан, Нуриддин Собуний асарлари) шундан далолат берадики, ҳанафий фиқҳ мактаби ривожида улар илғор ўринда туриб, Бухорони Мовароуннаҳрнинг атокли фақиҳларининг фаолият мар­казига айлантириб келганлар.

4-курс талабаси
Авазбек Жумабоев

[1] Ҳабиб Аҳмад ал-Кироний “Абу Ҳанифа ва асҳабуҳу”.  Байрут, “Дар ал-фикр ал-арабий”. 2003. Б. 172.

[2] Ҳусниддинов З. “Ислом йўналишлар, мазҳаблар, оқимлар”.  Тошкент, “Ўзбекистон” нашриёти. 2000. Б. 104.

[3] Абдулқодир ибн Абилвафо ал-Қураший. “Ал-Жавоҳир ал-музиъа фий табақот ал-ҳанафиййа”. Таҳқиқ Муҳаммад Абдуллоҳ аш-Шариф.  Байрут, “Дор ал-кутуб ал-илмиййа” нашриёти. 2005. Б. 92.

[4] Ҳусниддинов З. “Ислом йўналишлар, мазҳаблар, оқимлар”.  Тошкент, “Ўзбекистон” нашриёти. 2000. Б. 113.

88900cookie-checkАбу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ асос солган мазҳаб

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: