islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Болалар ёлғон гапирганда нима қилиш керак?

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «…Ёлғончиликдан сақланинглар. Зеро, ёлғончилик фожирликка (гуноҳкорликка), фожирлик эса дўзахга бошлайди. Банда ёлғон гапириш ва ёлғончиликка интилишда давом этаверади, ниҳоят Аллоҳ ҳузурида ёлғончи деб ёзилади», дедилар” (Бухорий, Муслим, Термизий ривояти).

Аввалги мақоламизда болаларнинг ёлғон гапиришига сабаб бўладиган баъзи ҳолатларини кўриб чиққан эдик. Хўш, булар билан қандай курашиш мумкин?

Тарбиянинг ва умуман тақвонинг асоси – ҳалол ризқ эканлиги ҳақида эслатиб ўтиш шартмас, фикримизча буни ҳамма билади ва бунга амал қилишга ҳаракат қилади. Шундай бўлса ҳам, фарзандингиз сизни алдаганини сезсангиз асабийлашишга уни изза қилишга шошилманг. Боланинг нега ёлғон гапирганини тушунишга ҳаракат қилинг.

Болаларга ёлғон гапириб роҳатланмайди, кўп болалар ёлғони фош бўлишдан хавотирланиб юришади. Сизнинг агрессив ёки ўйланмай қилган муносабатингиз болани жуда ёмон аҳволга солиб ўртангиздаги муносабатга ёмон таъсир қилиши мумкин. Сизни ва бизни мақсадимиз, нафақат ёлғонни йўқ қилиш, балки болаларимиз ҳаётидаги ўзгаришлардан хабар топиб, уларни ҳал қилишида ёрдамчи бўлишдир.

Агар фарзандингиз ҳеч қандай мақсадсиз, шунчаки ёлғон гапираётган бўлса, ўзингиз ва бошқа оила аъзоларингизни кузатинг, фарзандингиз кимгадир тақлид қилаётган бўлиши мумкин.(бу 4-5 ёшдан катта болалар учун, 4 ёшдан кичик болалар шунчаки, нутқи, фантазияси ривожланаётган даврда хаёлий дўстлар воқеалар тўқиши мумкин) Биз учун аҳамиятсиз туюлган майда ёлғонларимиз ҳам номаи амалимизга ёзилади, кимларнидир ишончини синдиради, кутаётган одамни эса вақтини зое қилади. Фарзандларимиз орқали бизларни тарбиялайдиган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.

Олдинги мақолада айтиб ўтган иккинчи сабаб – қўрқинч эди, фарзандингиз жазодан қўрқиб ёлғон гапирса, билингки сиз ҳаддан зиёд қаттиқ қўлсиз ёки жазолар адолатсиз берилган. Шуни унутмангки, болаларни аввалдан огоҳлантирилган ишлар учунгина жазолаган маъқул.Тасаввур қилинг сиз ишга кеч қолдингиз, агар сизни аввалдан бу учун жарима борлигини огоҳлантирилмаган ҳолда ойлигингиздан жарима ушлаб қолишса, айбингиз борлигини билсангиз ҳам буни адолатсизлик деб қабул қиласиз. Болаларда ҳам худди шундай туйғу бўлади.

Сизни хурсанд қилиш учун ёки аксинча ҳафсалангизни пир қилмаслик учун ёлғон гапирган фарзандингиздан сиз жуда кўп нарсалар кутган кўринасиз. Ҳар бир боланинг ўзига яраша қобилияти борлигини ва бу қобилият доим ҳам сиз кутган, орзу қилган нарсалар билан мос келмаслигини тушуниб етинг. Биз болаларни бизни орзуйимизда эмас, ўз ҳаётида яшашига қўйиб берайлик, ўзига ёққан ва уддасидан чиққан машғулотлари билан шуғуллансин.

Болаларни мақтанишга, ўзини кўрсатишга ҳаракат қилиши табиий ҳолат, шу мақсадда ёлғон тўқиган фарзандингиз билан мусулмон кишининг қадриятлари ҳақида гаплашиб, ўзингиз ҳам атрофдагилар билан муомалада уларга намуна бўлганингиз маъқул.
Бизга энг қўл келган ва бола ақидасига ҳам тасир қиладиган тарбия усулларидан бири – Аллоҳ уни ҳар жойда ва ҳар вақт кўриб туришини, фаришталар ҳар бир амалларни ёзиб боришини эслатиб туришдир.

Психологларнинг фикрига кўра, ота-онаси уни яхши кўришига қаттиқ ишонган болаларнинг ёлғон гапириши эҳтимоли анча камроқ экан. Албатта, ёлғонни эътиборсиз қолдиришингиз, уни яна такрорланишига сабаб бўлади, баъзида эса ёлғонни сезганингизни болага кўрсатишингизни ўзи етарлича тарбия бўлади.

Шуни унутмангки, фарзандларимиз жисмонан, руҳан, ақлан ривожланиб боряпти, бу даврда улар бизнинг маслаҳатимиз ва қўллаб-қувватлашимизга муҳтож. Буни фақат уларни ишончида бўлган ҳолимизда амалга ошириш мумкин.

Сизнинг фарзандингиз ҳам ёлғон гапирганми? Бунга қандай чора кўргансиз?

Манбаа: http://muslima ona kundaligi

92400cookie-checkБолалар ёлғон гапирганда нима қилиш керак?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: